ол, е, еявер!»
У енгил, сергак силтов сезди, сал ўтмай бу кучлироқ бўлиб такрорланди – битта-яримта сардинни қармоқдан юлиб олиш мушкулроқ бўлаётгани кўриниб турарди. Кейин жимжит бўлиб қолди.
– Бўла қолсанг-чи, – деди чол овоз чиқариб, – яна бир бурилиб кел. Ҳидини қара, ҳидини. Қандай ажойиб-а, тўғри эмасми? Тўйиб-тўйиб еб ол! Кейин қарабсанки, тунецни тотиб кўриш гали келади! Ахир у шундай ҳам сўлқиллаган, муздаккина, бир ширинки, қўяверасан. Қисиниб-қимтиниб ўтирма, балиқ. Егин, ол, есанг-чи, ўтинаман сендан.
У, бош ва кўрсаткич бармоқлари билан калавани тутиб, балиқнинг жойдан-жойга сузиб ўтиш эҳтимоли борлигидан бир пайтнинг ўзида бошқа чилвирлардан ҳам кўз узмай кутарди. Бирдан у яна қармоқ ипининг енгил, билинар-билинмас тортқиланганини пайқади.
– Чўқийди, – деди чол овоз чиқариб. – Чўқийди, худоё дард кўрмагур!
Аммо у чўқигани йўқ. Кетиб қолди. Чилвир ҳам қимир этмасди.
– Унинг бутунлай кетиши мумкин эмас, – деди чол. – Худо шоҳид, унинг кетиши мумкин эмас. У бор-йўғи қайрилиб келяпти. Эҳтимол, у бирон марта қармоққа тушиб чиққан ва бу ҳали хаёлидан кўтарилмагандир.
Шунда у яна қармоқ ипининг оҳиста тортқиланганини сезди ва дили таскин топди.
– Айтмовдимми, у фақат қайрилиб келяпти деб… – деди чол. – Мана энди чўқийди!
У балиқнинг ҳуркиб-ҳуркиб чилвир тортқилашидан ўзини қўярга жой топмасди. Тўсиндан, чол қандайдир, фавқулодда бир зилу замбил оғирлик сезди. Сезди-ю, чилвирни бўшатиб, эҳтиётдаги калавалардан бирини чуватганча, унинг борган сари қуйи, қуйи, қуйига тушиб бориши учун имкон берди. Чилвир бармоқлардан осонгина сирғалиб чиқиб пастга кетиб борар, уни ушлар-ушламас тутиб турганига қарамасдан, чол ўрамни ямлаб кетаётган ғоят зўр оғирликни ҳис қилиб турарди.
– Асти қандай бало балиқ бўлди ўзи! – деди у овоз чиқариб – Қармоқни ямлаб олиб, энди узоқроққа жуфтакни урмоқчи.
«У барибир орқасига қайрилади, қармоқни ҳам ютиб юборади», – деб ўйлади чол. Бироқ бир кори ҳол бўлиб ўтирмасин, деб чўчиди шекилли, овоз чиқармади. Чол бу балиқнинг қанчалик тотли эканини билар, хаёлан унинг лунжида кўндаланг тиқилган тунец билан қоронғида борган сари узоқроққа кетаётганини кўз ўнгига келтирарди. Қандайдир бир муддат ичида ҳаракат тўхтади, аммо чол ҳали ҳам балиқ вазнини ҳис қилиб турарди. Кейин тортиш авжга чиқди, чол яна ўрамни бўшатди. У бир нафас чилвирни тўхтатиб кўрди, тортим бирдан кучайиб кетди ва ўрам тиккасига пастга юлқинди.
– Чўқиди, – деди чол. – Энди бир бурнидан чиққунча тўйиб еб олсин-чи.
У чилвирни ўз ҳолига қўйиб берди-да, чап қўли билан икки эҳтиёт калаванинг бўш учини, бошқа қармоқнинг икки эҳтиёт калавасига улади. Шу билан ҳаммаси тахт бўлди. Ҳозир қўлидагидан ташқари, унда яна ҳар бирининг узунлиги қирқ саржиндан келадиган учта эҳтиёт шарт калава ипи ҳам бор эди.
– Яна пича есанг-чи, – деди у. – Еявер, уялма. «Шундай егинки, токи қармоқ илгаги нақ юрагингга бориб етсину, тил тортқизмай гумдон қилсин сени, – деб ўйлади у. –