Рахима Шомансурова

Келин бўлиш сирлари


Скачать книгу

аёл секин орқага қаради. Қиз ҳамон жойида қотиб турарди…

      У ҳали жуда ниҳол эди… Унинг жойида қотиб қолгани, ниҳоллиги дилимга умид бериб, беихтиёр унинг олдига қайтиб, қулоғига аста шивирлагим келди. Уни сиз ҳам эшитинг:

      Оҳ, қизгинам-а! Мана ҳаётдаги биринчи зарбани ҳам олдингиз… Илоҳим бу охиргиси бўлсин. Бу асосан ўзингизга боғлиқ.

      Сиз ҳозир шундай ёшдасизки, ҳамма нарсага тез бериласиз. Ҳозир кийимингиз туфайли жуда оғир гапни эшитдингиз. Эҳтимол, бу кийимни сиз кўркўрона дугоналарингизга эргашиб кийгандирсиз. Шунинг учун берилган баҳо ҳам умумий бўлди. Ҳозир шундай ёшдасизки, кўзгу қаршисида узоқ-узоқ туриб қоласиз. Хонада ҳеч ким бўлмаган пайтларда унга умидвор тикилиб, гоҳ ўнгга буриласиз, гоҳ чапга… Қани энди кўзгуга жон кирса-ю ўз тили билан сизга баҳо бериб деса: «Нақадар гўзалсан! Нақадар чиройлисан!» Буни кўзгудан эшитмасангиз ҳам, кўча-кўйда ортингиздан қараб қолганларини сезасиз. Бу гапни ҳеч ким тили билан айтмаган бўлса ҳам, кўзларидаги чўғни сезиб турасиз. Бу сизга қувват беради, одимингиз шўхроқ, кулгингиз жилғалар оҳангини олади. Кишилар ичида шоиртабиати кўп бўлади. Шулар тилидан бирдамас-бирда бу сифатни очиқ-ошкор эшитганингизда ҳам ҳавойиланиб кетманг.

      Яратган чиройда кам қилмаган айрим тенгдошларингизнинг ўринли-ўринсиз ўз ҳуснини кўз-кўз қилиши, боягидака ҳаёсиз кийиниб, ахлоқини ҳам шунга мослашга ҳаракат қилиши, ўзингиз шоҳиди бўлгандек, атрофдаги кишиларнинг ғашини келтиради. Шундай қилсам гўзал ва замонавий кўринаман, деб гул юзингизни ерга қаратадиган иш қилманг. Ҳар бир аёл-қиз ўзича чиройлилигига, лекин ҳар бир аёл-қиз боридан кўра чиройлироқ кўринишга уринишига ўзингиз ҳам кўп ўтмай ишонч ҳосил қиласиз. Қизларни кўпинча гулга қиёс қилишади. Ҳар бир гулнинг эса ўз таровати бўлишини унутманг, қизим.

      Лекин сиз ҳамон кўзгу олдидан кетмаяпсиз. Бунинг боиси балки кийган кийимингизнинг ўзингизга ярашган ёки ярашмаганини билмоқчидирсиз? Энди катта қиз бўлиб қолдингиз. Кўзгуга тикилишдан мақсад фақат қадду қомат, қошу кўз, қўлу оёқни кўриш эмаслигини сиз энди яхши биласиз. Кийинишда ҳам ўз жозибангиз, ўз йўлингиз, ўз усулингизни кашф қиладиган даврга келганингизни ҳис қилаяпсиз. Кийинишда ҳам «йўл», «услуб» бўлиши сизни бироз чўчитаяптими?

      Оддийроқ қилиб айта қолайлик. Қайси кийимларда ўзингизни эркин ҳис қилаяпсиз? Қайси либосларингизда юрганингизда, юқорида айтганимиздек, орқангиздан сездириб-сездирмай яхши, яъни кексалар меҳр билан, бояги аёлларга ўхшаганлар келин қилиш ҳаваси билан, йигитлар мафтункор, тенгдошларингиз ҳам ўрганиш, ҳам ҳавас билан қараб қолишаётганини сезаяпсиз? Кийимларингизга ҳамма вақт ҳам маъқул қарашаётганини сезаётган бўлсангиз улар буюрсин! Ўйнаб-ўйнаб кияверинг! Демак, сиз ўз «йўл» ва «услуб»ингизни топиб олибсиз ёки тўғри йўлдасиз.

      Айрим қизларга ўхшаб, бошламасида билиб-билмай мода кетидан кўр-кўрона қувиб кетиш яхшимас. Мода осмондан тушмайди. Модага эргашилмайди, негаки мода ҳар даврнинг ички зарурий талабига кўра кашф қилинади. Баъзи пайтлар эски киноларни кўрганда ёки бувингизнинг ёшликдаги суратларини