Хабиб Темиров

Қуёш ботаётган пайт


Скачать книгу

Ўқитувчилик ҳам, албатта, яхши касб. Аммо-лекин у бечорани ҳамма ҳам ҳурмат қилавермайди. Ўн йил қон бўлиб ўқитган шогирди баъзан кўчада саломни насия қилиб ўтиб кетади. Ҳолбуки…

      Отаси узоқ, лекин тушунарли ва ёқимли қилиб гапирди. Хулласи калом, дунёда шифокорлик деган улуғ ва хокисор бир ҳунар бор. Бу касбнинг улуғворлиги, муҳтарамлиги ҳақида жуда кўп мисоллар келтириш мумкин…

      – Ахир мен ўликдан қўрқаман–ку!

      Отаси тасалли берди. Юпатди. Қизиқтирди.

      – Келинг, ўғлим, ўйлашиб кўрайлик. Ахир, сиз фалсафага мойиллиги бор кишисиз. Ўлик нима ўзи? Жонсиз вужуд. Ундан қўрқиш керак эмас. Бу ҳақда домлаларингиз ҳали кўп гапиришади, тушунтиришади. Ўрганиб кетасиз, ўғлим. Инсон ўрганмайдиган, кўникмайдиган ҳолат бўлган эмас ва бўлиши мумкин ҳам эмас…

      Тошбўри ўз феълидаги файласуфлик отасидан ўтганлигини ўшанда биринчи марта ҳис қилди. Ҳис қилди ва отасининг маслаҳатига кўнди.

      Тошбўри институтни битиргач, тоғаси Шоқувват Ўташев (у туманнинг кўзга кўринган одамларидан) жиянини Чашмизирак қишлоқ касалхонасига бош врач қилиб қўймоқчи бўлди. Лекин Тошбўри кўнмади. Нима керак бирдан бош врачлик. Бирон йил ишласин, тажриба орттирсин, кейин майли. Муҳими, амалий ишни чуқур ўрганиш керак. Кейин институтга қайтиб, илмий иш қилади. Ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинган…

      Телефон жиринглади. Тавба, тоғу чўллар қўйнидаги гадойтопмас қишлоғу, лекин телефондан қуруқ қолмаган. Яна автомат телефон. Номер териш керак. “Ду-ут, ду-у-ут” қилади. Шаҳарникидан кўра овози бўғиқроқ, йўғонроқ, дағалроқ.

      Тошбўрибой иш бошлаган кезларда Чашмизиракка ҳали мобил телефон етиб келмаган, сирасини айтадиган бўлсак, пойтахти азимнинг ўзида ҳам эндигина урф бўлаётганди. Акс ҳолда бу эррайим йигит уни биринчилар қатори чўнтагига солиб юрган бўларди албатта. Баҳарнав кеча эшитдики, тегишли идораларнинг рухсати ила тоғ қишлоғининг касалхонасига суньий йўлдош орқали ишловчи замонавий симсиз алоқа воситаси ўрнатса мумкин экан. Эртаданоқ шунинг ҳаракатига тушишни дилига тугди. Ҳозирча эса…

      Тошбўри телефон трубкасига хушламайроқ қўл чўзди. Бугун якшанба бўлса. Касалхонага боришга сира хоҳиши йўқ. Бу қишлоқ деганида одамлар дам олиш куни деган гаплар билан ҳам ҳисоблашишмайди.

      – Милтиқбоевман!

      Қўнғироқ қилган киши навбатчи ҳамшира экан. Қизиқ аёл шу Гулсара хола. Ёши бир жойга борган, тажрибаси ҳам анча-мунча. Лекин доим шошиб, ҳовлиқиб юради. Ҳозир ҳам нафаси бўғзига тиқилгудек бўлиб гапираяпти. Касалхонага оғир касал олиб келишганини бир амаллаб тушунтирди.

      – Яхши, яхши! – деди Милтиқбоев энсаси қотиб. Бу унинг “ҳозир бораман” дегани эди. Аммо ҳамшира ҳовлиқма эмасми, тушунмай бақирди. “Нима яхши. Бу ерда одам ўляпти, ука, нимаси яхши бунинг?”

      – Ҳозир етиб бораман деяпман, тушунмаган одам! – жаҳли чиқди Тошбўрининг. Дам олаётган кишини чақиришади-ю, яна муомала, илтимос ўрнига дўқ-пўписа. Қизиқ одамлар. Бордию, мен уйда бўлмасам, нима қилишарди. Айтайлик, айлангани чиқиб кетганимда. Бу худо урган қишлоқнинг айланадиган