кўчириб бер. Юқорида, Катта коризнинг бўйида раҳматлик Тенглаш аканинг қўтони бўшаб ётибди. Ўшанинг у ер бу ерини тузатиб оламан, хўп десанг.
– Сувли дарагаям яқин,– деди Нурқобил.
– Ҳа, зўр боғлари бор.
Довдир бу боғларни болалигида бир-икки марта ичкарисидан кўрган. Тоғдан эшакда ўтин кесиб келаётган чоғларида эса узоқдан, аниқроғи баландда туриб кўп томоша қилган. Ўшанда бутун олам унга бепоён олмазору ёнғоқзорлардан иборат бўлиб туюлганди. Бу боғларнинг таърифига тил ожиз эди. Нафсиламбири, довдирни Сувлидара сари этагига кўчишга ундаган ҳис ҳам шу боғларга яқинроқ бўлиш таманноси эди.
Кориз бўйига ўрнашганидан кейин ёзда бир куни атайлаб икки қир ошиб ўша дарага тушди. Бамайлихотир сайр қиламан, деб ўйлади.
Анвойи ҳидлар. Капалакларнинг кўплигини айтинг. Минг хил капалак. Бир хилини маҳаллий аҳоли “гўбалак”, дер экан. Қиззиғ-а? Ниначи, асалари беҳисоб. Бир тараф ўрикзор, бир тараф олмазор, яккам-дуккам жийда ҳам бор. Ў-ў, унинг гуллаган пайтдаги таратадиган ҳиди-и… одамни тентак қилади, куйикка келган қўчқордай тўрт томонга чопасан, не қиларингни, ўзингни қайга урарингни билмасдан. Энг чеккада, даранинг энг ичкарисида ёнғоқзорлар. Пастда тиниқ Фангатсой оқиб ётибди. Табиатнинг ишлари қизиқ-да.
Тоғлар орасида, хилват дарада шундай боғлар бино қилган. Ҳаётбоши этакларининг катта қисми энди қўриқхона бўлди. Қоялардан сакровчи олқорлар, беҳишт қушлари – булбуллару каклик ва беданалар ҳам энди бироз жон сақлашар. Бўлмаса, Соибназар овчи битта қўймай ҳаммасини тутиб Жўшнинг бозорига тушириб пуллаб юборади.
Ширин хаёллар оғушида гаштли сайрни бошлаб улгурмаёқ ортидан чопар–кичик ёрдамчиси Очил чўлиқ мотоциклини тириллатиб, ҳаллослаб қувиб келди:
– Отаримизга ҳурматли ўртоқ Ўташев ташриф буюрдилар. Тез етиб борайкансиз.
Очилбойнинг меҳмонга нисбатан “ўртоқ”, бунинг устига “ҳурматли”, деган сифату ҳислатларни қўшиб гапиришининг боиси – Ўташевлар иккита. Каттаси – Шоқувват оға, туманда нуфузли раҳбар, бундан ташқари бутун вилоятда устакорлиги билан ному обрў қозонган каслардан. Кичиги Бойқувватда эса бир грамм ҳам обрўй қолмаган, ҳаммасини ароққа қўшиб ичворган. Аммо… пиёниста бўлишига қарамасдан хўжаликнинг катта бир бўлимини бошқаради. “Султон суягини хўрламас”, деганлар ахир.
Сувлидара боғларини сайр этиш ва айниқса ов қилишни хуш кўрувчи катта Ўташев кейинги пайтлар шу тарафга жуда серқатнов бўлиб қолди. Бир ўзи келса ҳам майли, баъзида вилоят раҳбари Тўхтабоевни ҳам олиб келади.
Олқор гўштидан кабоб, паловга босилган каклику беданалар вилоят маъмуриятининг раҳбари Тўхтабоевга ҳам хуш ёққан шекилли. Аввалги директор Музроб Туробов бу боғларни мамлакат миқёсидаги дам олиш гўшасига айлантираман, деб кўп югурди, бўлмади. Маҳаллий катталар ўзлари учун ҳордиқу завқ маскани бўлмиш бу сўлим жойларни “қиз”лигича сақлаш мақсадида бу уринишларни чиппака чиқаришди. Энди янги директор Нурқобил югуряпти. Натижа чиқиши