нотаниш одамнинг лаб қимирлатишидан нима демоқчи эканини тушунди шекилли, қўйиб юборилган кафтидаги пулни ўз чўнтагига аста солар экан: «Нега керак?» дегандек саволомуз қаради.
– Толик менинг ўртоғим, билдингми? – деб жавоб берганидан сўнг эса ўғри бола бошини хиёл чайқаб, «юр» дегандек имлади ва олдинда чаққон бозор оралаб кетди.
Бозордан чиқишиб, тор кўчага киришди. Юз метрлар юрганларидан сўнг, ланг очиқ темир дарвоза ёнида ўспирин тўхтади ва ҳовлини имлаб кўрсатди. Раҳмонали ўғри боланинг елкасига аста кафти билан қоқиб, миннатдорлик билдириб қўйди.
Ҳовли тўрисидаги сўрида уч-тўрт киши ўтиришибди. Раҳмонали ўша томон дадил кириб бораверди. Чоғроқ сўрида ўтирганларнинг бири «детдом»даги ўртоғи Толиб эди. Аввалига ким экан бу келаётган, деб саволомуз тикилиб турганлар орасидан бирдан Толиб сапчиб ўрнидан турди ва: «Рома!» деб қийқирворди. Қолганлар ҳам ўринларидан туришди. Толиб оёқ кийимини ҳам киймай, пайпоқчан намиққан ерга ирғиб тушди ва қучоқларини ёзиб Раҳмонали томон юрди.
– Рома, бормисан оғайни? Қайси шамоллар учирди?
– Сенинг шамолинг, Толик, сени шамолинг! Фарғонани соғиндим ахир!.. – Икки ўртоқ қучоқлашиб кўришди. Қолганлар бир сафга тизилишди.
– Оғайнилар, бу – ўртоғим Рома, яъни Раҳмонали. Мен сизларга кўп гапирганман-у, ўша йигит!.. Вей сеней, қаерларда эдинг, қани ўтир. Болалар, дарров, а, ул-бул топиштиринглар? Бундақанги кун ҳар куни ҳам бўлавермайди ахир!.. Энг қадрдон оғайним келди-я!..
Эрталабки учрашув пивохўрликдан бошланиб, кечки пайт «Фарғона» ресторанида тугади.
Ярим тунда Толибнинг дабдабали квартирасига кириб боришди. Иккиси ҳам ширакайф эди. «Фарғона» ресторанидаги ўтиришда қизу йигитлар, бир сўз билан айтганда, Толиб томонидан 90-йиллар бошида «Фарғонанинг жиноят олами гуллари» билан серҳашам базми-жамшид уюштирилган эди.
Эрталаб Раҳмонали Толиб билан «Чимён» чойхонасига чой ичгани боришди. Раҳмоналининг мақсади битта: Толибдан шу бугунги вазиятни тўлиқ билиб олиш ва у орқали Наманганга йўл очишдан иборат эди. Эрталабки нонушта устида Раҳмонали гап мавзусини аста Наманган томонга бурди.
– Сен Москвада юриб, эшитмагандирсанам, Наманганда Талаб, Бўта деганлари чиқиб, роса алғов-далғов қилишяпти. Эсингда бўлса, асли наманганлик Учқун дегани борийди «детдом»имизда. Ҳозир у Бўтанинг ёнида юрибди. Наманганда киссавурларни бошлиғийди-ю, ўша Учқун… – Раҳмонали Учқун деганини эслай олмаса-да, «Ҳа, ҳа» деб бош ирғаб тураверди. – Яна биттаси бор, унисини танимайсан, «детдом»га кейин келган, оти Назир жинни, биздан ёш. Хуллас, Учқун билан Назир жинни Наманганда. Биз… – Толиб шундай деб, овозини хиёл паслади. – Оз-моз маблағ жўнатдик. Ким билади, охири нима бўлади. Эшитишимча, Талаб деганининг нияти катта. Тошкентдаги жойни эгаллаш!.. Учқун шундақа, деди. Бўта Талабнинг энг ишонган одами эмиш. Ҳозирча Фарғона, Наманган, Андижондагилар Бўтага салом бериб туришибди. Шунақа ишлар, оғайни…
– Оз-моз деганинг қанча? Пулни