ухлаб бўлди-ю, жим ўтиравериб димиқиб кетдим ахир.
– Ишни пачавасини чиқарсанг, Бобурхондан балога қоламиз. Шу кеча ишни битириб, келишилган пулни олиб, Россияга жуфтакни ростлашимиз керак. Биласан, бизга пул керак. Кейин қидириб ҳам топишолмайди бизни.
– Рост айтасан, аммо ҳеч тушунолмадим, Бобурхонга шу келин-куёвнинг ўлими нега керак бўлиб қолдийкин? Ё қасди бормикан-а?
– Билмадим. Билишни ҳам хоҳламайман. Менга пулини тўласа, бас… Балки ёқтирган қизидир ёки куёв болада ростдан ҳам қасди бордир, Худо билади.
– Мен эшитдимки, Наманганда тўполон бўляпти-ку, ўшатдаги Бўтамией дегани Марғилонда шундай бир иш қилгинки, эшитган одам борки, этлари жимирлаб, тили айланмай, қалт-қалт титрайдиган бўлиб қолсин, деб топшириқ берганмиш.
– Ўзларича Наманганда, ундан сўнг Ўзбекистонда халифалик давлатини қураман, деб лоф ураётганлардан бирими? – деб сўради шериги қизишиб.
– Ҳа-да, ўшалардан бири.
Ундайлардан ҳар не ёмонликни кутса бўлади. Лекин Ўзбекистон бундай давлат бўлмайди.
– Сен қаердан биласан?
– Биламан-да, қамоқдалигимда эшитганман.
Шу маҳал кимдир девор ортидан юриб, ҳовли томон ўтиб кетди. Икки шарпа жим бўлиб қолишди.
Аллақачон тунги соат уч бўлиб қолаёзганди. Ҳовлига ўтган одам қайтиб, оёқ овозлари тамомила тингач, шарпалардан бири деди:
– Энди девор ошамиз. Қани, кетдик!.
Эртаси куни тўй бўлиб ўтган хонадондагилар одатдагидан бироз кечроқ уйғонишди. Ҳовли юзасида куёвкелинни нонуштасига ул-бул пиширишга чоғланган иккиуч аёл демаса, барча уйқуда эди. Негадир, аёллар ўзаро паст овозда гаплашишар, куёв-келинни уйғотиб юбормаслик, уйғонган бўлсалар, безовта қилмаслик пайида эдилар.
Кундуз ўн бўлганида келин-куёв учун аталган нонушта тап-тайёр бўлди. Аммо гўшангалик уй ичидан овоз тугул бирор бир сас эшитилмас эди.
Бир соат кутишгач, ҳовли юзасидаги нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам безовта бўла бошлашди. Ниҳоят, уй эгаси томонидан келин-куёвдан хабар олиш учун янгалардан бирини ичкарига киришига рухсат берилди.
Ёши қирқлар чамасидаги аёл уй ичкарисига кириб кетгач, беш дақиқалар ўтар-ўтмас «Вой-дод!» деган қаттиқ қичқириқ эшитилди ва аёл уй ичидан бир ҳолатда югургилаб чиқиб, айвонда ўзини таппа ташлаб, ҳушидан кетиб қолди. Нима воқеа юз берганига тушунолмаётган уй эгалари ҳушидан кетган аёлни ўзига келтириш билан овора бўлиб турганида, куёвнинг отаси югурганча уй ичкарисига кирди.
Кечагина жиҳозланган уй ичи димиқиб кетган, недир ёқимсиз ҳид уй ичидан таралаётганди. Шаҳарда Эргаш таксист деб ном қозонган уй эгаси остонадан ўтибоқ, оёғи билан шилимшиқ бир нарсани босиб олганини сезди ва ним қоронғи хонада энгашиб пастга қарагандики, қизил, аммо қуюқ, қотиб қолаёзган қонни кўрди. Димоғига ўткир ёқимсиз ҳид гуп этиб урилди. Не воқеа бўлганига ақли етмай турган Эргаш таксист олдинга қадам ташлади ва ёпиқ гўшангганинг бир томонини аста кўтариб, ичкарига мўралади. Не кўз билан кўрсинки, куёв билан келин худди ухлаётандек ётишибди-ю,