этилади: «Она – оиланинг қуёши. Қайси оилада она бўлмаса, у ерда улғайган фарзандлар сояда қолган мевалардай бўладилар».
Ота-онанинг вазияти, мавқеи, фарзандга муносабати қандай бўлишидан қатъи назар эътиқодимизга кўра, фарзандларнинг уларга исён ва азият қилишга асло ҳақлари йўқ.
Ота-она боласидан имконидан ортиқ фидойилик тиламайди. Ҳатто, қила оладиганингизни ҳам камайтиришни истайди. «Қийналиб қолма», «Ўзингни уринтирма», «Ортиқча харажат қилма» каби жумлаларни тез-тез такрорлайди.
Сиз уларнинг истаганларидан ташвишланиб, сўлғин юзларига боқар экансиз, улар сўрайдилар: «Аҳволинг қандай?»
– Яхшиман, – дейсиз. – Худога шукр.
– Йўқ, чарчаганга ўхшайсан, нима гап?
Кекса ва хаста бу инсон ўрнидан тура олмайдиган даражада ҳорғин бўлса-да, ҳамон она, ҳамон отадир.
Уларга кераги – эшитадиган иккита қулоқ. Қалб қулоғи билан, меҳр-шафқат билан тинглайдиган дўст топдиларми, ҳеч қандай дорига эҳтиёж сезмайдилар.
Баъзилар ота-она вафотидан сўнг қаттиқ қайғурадилар, пушаймон бўладилар.
Бир дўстим отаси билан ҳеч чиқиша олмасди. Отаси уни ёқтирмаслигини, ўзига ҳам отасининг табиати ёқмаслигини айтарди. Отаси вафот этгач, жаноза ўқиётганларида уни «ёқтирмайдиган» ўғли қулоғимга пичирлади: «Кўп йиғлаш таҳоратимни бузадими?» Унга қарадим: отаси учун тўкилаётган кўз ёшлар юзларини ювар эди. Агар бу кўз ёшларни отаси кўрганида қанчалар қувонган, нуридийдасини бағрига босган бўларди…
Эй ёронлар, умримдан
Кечди дея йиғларман.
Кетди ақлим ўрниндан,
Шошди дея йиғларман.
Махтумқули дер марда:
Дунё – кишан, тан – парда,
Бир бошим сонсиз дарда
Тушди дея йиғларман.
Шу ўринда бир воқеа эсимга тушди. Адабиётшунос олимлардан бирини кўргани бордик. Жуда хурсанд эди. Самимий суҳбат қурдик. Бир пайт мезбоннинг қўл телефони жиринглаб қолди. Сўзлашув асносида устознинг чеҳраси ўзгарди. Овози титраб, сўзлашувчи билан хайрлашди. Биз ҳам ташвишга тушдик. Устоз дардли оҳангда: «Онажоним дунёдан ўтибдилар… Ҳар доим олисда бўлдим, фарзандлик бурчимни адо этолмадим. Кўришишни, бирга бўлишишни, меҳр кўрсатишни доим кейинга сурдим. Аммо кейинги кунлар ҳам тўла келди», деди.
Кейин биздан: «Ота-онаси ҳаёт бўлганлар борми?» деб сўради. Биз… «Ҳа», деб жавоб бергач, шундай маслаҳат берди: «Болаларим, уларнинг қадрларини билинг. Қўлингиздан келган хизматни қилинг. Ҳурматларини жойига қўйинг. Чунки эрталарнинг нима олиб келиши маълум эмас. Энди менинг «Кошки онажоним тирик бўлсайдилар!» дейишимдан нима наф?!»
Ўйинчоқ она
Боласини энагалар қўлида улғайтирган она бир куни сайрга чиқди. Ўйинчоқлар сотиладиган дўконга кирганида сотувчи қизга: «Болам уйда кунини менсиз ўтказади. Унга шундай ўйинчоқ берингки, менинг йўқлигимни сездирмасин», деди.
Сотувчи қиз бошини чайқаб жавоб қайтарди:
«Тушундим, хоним, аммо бизда ўйинчоқ чақалоқ