Хусанбой Каримов

Бўрилар изидан


Скачать книгу

пастроқ бўлсаям, тўла, миқти, отаси полвон ўтгани учунми, полвонкелбат. Аммо, калла бўм-бўш! – Шундай деб, Учқун хохолаб кулди.

      Раҳмоналининг эса Бўта исмли ўша калласи бўмбўшни кўргиси, билгиси келар, қизиқиши ортиб бораётганди.

      Аммо кеч тушиб бораётганига қарамасдан, мақтови ошириб айтилаётган Бўтадан дарак бўлмаётган эди. Раҳмоналининг сабру бардоши тугаётгандек эди.

      Ногоҳ, Учқун тилга кирди:

      – Ана, келяпти. Кўрдингми?

      – Қани? – Раҳмонали кимсасиз кўчага тикилиб, ҳеч нарсани кўрмас, уёқдан-буёққа ўтаётган машиналардан ўзгаси кўзларига кўринмаётган эди.

      – Э-э, ҳов ана, йўл ўртасидаги оқ чизиққа қара. Ўртасида катта-катта қадамлар ташлаб келаётган одамни кўряпсанми? Бўта деганлари шу! – деб Учқун ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини олдинга бигиз қилиб кўрсата бошлади.

      Ана ўшандагина катта йўлнинг қоқ ўртасидаги оқ чизиқ устидан шахдам қадамлар ташлаб яқинлашаётган, Учқун айтганидек, миқти, тўладан келган ўттиз ёшга етиб-етмаган йигитни кўриб, Раҳмонали лабларини чўччайтирди. Бошига Наманганча дўппи кийган, эгнида оқ яктак, қорни сал дўмпайган оёғидаги зобитларнинг ялтироқ ғижим этигини кўз-кўз қилиб келаётган қорачагина йигит…

      – И-я! – деб юборди Раҳмонали, ажабланиб. – Елкасидаги нима? Автоматми? Ёппирай!..

      – Ҳа-да, ҳалигинда айтдим-у, роса кучайган… Автоматни Наманган шаҳрида елкасига осиб юрибди-ю. Унга фарқи қолмаган. Ғиринг деганни – пақ этказади, тамом.

      – Ахир, мелиса… индамайдими?

      Раҳмоналининг бу гапини эшитаётиб, Учқун хохолаб кулди.

      – Вей, Бўта ҳозир мелисаям, прокурорам, обкомам ўзи. Ҳаммаси шунга қуллуқ қилиб турибди-я!..

      Раҳмонали куппа-кундуз куни елкасида автомати билан тобора яқинлашаётган Бўтага тикилиб тураркан, Наманганда вазият ниҳоятда жиддий ва чигал бир ҳолатга келганини тушуниб етди. Ахир, бундай бўлиши сира мумкин бўлмаган ҳолат эди-да, Раҳмоналининг назарида. Унинг онги, тафаккури сиғдира олмаётган бу кўриниш аслида ҳам ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиганд ҳодиса эди. Бироқ, не ажабки, воқеа кўз олдида юз бермоқда эди.

      Бежизга Учқун: «Бугун Бўта ака обкомни биринчи секретари, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, прокурор билан банд бўлади. Муҳим масалаларни ҳал қилишяпти», деб айтмаган экан, гапининг тагидаги ним косаси бу экан-да, деган фикрга келди Раҳмонали. Бир лаҳзалик тушунарсиз ҳолатдан Раҳмонали тезликда қутилиб, яна Азим Умарович айтганидек, бўри қиёфасига кирди.

      Бўта Учқун билан қучоқ очиб кўришди ва, бу ким, дегандек Раҳмоналига совуқ назар ташлади.

      – Фарғонадан, «доля»ни олиб келибди. Эски қадрдонларимдан. «Детдом»да бирга ўсганмиз. Рома, – деб таништирди Учқун Раҳмоналини.

      Бўта истар-истамас қўл узатди. Раҳмонали ҳам виқор билан сўрашди.

      – Уйга ташлаб қўясан. Фарғонадек жойдан келибди. Чой-пой қилдингми? Бизни уятга қўйма, тағин а? – Машинанинг орқа ўриндиғига ўтираркан, Бўта Учқунга гап уқтирди ва Раҳмоналига яна бир бор синчков назар солди. Раҳмонали кўзларини