нафаси ичига тушди.
– Вой, нега сайланади? Калласини еганми? Ўқиши-чи?
– Салим бужурга ўчакишиб бўлди. Бужур “Ҳамманг барибир менга ялинасан” деганди, Ҳаким акамни ғурури келиб орқаси тутди. “Мен бўламан, армияга кетиб қомасам келгуси йилиям, янаги йилиям боқаман” деди.
Аммаси қўлидаги тоғорани тарақлатиб ерга ташлаб, ўчоқ томонга кетди.
Бир оздан кейин ёмғир шивалай бошлади. Кимникидандир олача палос олиб келиб, қозоннинг устини ёпишга улгуришмай тинди. Атрофга туйилган буғдой, тупроқ, майса, буралиб-буралиб қишлоқ узра сузиб кетаётган кўкиш тутуннинг аралаш ачқимтил, лекин ёқимли ҳиди таралди.
Қозон қайнай бошлагандан кейин хотин-халаж иккига бўлинди. Бир гуруҳи навбат билан ўт ёқади, яна бир гуруҳи қозон бошида пойлоқчилик қилади. Аммаси болакайни сойга, майда қайроқча териб келгани олиб тушди. Бир сават қайроқ теришди. Кейин уни тозалаб ювишди. Қозонга солишди.
Ўйнагани кетмоқчи бўлиб турувдики, бир четда аммаси билан Ҳаким акаси гаплашиб турганига кўзи тушди. Яқинроқ бориб қулоқ сола бошлади.
– Қандайчиқи одамсиз? Ориятингиз борми? Подачи. Тавба. Одамди кулгиси келади.
Ҳаким хўрсинди. Унинг бояги ўктамлигидан асар ҳам қолмаганди.
– Унақа деманг, Гулсара… Подачи ҳам одам.
– Э, қўйинг-а! Гапирманг энди менга. Мен сизди ўқишга кирасиз, кейин… бирга ўқиймиз деб юрсам… Шоир бўлармиш бу одам…
– Гулсара, тушунсангиз-чи. Ахир мен бутунлай ўқимайман деётганим йўқ-ку. Сизам… хоҳласангиз фермага ишга киринг. Кейин бир иложини қилиб сиртдан ўқийверамиз.
– Ўзингиз-чи, ўзингиз? Чўпон бўлмоқчи экансиз, совхоздан отар олсангиз бўлмасмиди? Қишлоқди подачилигига қолдими кунингиз. Орият бўлиши керак одамда. Хўпми?
– Энди мен гапирай, сиз хўп денг. Худди шу орият учун олдим подачиликни. Қачонгача Салим бужурнинг сўкинишини эшитиб юрамиз. Ўзимни ниятимам аслида совхоздан отар олиш эди. Ҳа, бир ҳисоби бўлар-да.
Индамай қолишди. Болакай боя аммам энди Ҳаким акам билан гаплашмай қўяди, деб қўрққанди. Лекин индамаганига қараганда… Хайрият.
Болакай ўзида йўқ шод эди: Ҳаким ака Сарагулни урмайди. Ажратиб ташлаб кетмайди.
Хурсандлигидан ирғишлаб, бекинмачоқ ўйнаётган болаларга қўшилиб кетди. Сумалак ҳам эсидан чиқди. Ярим тунгача бекинмачоқ ўйнаб, ҳориб, чарчаб аммаси билан уйга келди. Овқат ҳам емай ухлаб қолди. Қизиқ, лекин бироз ваҳимали туш кўрди. Ҳаким акаси оппоқ отда подани ҳайдаб қирга чиқиб кетаётган эмиш. Отнинг ҳам, сигирларнинг ҳам қаноти бор эмиш. Улар бир-бирларини қувлашиб учиб боришаётган эмиш. Болакай ва аммаси уларга қараб қўл силкитармиш.
Тиниқиб, хурсанд бўлиб уйғонди. Эрталаб бувиси дастурхонга бир коса хушбўй, ширин сумалак қўйди.
Кейин… кейин… афсуски, ўша оқшомги қувончи узоққа чўзилмади. Орадан икки ой ўтар-ўтмас, аммаси шаҳарга ўқишга кетди, икки йилча ҳамшираликка ўқиди, кейин бир йигит билан яхши кўришиб, Хоразмга келин бўлиб узатилиб кетди. Ҳаким қақшаб қолди.
Бу болакай – Нурқобил эди. У Ҳаким довдир ҳаётининг