икки ҳамтовоқнинг суҳбати узилиб қолди. Машиналар кетма-кет қўшни Қирғизистоннинг Олабуқа районини Ўзбекистон билан чегарадош қисмига яқинлашиб қолишганди.
Кун ҳали ботмаган, уфқда қуёш қип-қизил гардиш ҳосил қилиб, оловли шар мисоли жуда узоқлардаги тоғлар ортига эниш арафасида эди. Ана, Қирғизистон билан Ўзбекистон чегараси фақат битта йўл ола-була узун ёғоч билан тўсилган. Ёғочнинг учига ип боғланган. Унинг учи эса йўғон қозиққа ўралган. «Шлагбаум» ёнверида ҳеч ким йўқ. Бир тўп шўх-шодон қишлоқ болалари Қирғизистон тарафдан қўй-молларини йўл ёқалаб Ўзбекистон томон ҳайдаб келишмоқда эди.
– Анавиларни тезроқ ўтказиб юбор, йўл бўйида бундай ҳолатда кўринишмасин! – деб буюрди Бўта машинадан тушиб, қўшни юрт тарафдаги асфалът йўлга узоқроқ тикилиб тургач, яна қўшиб қўйди: – Ишқилиб, қоронғи тушмай, меҳмон тезроқ келсин-да…
Учқун билан Назир, Бўтанинг буйруғини қулоқ қоқмай бажаришга тутинишди.
– Ҳей, болалар, қани, тезроқ бўлларинг! – дейишганча, олдинда Учқун, ортида Назир, ҳеч гапдан бехабар мол, қўйларини ҳайдаб келаётган болаларга пешвоз чиқа бошлашди. Ана ўша кезда Бўтанинг бир имоси билан «Волга» ҳайдовчиси машинанинг юкхонасини очиб, у ердан автоматни олди ва дарров, Бўтанинг қўлига тутқазди. Бўта автоматни авайлаб қўлига оларкан, чаққонлик билан елкасига илди. Сўнг ҳайдовчисига бир қараган эди, унутган нарсаси ёдига тушди чоғи, зумда машина юкхонаси томон бориб, ўқлар қатор жойланган садоқни элтиб берди. Бўта садоқни бўйнидан ўтказиб осиб олди. У айни кўриниши билан кинолардаги босмачиларга ўхшади-қолди.
Молларини ҳайдаб, жуда яқинлашиб қолган болалар Бўтаннинг елкасида ўқлари қатор садоқнию автоматни кўргач, шартта ўзларини далага уришди. Ва, ҳаял ўтмай, зумда кўздан ғойиб бўлишди. Мол-қўйлар эса Учқун билан Назирга қолди.
– Тезроқ ҳайдаларинг, ҳозир меҳмон келиб қолади! – деб буюрди Бўта.
Кун уфқда баркашдек, қизариб ботиб борарди. Раҳмоналини қўшни давлат орқали ўтиб келадиган меҳмоннинг кимлиги қизиқтираётганди. Ахир, замон нотинч, меҳмон шунчаки сайр қилиб, ош-нон еб кетиш учун келмаётгандир. Унинг қандай режалари бор экан?
Раҳмонали уфққа қаради ва: «Эртага ҳам кун иссиқ бўларкан», дея кўнглидан кечирди. Раҳмонали ўсмирлигида кўплардан эшитган ушбу гапни шунчаки беихтиёр кўнглидан кечирган эди.
Узоқдан – ўнқир-чўнқир, чанг йўлдан «Волга» кўринди. Ҳамма ҳушёр тортди. Мол-қўйлар аллақачон узоқлашган, йўл тинчиган эди.
Бўта чаққонлик билан «шлагбаум» остидан ўтиб, меҳмонларга пешвоз чиқди. Аввал машинадан бошига қирғизча қалпоқ кийган норғул йигит тушди ва Бўтани кўриб, бир зум анграйди ва ортига энгашиб, машина ичидагиларга нимадир деди. Бўта эса ҳеч нарса бўлмагандек қад кериб, шахдам қадамлар билан тик бораверди. Ниҳоят, машинанинг орқа эшиги очилиб, ориқ, новча, чўққи соқол, чамаси эллик ёшлардаги қорача бир киши тушди. Унинг юзида озроқ қўрқув аломати ҳам йўқ эмасди. Раҳмонали тезлаб бориб, Бўтанинг шундоқ ортида тек қотди.
Меҳмон юришини билмай, бир қирғиз йигитга,