Шерхон Кораев

Авлиёлар авлиёси


Скачать книгу

эътироф этилгани бежиз эмас, албатта. Султон Ҳусайн Бойқаро таъбири билан айтганда, “Ҳидоят эгаси, шараф ва ҳурматнинг қайтиш жойи, дину давлат арбобларининг сараси, мулку миллат эгаларининг етакчиси, хайру эҳсонларни таъсис этувчи, хайру эҳсон муассасаларига равнақ берувчи, салтанат устуни, подшоларнинг қўлидан етакловчи, ҳоқон давлатининг умиди, султон ҳазратларининг яқин дўсти, ҳақиқат ва дин низоми амир Алишер …” Навоий бобомиз ҳақиқатан фариштадек пок, беозор, раҳмдил, сўз санъатининг паҳлавони, ўз даврида қалами билан етти иқлимни якқалам қилган комил инсон бўлгани баайни ҳақиқат. Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “…Ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан яна бири – бу Алишер Навоий бобомиздир. Биз унинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон чегараларини билмаслиги ҳақида доимо фахрланиб сўз юритамиз.

       Ҳазрат Навоий шундай буюк зот экан, унинг тафаккур дурдоналари бўлмиш боқий сатрлари замонлар оша яшаб келаётган экан, бу улуғ меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик баҳраманд этсак, маънавиятни юксакликка кўтаришда, инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.

       Айни пайтда бу вазифа, илгари ҳам айтилганидек, ҳар биримизнинг Навоийни янада яхшироқ ўқишга, Навоийни янада теранроқ ўрганишга, унинг умр дафтаридан ибрат ва сабоқлар олишга даъват этади”.

      Бадиий китоб ўқиган киши энг аввало маънавий озуқа олар экан, билими ортади, тажрибаси ошади, тафаккури кенгаяди. Китоб ўқиган кишининг келажагини нурафшон этади. Навоий китобни “кишининг дўсти ва ёри”, деб атайди. Навоийнинг дўсти, устози ва пиру муршиди Абдураҳмон Жомийнинг китобнинг жонга роҳат эканлиги ҳақида қуйидаги сатрларига эътибор қаратайлик.

      Китобдин яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,

      Ғамхўринг ҳам у ғамли бу замонда.

      У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор

      Жонингга юз роҳат берар ҳар онда.

      Алишер Навоий асарларини ўқиган инсон икки карра маънавий озуқа олади, икки карра келажаги нурафшон бўлади, десак муболаға бўлмайди. ”Хазойин ул – маоний” девонини олинг, нақ номида зикр этилгандек, маънолар хазинасининг ўзгинаси. ”Хамса” ҳам, ўз замонасида қайта – қайта таъкидланганидек, беш хазина. Алишер Навоийнинг ҳар бир асари маънавий нур десак тўғрироқ бўлади. Бу нур унга ошуфта ҳар бир кўнгилни, миллатни, мамлакатни чароғон этади.

      Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 августида мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда таъкидлаганидек, “Навоийни англаш – ўзликни англаш демакдир”. Ўзликни англаш эса ҳар бир инсонга миллий ифтихор туйғусини бахш этади. Ўзликни англаш – Навоийни ўқиб, ўрганишдан бошланади. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов суҳбатлардан бирида шундай деган эди:”Мен ўзим ҳазрат(Навоий) ғазалларини ёшликдан ўқиб қалбга сингдирганман ва бу соҳир сўздан ҳамманинг баҳраманд бўлишини истайман.

      Навоийни