Хабиб Темиров

Қуёш ботаётган пайт


Скачать книгу

сира ўқиб кўринг.

      – Нимасин ўқийман. Сен шоирлик қилиб гўрга борармидинг, ўзинг бит босган бир чўпон бўлсанг, – дейди аскиянинг аламини ҳалиям ҳазм этолмасдан кали Қилич.

      – Ҳа майли, – дедим. Лекин бўшашмадим. Дафтаримни тўлдирдим. Тўлдириб Суҳробга жўнатдим. Бир куни қарасам, Суҳроббойдан хат келибди. Хатида “Ҳаким ака, бир иложини қиламиз”, дебди. Ёпирай, ҳали ёзганларингни китоб қилиб чиқарамиз, деса-я. Китоб чиқса кулгига қоламан-да. Қилич Заҳҳорнинг кулганидан куйгани кўп бўлади. Лекин… собиқ директоримиз, ҳозирги пайтда фермерлар уюшмаси раиси бўлмиш Нурқобилбой укамиз “Бу, Ҳаким ака, нега қўйларнинг этининг салмоғи йўқ десам, отарни ўз ҳолига ташлаб, шоирчилик қилиб юрган экансиз-да” демасмикан? Демасов? Нурқобил тушунадиган йигит-ку… Дарвоқе, Нурқобилни танисаларинг керак, унинг донғи бир пайтлар Московгача етган эди. Сўроқ чоғи ҳалиги тепакал армани терговчига “Ўзбек халқига туҳмат қилганинг учун бир кунмас бир кун пешонангдан отиласан”, деган йигит ўшада! Ў-ў, у замонлар оғир замонлар эди, ит эгасини танимай қолувди. Ўша терговчиям охир-оқибат ўзини юборган хўжайинларига ҳура бошлади. Дарвоқе, мен сизларга ит феълини обдон ўрганган бир жониворшунос сифатида айтаман, “ит семирса, эгасини қопади”, деган мақолнинг чўпон кучукка, умуман табиатдаги ит, деган ҳайвонга мутлақо алоқаси йўқ. Бу мақол одамларга нисбатан тўқилган. Чалғиб кетдим-а? Нима деётгандим? Нурқобил? Қайси Нурқобил? Ўзимизнинг раис Нурқобил Бўтаевми? Ҳа-а, уни мана, Сухроббойдан сўранглар, болалигидан яхши билади. Тўғрими Суҳроббой? Илтимос, сиз айтиб беринг, қанақа қийналганди бола бечора…

      Қаҳрамонимизнинг илтимосини ерда қолдирмаслик учун Ҳаким чўпон таржимаи ҳоли давомини кейинги бобларга кўчириб, воқеамизнинг яна бир иштирокчиси билан яқинроқ танишамиз. Уни бундан анча йиллар олдин, саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида, бутун республика раҳбарларига қирон келган, амалдорман, деганнинг аксарияти қамалиб, тергов бериб ётган, чиндан ҳам ўта мураккаб вазиятда, руҳан эзилган, қийинчиликларни енголмай тушкунликка тушиб, ваҳимали хаёлларга берилган ҳолатда учратамиз

      4

      Нурқобил бамисоли тушовланган жийрон от сингари ўзини қўйгани жой тополмасди. Уйга кирди, ташқарига чиқди. Ҳовлига сиғмади. Далага интилди. Бийдай биёбон дашт ҳам торлик қилаётгандек бўлди. Оқтов билан Қоратов яқинлашиб келиб, вужудини икки томондан қисаётгандек туюлди. Дунё кўзига тор кўринди. Яна ҳовлига қайтди. Ўғилларини эркалатиб, овунишга уринди. Аммаси Гулсарага руҳсиз сўз қотди. Чой ичган бўлди. Ичига тушмади. Кейин ётоқхонасига кириб, лўққиллаб оғриётган энсасини кафтлари орасига олиб, оёқларини узатди. Бир бошга шунча савдо кўп эмасми, дея оҳ тортди. Кўксини муздек кўрпага бериб ётди. Хона совуқ эди, бунинг устига шиддат билан қоронғилашиб борарди. Кўз олди хиралашди, эти жунжикди. Туриб чироқни ёқди. Мўъжазгина жавондан қўлига илинган бир китобни олди. Жек Лондоннинг ҳикоялар тўплами экан. Ёнбошлаб варақлади. Ўқиёлмади. Дардини кимгадир айтгиси, кимгадир ёрилгиси келди.