Уткир Хошимов

Тушда кечган умрлар


Скачать книгу

Сен кимсан ўзи?

      – Дима! – деди Гриша бурнини тортиб. – Вокзалда юк ортсам ҳам майли. Обкет, Дима, обкет! Бўлмаса, ўзимни ўлдираман! Барибир ўлдираман!

      …Поездда икки суткадан ортиқ юришган бўлса, илондек заҳар янгаси Гриша билан бир оғиз гаплашмади. Акаси ҳам хомуш эди. Гриша бегона юртда ўзларини нималар кутаётганини тасаввур қиларди. Ака-укани ёввойи тоғлар орасига юборишади. Ҳар бир қоя орқасида биттадан босмачи милтиқ ўқталиб туради… Гриша ўзи ўлса ўладики, акасини ҳимоя қилади. Сўнгги томчи қони қолгунча. Заҳар-заққум янгаси билиб қўйсин: Гриша акаси қилган яхшиликларни унутадиганлар-дан эмас!

      Тошкент вокзалига келиб тушишса, ҳаммаёқ осойишта. Одамларнинг чеҳраси очиқ… Биронта «босмачи» рўпарасидан чиқиб, «Сен кимсан, нега келдинг?» – демади…

      Диманинг бахти бор экан. Олис қишлоққа юборишмади. Қоқ марказда – Тошкентнинг ўзида қолди. Тағин горисполкомга зампред қилиб «сайлашди». Қаранг, Гришани ҳам «камёбмутахассис» сифатида дарров ишга олишди. Уй бериш-ди…

      Гриша аввалига эҳтиёт бўлиб юрди. Кейин ўзини тамом эркин ҳис этди. Кўча кезадиган, бозор айланадиган бўлди. Смоленск билан солиштирганда бу ер ҳақиқий жаннат эканини тушунди: «Тошкент – нон шаҳри», деганлари рост экан! Ҳар қадамда нон! Ҳар қадамда мевачева! Магазинларда узун «дум»ли навбат йўқ…

      Бора-бора ўзини хўжайиндек ҳис эта бошлади. Смоленскда бир кило узум – йигирма беш сўм. Бу ерда икки сўм! У ёқда қовуннинг килоси – ўн сўм. Бу ерда – эллик тийин. Нега шунақа? Ўйлай-ўйлай бир ҳақиқатга тушуниб етди: бу юртнинг одамлари қаллоб. Чайқовчилар мевасини Смоленскка обориб ўн бараварига пуллайди! Ана сизга текин даромад!

      …Бугун ўғлини уйлантирган анави чол ўқитувчиман, деди-ми? Ўқитувчи эмиш! Оддий педагог бунақа тўй қилолмайди. Демак, бу ҳам қаллоб! Қаранг, пора бермоқчи бўлди-я!

      …У стол устидаги соатга қараб қўйди. Иккидан ошибди.

      Эриниб ўрнидан турди. «Ухлаш керак». Чироқни ўчираётганида хаёлига ғалати фикр келди: «Нимайкин, анави қопчиқдаги? Нима қипти очиб кўрса, биров бир нима дермиди? Яхшиси, милицияга олиб боради. Ашёвий далил сифатида».

      Иккиланиб бориб, эшикни очди. Йўлак нимқоронғи, ҳеч зот кўринмас, қопчиқ остонада қийшайиб ётарди. Гриша ўғирлик қилаётган одамдек олазарак бўлиб, қопчиқни юлқиб олди-да, шоша-пиша эшикни ёпди. Қопчиқни очса, ичида бир шиша «Столичний» арақ, пишган гўшт бўлаклари, тўртта нон, беш-олтита олма-анор чиқди.

      – Яхши! – деди у ўзига-ўзи пичирлаб. – Арағингни ичаман. Анорингни ейман… Кейин милицияга шикоят ёзаман. Менга пора таклиф қилди, дейман!

      …Гриша шикоят аризасини ёзиб бўлганида тонг отиб қолган, мияси ғум эди. Аризани ич чўнтагига солиб, зинадан тушаётганда чайқалиб кетди.

      «Минг лаънат! – деб ўйлади ўзини сўкиб. – Арақни охиригача ичиш шартмиди?»

      Пастга тушса, аксига олиб йўлак рўпарасидаги харракда Клава хола ўтирган экан. Гриша уни ёқтирмас эди. Ўлгудек эзма кампир!

      – Салом, Клавдия Сергеевна! – деди қаддини ғоз тутишга уриниб.

      Клава хола энсаси қотиб, юзини ўгирди.

      – Кеча қанақа «қаҳрамонлик» кўрсатганингни биласанми?