Хабиб Темиров

Қасос ва муҳаббат


Скачать книгу

қолмасин. Онамнинг ҳам ягона армони – шу. Опамнинг тўйини кўриш. Тўй бўлади. Баҳодир билан жиддий гаплашдим-ку. Агар у ҳам менга ўхшаб номардлик қиладиган бўлса, ўлдираман. Мен-чи, мени Миртожибой ўлдирмайдими? Қўли калталик қилади. Онам билан опамни олиб келсам, кейин Амалиянинг оиласи билан яқинлашсак, бизга ҳеч кимнинг кучи етмайди. Аслида-ку олдин опамнинг тўйини ўтказиб, уларни бу ёққа жўнатиб юборгач, қилишим керак эди анови ишни, бўлмади. Қўшоқ кал шоширди. Майли. Ҳаётда ҳамма иш айтганингдай бўлавермас экан. Ҳар қалай…

      Ўша куни бир хаёли: “Онангни тўйга олиб борма, Миртожининг одамлари аччиқ устида бирон зиён етказиб қўймасин”, дея огоҳлантирганди. Нозим ўз билганча иш тутди. Тўйга онаси билан опасини олиб борди. “Ҳар нима бўлганда ҳам Миртожи онамни танийди, ундан қизи борлигини билгач, ғазабини жиловлай олади”, деб ўйлади у. Баҳодирга эса зудлик билан тўй тадоригини кўришини буюради.

      – Бир ҳафта ичида тўй қилиб, тушириб олиб кетасан. Бирон ҳафта қишлоқда турасизлар-да, кейин “чилла-пилла” деб ўтирмасдан, дарҳол йўлга отланасизлар. Тушунарлими?

      – Тушунарли, – деди Баҳодир. У Нозимнинг гапини икки қилиш мумкин эмаслигини биларди… Чунки унинг Россиядан тезда излаб топилиши ва қулоғидан ип ўтказиб, қайтариб олиб келишида Миртожи ўйлаганидай, унинг гумаштаси Қўшоқбойнинг саъй-ҳаракатлари эмас, Нозимнинг Самарадаги ошналари кўрган “чора-тадбирлари” сабаб бўлганди.

      – Нозимнинг гапини сўзсиз бажарасан, акс ҳолда ўзингни мурда деб ҳисоблайвер, – деганди уни чақириб суҳбатлашган йигитлардан бири…

      Шу тобда Нозим ҳув ўша пайпоқфуруш аёлга эргашиб, Самарага келиб янглишмаганини, бу ерда улар ёрдамида ҳали кўп ишлар қилиши мумкинлигини ўйлаб, ўзича ғурурланиб қўйди. Кейин ўйладики, агар Амалияга уйланса, қўли яна ҳам узун бўлади… Онаси ёлғиз ўғлимни ўрисга уйлантираманми, деб албатта тихирлик қилиши мумкин. Ҳечқиси йўқ. Ўзи ҳам шу ерга келгач, бу ернинг қонун-қоидаларига ўрганиб, кўникиб кетади. Дарвоқе… Онаси ҳали Баҳодирга қўшилиб, бу ёққа келишни истамаса-чи? Йўқ. Келади. Қизини ёлғиз юборолмайди-ку. Бунинг устига Нозим ҳам шу ерда. Онасини қишлоқда ушлаб турадиган нима бор?

      Нозим ётиб, куни билан дам олиб, эртасига тўппа-тўғри Амалияларникига отланди. Отасининг олдига кириб, бор гапни айтаман. “Қизингизни яхши кўраман. Унинг ҳам менда кўнгли бор. Маъқул десангиз, мени ўзингизга куёв қилиб олинг, ишончингизни оқлашга сўз бераман”, дейишни дилига тугиб қўйди.

      “МЕНИ КЕЧИР, ОНА ҚИЗИМ!..”

      Миртожибойнинг қалбида иккита қарама-қарши туйғу аёвсиз курашга киришди. Биринчиси, шубҳасиз Нозимга нисбатан чексиз ғазаб ва нафрат, ундан беаёв қасос олиш истаги. Бу масалада ҳеч қандай иккиланиш бўлиши мумкин эмас. Нозимнинг энди… яшашга, тирик юришга ҳаққи йўқ. Кеча Қўшоқбой топиб келган охирги гап шундай хулоса чиқаришга тўла асос беради.

      – У ифлоснинг… Россияда қайлиғи бор экан, – деди Қўшоқ.

      – Ким айтди, қаерда экан, – деб сўради ғазаб билан Миртожи.

      – Ўзининг…