ташлади ва калаванинг учидан маҳкам ушлаб олди-да, жон аччиғида қармоқни тортқилаётган ўрта миёна тунецнинг залворини ҳис қилган ҳолда, уни йиғиштира бошлади. Чилвир қўлида борган сари кучлироқ юлқинарди. У ўлжани қайиққа чиқариб олиб, бортдан ошириб ташламасиданоқ, балиқнинг зангори сирти ва олтинсимон жилва қилган биқинларини кўрди.
Миқтидан келган, худди қуйиб қўйилган ўқдек тунец қайиқнинг кунгай саҳнида ётар ва маънисиз катта кўзларини ола-кула қилиб, сип-силлиқ, серҳаракат қуйруғини жон ҳолатда биланглата-биланглата ҳаёт билан видолашарди. Раҳми келиб кетган чол унинг бошига уриб ўлдирди ва ҳали жони тамом чиқиб улгурмаган балиқни катнинг тагига, сояга оёғи билан итқитиб юборди.
– Албакоре, – деди у овоз чиқариб, – ундан ажойиб хўрак чиқади. Ўзиям ўлдим деганда, ўн қадоқдан кам эмас.
Чол қачондан бошлаб ўз-ўзи билан овоз чиқариб сўзлашадиган бўлиб қолганини энди эслолмас эди. Авваллари танҳо қолганда, у хиргойи қиларди. Катта елканли кемаларда сузиб, вахтада турган ё тошбақа овига борган кезлари гоҳо-гоҳо у кечалари ҳам қўшиқ айтарди. Эҳтимол, бола ундан кетгандан кейин, ёлғиз ўзи қолгач, ўзи билан ўзи гаплаша бошлагандир. Ҳозир буни эслай олмайди. Аммо бола билан бирга ов қилган маҳалларида ҳам, бунга зарурат туғилган чоғдагина гаплашар эдилар. Гаплашганда ҳам кўпинча кечалари ёки бузуқ об-ҳаво туфайли мажбуран бўш қолганларидагина гаплашар эдилар. Денгизда ҳуда-беҳудага гапиравермаслик одат тусига кирган. Нурли-нурсиз гапларни чолнинг ўзи ҳам ёқтирмас ва шу одатни ҳурмат қиларди. Мана энди бўлса, у, ўз ўйларини жуда кўп марта овоз чиқариб такрорлар, нафсиламрга бунинг бировга айил ботадиган ўрни ҳам қолмаган эди.
– Агар ўзим билан ўзим гаплашаётганимни биттаяримта эшитиб қолганда, у мени жинни-пиннига чиқариб қўярди, – деди чол. – Аммо мен эсдан оғмаган эканман, кимнинг бу билан қанчалик иши бор? Давлатмандларнинг хўп ҳам ошиғи олчи-да: қайиқларида радиолари бор, уларга ҳар турли воқеаларни сўзлаб беради, бейсбол янгиликларини эшиттириб туради.
«Ҳозир бейсбол ҳақида ўйлашнинг вақти эмас, – деди чол ўзига. – Энди фақат бир нарса устида бош қотириш керак. Гап менинг нима учун туғилганим устида боради. Эҳтимол, қаердадир, мана бу тунец галалари билан ёнма-ён бўлиб менинг улкан балиғим ҳам дайдиётгандир. Ахир, мен бор-йўғи биргина албакоре ушладим, у ҳам тўдасидан айрилиб қолгани. Улар бўлса соҳилдан анча йироқда ов қилишади, яна жуда ҳам тез сузишларини айтмайсизми. Бугун денгизда нима учраётган бўлса, ҳаммаси ҳам жуда тез сузиб, шимоли шарққа қараб боряпти. Ёки куннинг мана шу пайтида доимо шундай бўлармикин? Балки, бу ҳавонинг ўзгаришидандир ва мен унинг белгисини билмасман».
Кўм-кўк соҳил сатҳи чолга аллақачон кўринмай қолган эди; узоқда бу ердан худди қор билан қоплангандек оппоқ бўлиб кўринувчи зангори тепаликларнинг бошларигина кўзга ташланар эди. Уларнинг устида турган булутлар ҳам юксак қорли тоғларга ўхшаб кўринарди. Денгиз қоп-қора тусга кириб, қуёш нурлари сувда сўна бошлади. Энди планктоннинг сон-саноқсиз жилвалари