яна бошқа жойлариям терлаб кетишини билгани учун бу балойи азимдан тезроқ қутулиш чорасини кўрганди. Ҳаким бўлса, кетар жафоси қилиб яна битта ташламоқчи бўлди-ю, лекин шайтонга ҳай берди.
Тақдирнинг ўзи Ҳакимнинг мушкулини осон қилди. Тирикчилик важидан у қишлоқ подасини боқди. Кейин совхоздан бир қўра қўй олди-ю, кимсасиз яйловга чиқиб кетди. Даралар қўйнида у ҳеч кимни масхара қила олмас, кимсанинг кўнглини ранжитолмас, қўйларга ҳарчанд қалтис гапирма, ноўрин ҳазил қилма барибир эди. Онадан сўксанг ва ҳатто урсанг ҳам индашмайди. Қўй ўз номи билан қўй-да! Мўлтираб қараб тураверади. Лекин Ҳаким умри бино бўлиб, бирорта қўйни уриш, сўкиш нари турсин, “сен”сираган эмас. Билъакс, ҳазилкашмасми, совлиқларга китобларда ўқигани каби “хоним афандим”, қўчқорларга “Дагар Қўчқорович”, деб мурожаат этарди. Сурувнинг йўлбошчиси сариқ серкани эса кайфияти яхши пайтлар “ўртоқ Раҳбар”, деб чақирар, нимагадир чалғиб, хатога йўл қўйиб жаҳлини чиқарса, “Эҳ сан коззёл, қанақа раҳбарсан, халқингни тўғри йўлга бошламайсанми, бу аҳволда ҳаммасини очдан ўлдирасан-ку”, дея койирди. Бу одатнинг бир жиҳати ҳазил бўлса, иккинчи тарафи Ҳакимнинг эврилишлар исканжасида ингранаётган замонага қаратилган жиддий истеҳзоси эди шекилли. Аҳён-аҳёнда қишлоққа тушиб, аҳолининг дўконларда мол-маҳсулот танқислашиб кетгани боис сичқонлар ҳасса суяниб юргани ҳақидаги норози муноқашаларига қўшилмас, тўй-маъракада қатнашадиган бўлса, аламини овқатдан оларди. Зеро оғиз банд бўлгач, ортиқча гапга ўрин йўқ, деб ўйларди. Хуллас, бир қарасанг, сўзамол, ҳеч кимга гал бермайдиган, гап келса отасини ҳам аямайдиган Ҳаким чечан, бир қарасанг, оғзига сув солиб сукутга чўмиб қоладиган Ҳаким соқов эди бизнинг қаҳрамон. Довдир, деган тахаллусни олишига сабаб бўлган жиҳатларнинг бири ҳам шу эди шекилли.
Боя таржимаи ҳолида ўзи айтиб ўтганидек болалигидан китобни кўп ўқиди. Аксариятини такрор-такрор хатм этди ва зеҳни ўткирлиги боис деярли ёдлаб олди. Алпомишу Гўрўғли саргузаштларини кўзини юмиб айтиб бериши, Навоийнинг ўнлаб ғазалларини ёддан ўқиши мумкин. Бундан ташқари у Оврупо романларини, фалсафа, сиёсий иқтисод тарихига оид рисолаларни ҳам хуш кўриб мутолаа қиларди.
Шу аснода у ўзини гоҳ қасоскор Граф Монте Кристо, гоҳ муҳаббат қурбони Жюльен Соррель, гоҳ жанговар Робин Гуд, гоҳ даштлар қироли Чингачгук, гоҳида шавкатли рицар Дон Кихот деб ҳис қилар, шиддатли хаёллар қанотида парвоз этар, аммо айланиб-айланиб яна севимли “Алпомиш”га қайтиб келарди.
Ҳакимбекдир асли бизнинг отимиз,
Ўзбек элдан бўлар насли зотимиз…
деган мисраларни даштлар узра баралла янгратиб, қирчанғи саманини Бойчибор, Ғирот, Росинант сингари тасаввур этиб, севимли Барчини ҳақида ширин ўйлар, орзулар сурарди. Барчин бўлмиш қиз эса… Эҳ, айтишга тил бормайди, тил бормайди… Яхшиси, бу ҳақда кейинроқ, муфассалроқ тўхталамиз. Шундай қилиб, Ҳаким довдир чўпон бўлиб қолди. Яйловда юра-юра анча босилди. Фақат соддалиги, довдирлиги қолмади-қолмади. Тўғри, ҳозир ҳам баъзан билиб-билмай қалтис ҳазил