чўпонларга юксак унвонлар ваъда қилинарди. Хулласи калом, Ҳаким довдирнинг отаридан тежалган дорини тегишли одамлар орқали мўмайгина “сув қилиш” мумкин. Лекин Кўсанинг ўйланишига ҳам бир сабаб бор эдики, у довдир чиндан ҳам доридан воз кечаяптими ёки мени синамоқчи бўлаяптими, дея иккиланаётганди.
Йўқ, довдир кўсани синаётган эмасди. У бундан беш-олти йил илгариги бир воқеани шу топда яна кўз олдига келтириб турарди.
…Ўшанда, кузда унинг отарида ҳам қўйларга меъёридан анча ошириб дори юборилди.
– Ҳаким ака, сиз ҳам бир рекорд қўйинг! – деди ёш молдўхтир сунъий қочиришни тамомлагандан кейин. – Герой бўлсангиз бизниям унутмассиз.
Довдир ҳам кўп қатори хом сут эмган эмасми, ўша гапдан кейин хаёл суриб кетди. Баҳор.. Қўзилар қўрага сиғмайди. Ўташевми, бошқами – қайсидир раҳбар унинг кўксига Қаҳрамонлик нишонини қадамоқда… “Ҳар юзидан уч юз! Офарин, яйлов шунқори! Тасанно, чўл баҳодири! Яшасин, тоғ бургути! Замонамиз қаҳрамонига шон-шарафлар бўлсин!..”
Қаҳратон қиш довдирнинг устидан қаҳ-қаҳ уриб кулди, ширин хаёлларини тизза бўйи қор остига кўмиб ташлади. Совлиқларнинг ярмига яқини ўпкасини совуққа олдириб қўйди. Ердан қор кетиб, моллар оғзи кўкатга етганда, бирин-кетин тўп-тўп тушиб ўлаверди. Шундаям довдир саросимага тушмади. Бақувват совлиқлар уч–тўрттадан қўзиласа, ўрни қопланиб кетади, ҳар ҳолда планни икки юз эллик эмас, юз эллик қилиб бажараман-ку, деб ўзига тасалли берди.
Аммо у янглишганди. Қўзилатиш бошланган дастлабки кунларданоқ дарди-дунёси қоронғи бўлиб кетди. Совлиқларнинг аҳволига қараш даҳшат эди. Бу манзарага инсон дош бериши қийин. Кечагина қорни мешдай бўлиб, дадил ўтлаб юрган қўй тўлғоғи тута бошлагандан кейин шундай ночор, шундай аянчли аҳволга тушардики, довдир бечора унга қўшилиб кучанар, юм-юм йиғларди. Биринчи қўзиси сал-пал қўзига ўхшар, оёғида туролмаса ҳам жони, сумбати бор эди. Бечора она оғриқ азобини енгиб, боласини ялаб-юлқай бошлади. Кейин иккинчи қўзи туғилди. Йўқ, бу қўзи эмас, мушукми, итми, билиб бўлмасди. Эҳ, она, она қўй! Она қўй вужудидан ажралган шу чала ўлик, мушуксимон мавжудотни ҳам меҳр билан ялашга тушди. Кейин учинчиси… Энди она қўйнинг ялаш тугул, бурилишга ҳоли қолмади… Кейин тўртинчиси… Бешинчи “қўзи” – қорамтир гўшт ва жун парчаси ерга тушди-ю, бечора она қўй таппа тушиб жон берди – унинг бели чўрт узилиб кетганди.
Икки-уч кун давомида қўра атрофи ўлимтикка тўлиб кетди. Қузғунлар шодон чарх уришар, яйлов узра чидаб бўлмас бир ҳид тараларди…
Довдир қўзилатиш ҳисоб-китобидан камомад билан чиқди. Мукофотга олган қўйлари ҳам, машина олиш илинжида йиғиб юрган тўрт-беш минг сўм пули ҳам, қизининг сепига аталган зеби зийнатлар ҳам етмади. Қарз кўтарди. Ишқилиб, бир амаллаб қутулди. Чўпонликни қўйишга қатъий аҳд қилиб, директорнинг олдига ариза кўтариб кирди.
– Ҳа, Ҳакимбой, бўлмадими? – деди Музроб Туробов ачиниш оҳангида.
– Бой деманг-э, ака, бой бўлмай кетай, мен ахмоқ. Худо урмаса, бошқа касб қуриб кетгандек чўпонликка ҳавас қиламанми?
Директор уни қайтариб ташлади:
– Кўзингнинг