бор, – деб қолди. Раҳмонали ўзини бепарволикка солиб, асли ич-ичидан қизиқиши қайнаб-тошиб турган бўлса-да, шошмай пиёлага кўк чойни қуйиб, аста бориб, бир қўлида сал тоби чиқиб қолган пиёладаги чойни тутганча, Талаб ва меҳмоннинг ортида жимгина тик тураверди.
– … Ҳафта охирига ғалаён бошланади, – дерди гапини салмоқлаб Талаб, меҳмонга қарата. – Йигитларимиз тайёр. Унча-мунча қуролларимиз ҳам бор, сиз кетмай туринг. Ўзингиз ҳам қатнашасиз.
– Мени иштирок этишим қандоқ бўларкин? Тўстўполонда тағин…
– Сиз ташвиш қилманг. Раҳмонали исмли ишончли йигитимизни бириктириб қўямиз. Сиз фақат кузатиб турасиз, холос. У ёғини бизга қўйиб берасиз. Ҳамма сини ўз кўзингиз билан кўришингиз лозим, – Талаб шундай деб ногоҳ ортига ўгирилди ва Раҳмоналига кўзи тушди. Негадир ногоҳ сирдан огоҳ бўлиб қолганиданми ёки ҳақиқатдан ҳам Раҳмоналини кутмаганмиди, афти бир тиришди-ю, аммо юзи ёришди. Бир қадам ёнбошга ташлаб, Раҳмоналига йўл берди. Раҳмонали пиёладаги чойни меҳмонга тавозе билан узатди.
Раҳмонали кечаси ухлай олмади. Наманганда юз бериши мумкин бўлган сирли ғалаён тўғрисида дарҳол Тошкентга хабар берган бўлса-да, қаерда, қандай ғалаён юз беришини аниқ билолмай қолгани унга алам қилаётганди. Лекин, на илож? Чамаси юз бериши мумкин бўлган хунрезлик, ғалаёндан яккаш Тоҳиру Бўта ва албатта арабистонлик хабардор. Яна кимлар биларкин? Мана шуниси жумбоқ эди.
Эртаси куни меҳмонни шаҳар бозорига олиб кириб, сайр қилдириш маросими бўлиб ўтди. Раҳмонали меҳмондан бир қадам ҳам ортда қолгани йўқ. Фақат унинг оғзига қараб юрди, бирон керакли гап чиқиб қолармикин, деб. Аммо, афсус…
Шаҳар бозори одатдагидек ўта гавжум эди. Ўзбекистоннинг мевалари айни ғарқ пишган маҳал.
– Хўп ажойиб юртимиз борда, ука, – деб қолди бир пайт меҳмон, лапанглаб бозор оралаб юраркан, Раҳмоналига қарата. – Сизларда хўп арзончиликда…
Бу гапни эшитган Раҳмонали меҳмонга икки қошини юқорига кўтариб, ажабсиниб қаради ва ўзича ўйлади: «Бу хумпар ҳозирданоқ бу юртни ўзиники қилиб оляптими? Ажаб? Талаб унинг кўнглини роса тўқлаб қўйган шекилли…»
Раҳмонали ноилож илжайди.
– Жуда тўғри айтасиз, ҳожи ака. Сизларда-чи? – Атайин ўсмоқчилади у.
– У ёқдами? Бир пиёла тоза сувдан нефть арзон. Бу ерда тоза сувлар шариллаб оқиб ётибди. Ёшлигимизда раҳматли ота-онамиз: «Юртимизда ариқларда сув оқади. Мевалар дарахтларда ғарқ пишади. Ўз қўлинг билан узиб олиб ейсан» дейишса, бизга Жаннатни таърифлашяпти, деб ўйларканмиз. Аллоҳга шукр, мана, келиб кўрдим. Асли Жаннат Ўзбекистонда экан. Насиб қилса, шу ота юртимда бир ҳовли-уй олмоқчиман. Талабжон уйлантириб ҳам қўймоқчи… – Ёрилиб қолди меҳмон.
Раҳмонали кулгидан ўзини аранг тийиб қолди. Нима деб валдираяпти бу гўрсўхта ўзи. Туя ҳаммомни орзу қилгандек Ўзбекистонда муқим яшаб қолишни режалаяпти шекилли. Чучварани хом санаяпти, деб ўйлади-ю, бироқ билдирмади. Илжайганча маъқуллаб, бош ирғаб юраверди ёнида.
Меҳмоннинг оғзидан суви келиб, ҳали олмага, ҳали узум растасига чопади, ҳар