Хабиб Темиров

Қуёш ботаётган пайт


Скачать книгу

қолган эди. Кейинроқ уни “Ватан” номли мўъжазгина транзистор орқали Ватан ёғийлари бўлмиш “Озодлик”, “Би Би Си”, “Америка овози” сингари радиостанциялар эшиттирувларини тинглайди”, деган айб билан роса обориб–опкелишганини эшитганмиз. Ўшандами ё сўнгроқми, ўчирилганми ё ўзи чиқиб кетганми, ишқилиб анча вақтлардан сўнг бояги юксак рутбаю шарафдан мосуво бўлганидан хабар топдик. Тафсилотларига қизиқмадикки, бу пайтларга келиб иштирокиюнчиликнинг у қадар катта аҳамияти бўлмай қолган, партиядан ғайри каслар ҳам одам қаторида ҳисоблана бошлаганди. Бироқ бошида, Ҳакимбой ака большавойлиги жонибидан Худога ишонмаслиги лозимлигини тушунарди. Бинобарин, ичида “Э, Худо!”, дердию овоз чиқарганда, “Ё, Тангри-табиат!” деб хитоб қиларди. Нима қилсин, шундай замонлар бўлдики, номоз ўқиш нари турсин, Худонинг номини тилга олиш жиноят ҳисобланди. Шунинг учун аксар партиядошлар сингари дилида бир хил, тилида бошқача гапиришга мажбур эди. Илло, бунинг учун уни айблашга ҳеч бир кас журъат этмасди. Фақат бир гал совхоз фирқаларининг котиби Усмон Шамсиев ботинқирамай илтимос қилди.

      – Ҳаким ака, шу… Тангри сўзини ишлатмасликнинг иложи йўқми? Фақат “табиат” десангиз-чи, сизга барибир эмасми?

      – Ўв, Усмон ака, лекин жуда қитиқ патимга тегдингиз-да. Ахир, мен айтаётган Тангри сўзининг арши аълодаги Парвардигор эгамга умуман алоқаси йўқ (ичида илоё ўзинг кечир, деб қўйди). Мен айтаётган Тангри – бу ҳаётни, инсонни яратган, аниқроғи маймунга ақл-идрок бағишлаб, онгли меҳнат қилишга ўргатган табиат. Табиатга сиғиниш, унга меҳр қўйиш менинг фирқачилик эътиқодимга тўсқинлик қилмайди, энди кўнглингиз жойига тушгандир. Нафсиламбирини айтсак, Ҳаким оғамиз барибир ҳам бир қадар соддалигига борармиди, Нурқобилдай энг яқин, дилтортар суҳбатдошлар билан муораза этганда: “Худонинг борлигини рад этишини ҳисобга олмаса, коммунистларнинг мафкураси анчайин адолатли экан, камбағалга қайишаркан-да ҳарқалай”, деб қўярди. Мавриди келганда қўшимча қиларди: “агар Худо бир, расули барҳақ”, деб турганда компартияга ўла-ўлгунча хизмат қилар эдим, Яратганнинг ўзи адаштирганми, ё синаганми, ишқилиб улар шу масалада хато қилишган экан-да…”

      Шифохонада шифо истаб музтар ётган Ҳаким довдири тушмагур ана шунақа одам эди. Ҳазиломуз бўлса-да, аслан жиддий ва мустақил фикрлар, таниқли шоирнинг машҳур сатрларини фаромуш этибми ё атайми, сал ўзгартириб: “Менинг бу дунёда ўз айтар додим ва ўзим танлаган эътиқодим бор”, дея хиргойи қилиб юрарди. Ичида йиғласа ҳам ташига чиқармас, кулиб тураверарди. Ҳозир ҳам оғриқни енгиш, жилла қурса, сал-пал эсидан чиқариш учун умрининг ҳаловатли, гаштли лаҳзаларини ўйлаб кетди. У жони қаттиқ, иродали, айтганини қилмаса қўймайдиган одам. Оғриқни чекинтирди. Хаёлида болалиги, ўйинқароқлик дамлари айланди.

      8

      Дарвоқе, Ҳаким довдир нима учун довдир лақабига эга бўлиб қолди? Ҳакимлигининг боиси – отаси, Чашмизиракнинг биринчи ўқитувчиси Ўнғалбой Каримов Алпомишдек паҳлавон бўлармикан деган умидда исмини қўйган бўлса