анча-мунча мелисаю қурол аслаҳаси бўлса-да, барибир талабдан чўчиётгани билиниб турарди. Очиғи, ҳозирча ҳукумат вазиятни тўла ушлаб қолишига генерал унчалик ишонқирамаётганди, шекилли. Шунинг учун ҳам Талабга ялтоқланиб, Бўтанинг талаби билан бир неча қамалганларни тез кунда қамоқдан чиқариб юборишга ваъда бериб кетган эди… Раҳмонали учун ҳозир буниси қизиқ эмас. Муҳими – меҳмон.
Қирғизистондан келган ўзбек ўшлик экан. Талаб ҳамда Бўта билан илгари ҳам бир-икки марта кўришган бўлиб чиқди. Хорижлик меҳмонни ҳам ўшлик ўзбек бошлаб келганди.
Аввал ҳол-аҳвол сўрашишганидан сўнг, бир пиёладан чой ичилгач, суҳбат мавзуси айни кунлардаги вазиятга тақалди.
Ўшлик ўзбек:
– Қирғизистонда Акаев дегани чиқиб, Президент бўлди. Қаранг, у қирғизистонликларга қарата: «Эплабжеплаб яшагила», деган гапни айтди… – дегандан кейин ўтирганлар гурра кулиб юборишди.
– Аммо бизда мураккаброқ, – деб гап қўшди Талаб. – Ўзбекистоннинг Президенти қаттиқўлроқ чиқиб қолди. Аммо биз ҳам бўш келмаймиз. Барибир давлат бизники бўлади. Қўлимизда қурол бор, тарафдорларимиз етарли…
– Аллоҳга шукр, – деди Бўта, кекириб.
Тўрда ўтирган меҳмон, негадир, ҳалигача Бўтага хавотир аралаш қараб-қараб қўяётганди.
Бўта аллақачон садоқни ҳам, автоматни ҳам ечиб қўйган, унинг эмин-эркинлиги шунчаки хўжакўрсинга эди.
– Биринчи галда халқнинг кўнглини олиш керак, – деб гап бошлади, ниҳоят, меҳмон бошқачроқ лаҳжада. – Тезроқ масжидларни кўпайтириб, номозхонлар сонини оширишимиз керак. Ўзбекистон ислом давлати бўлиши керак. Хориждаги ўзбеклар Ўзбекистоннинг исломий давлат бўлишини узоқ йиллардан буён кутаяптилар.
– Ничиво, ҳаммаси бўлади, – деди Бўта. Меҳмон унга ажабланиб қаради ва:
– На дедингиз? – деб сўради.
Талаб Бўтанинг думбулроқ эканини ҳам яхши биларди. Мийиғида кулди.
Ўшлик ўртага гап қўшди:
– Биродарлар, меҳмонимиз Жамол ҳожи ака араб мамлакатларида туғилиб ўсган инсон. Сизу биз гапимизга ўрисча сўзларни қўшиб айтишга ўрганиб қолганмиз ва тушунамиз. Лекин бу киши ўрисчани мутлақо билмайдила. Шунинг учун…
– Тушунарли, – деди Талаб. – Меҳмоннинг ҳурматини жойига қўямиз. Хўш, бу киши бизга қандай амалий ёрдам беради? Шуниси бизга муҳим. Эртага ҳукумат тепасига чиққанимиздан сўнг, Ўзбекистонимизга қанақа яхшиликлар қиладилар – ана шуниси қизиқ бизга! Ҳозир бир-биримизга: «На дедингиз?» деб қараб ўтиришимиздан фойда йўқ…
Талаб сал аччиқлангандек эди. Унинг бу аччиғи меҳмонга қаратилганмиди ё Бўтагами – Раҳмонали тушунмади. У пайдар-пай пиёлаларга қайноқ чой қуйиб, узатаётган эса-да, қулоқлари динг эди.
– Эрта-индин вилоят обкомини эгаллаймиз. Демакки, Намангандаги ҳукумат тизгини бизнинг қўлга ўтади. Шу кунларда областдаги бари катта амалдорлар нима қиларини билолмай, оёғи куйган товуқдек типирчилашиб қолишган… – Талаб салмоқлаб гапираркан, ўшлик ёнида ўтирган меҳмонга пичирлаб нималарнидир уқтирмоқда эди. Негаки, область,