Сиз фарзандларингизга кўнглингизни, уларнинг ёшига мос муаммоларингизни очсангиз, улар ҳам сизга очиладилар.
* Болаларга нисбатан тақиқловчи бўлманг. «Уни қилма, буни қилма!» дейиш ўрнига «Буни қил, бундай қил!» деб тавсия бериш ўринлидир.
* Таклифларингиз кўп бўлсин, токи, фарзанд улар орасидан ўзига маъқулини танлай олсин.
* Таклиф этган дастурларингизда, иложи борича, ўзингиз ҳам қатнашинг. Бора олмаган тадбирларингиз ҳақида улардан эшитинг. Таассуротларини тез-тез эшитиб турсангиз, улар учун мос ва қизиқларли бўлган дастурларни таклиф этишингиз мумкин.
* Шошқалоқлик қилманг. Дарахт мевага кириши учун йиллар керак бўлади. Таълим-тарбия дарахтининг мевасини кўриш учун янада узоқроқ вақт кутишга тўғри келади. Бунда бирданига эмас, секин-аста, кўниктириб тарбия берилади.
* Эътиборсиз қолдирилган оқилона тавсияларингизни меҳр билан такрорлашдан эринманг… Баъзи яхши хулқларини тарбиялаш учун биргаликда такрорланг.
* Уларнинг ноўрин хатти-ҳаракатларини сабр ва севги билан бартараф этишга ҳаракат қилинг.
* Болангиз қизиққан соҳаларга қизиқинг… Уларга ёқадиган соҳалардан сўз очинг. Фарзандларга маъқул бўлган машғулотлардан уларни маҳрум қилиш хатарли йўлни ихтиёр этиш демакдир.
Улар билан, биргаликда айтайлик, севимли мультфильмларни томоша қилинг. Танқидий фикрларингизни билдиринг. Шу тариқа кўрган, томоша қилган, эшитган нарсаларини таҳлил қилишни ўргатасиз. Айниқса, оилавий фильмлар сифатида тақдим этилаётган маҳсулотлардан эҳтиёт бўлинг. Жуда кўп душман ғоялар айнан шу йўл билан мия ва қалбларга жойлаштирилмоқда. Чунки бугунги кунда заҳарни ҳам олтин идишларда тақдим этаётирлар…
Эътиқодимиз, маданиятимизга зид бўлган баъзи ҳолатларни кўрсата-кўрсата кўнгилларни кўниктираяптилар. Кўзлардан кўнгилларга киришга уринаяптилар. Кўз, кўрганига кўникади.
Ҳатто ёмон эканини уқтириш учун доимий тарзда кўрсатилган ножўя ҳолатлар ҳам вақти билан одатдаги ҳол деб баҳоланади. Баъзи ота-оналар «Кўрсин, ёмонлигини, зарарини тушунсин» деб нотўғри йўл тутадилар. Чунки тасвир зеҳнларни забт этади.
* Болаларингизнинг ҳаракатларини чегаралаб қўйманг. Ҳаракатда – баракат. Қўйинг, ҳаракат қилсин. Ҳаракатларини тўхтатиш ёки чеклаш ўрнига тўғри йўналтириш ҳақида ўйланг.
* Ота ёки она эканингизни пеш қилиб, «Айтганим – айтган!» деманг. Бу сизни болангиздан узоқлаштиради. Ота ёки она бўлсангиз, болангиз қандай ёшда бўлса ҳам, уни одам ўрнида кўринг, суҳбатлашинг, кенгашинг, тингланг. Ҳозирда «Мен отаман, мен онаман, нима десам тўғри, тортишиб ўтирмайман, айтдимми, бас!» каби гап-сўзлар ибтидоийликдир.
Фарзандлар ҳатто, ота-оналарининг зуғумларини ҳам кўтаришни истамайдилар. Сиртдан таслим бўлгандек кўринсалар-да, кўнгилларида исён бўронлари увиллайди. Жамиятда рағбат кўрган баъзи ҳолатлар сизга мақбул келмаса-да, қатъий қаршилик кўрсатманг. Маданиятимизга мос бўлмаган жиҳатларини таҳрир қилинг, тўлдиринг, бойитинг!