– ҳафсаласизлик билан изоҳ берди Моҳирўй.
– Биз бир-биримизга ҳечам ўхшамаймиз. У кўпроқ дадамга ўхшаса керак. Фақат ўзини ўйлайди. Кўрган бўлсангиз, бирга копток ўйнаётганимизда ёнгинамда эди у. Пастга қараб "шўнғиб" кетганимни дадам билан ойимга айтибди-да, ўзи қаердадир дадамнинг асраётган шерларини кўргани кетибди.
Фаррух тўхтаб Моҳирўйга қаради:
– Мен бу тоғларнинг ҳаммаёғини беш қўлимдай биламан, лекин ҳеч қаерда шерни учратмаганман.
– Шерзоднинг айтишича, дадам зоопаркдан учта шер олиб келиб шу атрофдаги ғорга қамаб қўйганмиш. Бу гапларни у дадам раис бувага айтаётганида эшитиб қолганмиш.
– Ғор бу атрофда фақат битта жойда бор, биз борадиган қоянинг тагида. Ўзиям роса қўрқинчли жойлар, у ерларда илон кўп. Укангиз қандай бир ўзи кетди?
– Бир ўзи боришга унда юрак йўқ. Хизматкорларнинг бирортаси олиб кетган. Яна дадамни алдаб кетган. Атрофни айланиб келамиз деб… Агар одам тоғда кўп вақт юрса сизга ўхшаб чаққон бўлиб қоладими?
– Билмадим, – дея жавоб қилди Фаррух, – мен ёшлигимдан тоққа чиқиб юрганман.
– Мениям шунақа арчазорлар, тоғларда яшагим келади. Шаҳар жонимга тегиб кетган, – деди Моҳирўй ва оёғи сирпаниб кетиб "вой!" дея бақириб юборди.
Фаррух бирдан ортига бурилиб, пастликка энкайиб турган қизнинг қўлидан ушлади.
Ҳовлиқиб пастга тушган Раим амалдорнинг ёнига борди-да:
– Кизингиз анави йигит билан, – дея қўли билан қаёққадир йўл бошлаб кетаётган Фаррухни кўрсатди, – қорли қояга бориб келармиш.
– Ни-ма?! – дея бақирганча ўрнидан туриб кетди амалдор. – Бориб мажбурлаб бўлсаям олиб келинглар уни. Ўзи итдан тарқаган бу бола қайси гўрдан пайдо бўлиб қолди?! Ҳе, характерингга … сендақа болани!
– Дадаси, шу қизингизнинг йиқилишига шубҳа боров, балки пастга қараб тез югуриб кетгандир… Ўзим кўрмадим-ку-я, кўнгил душман-да… Булар иккиси мабодо аввалдан таниш эмасмикин? Ҳар қалай, тасодиф де-гандай… Может қизингиз ему влюбилась, тогда что? Нима, ойдай қизингизни қаердаги чўпонга берасизми? – деди амалдорнинг хотини ваҳима аралаш.
Бу гапларни эшитган амалдорнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. "Ҳамма нарса бўлиши мумкин, лекин буни ҳеч кимга бериб қўймайман", дея ўйлади у…
…Обкомнинг иккинчи котиби Турғун Ғаниевич ёнида лўмбиллабгина турган Зулайҳохон билан турмуш қурганларидан кейин ўн йил ўтса ҳам фарзанд кўраверишмади. Зулайҳонинг отаси ўша кезлари катта бир корхонани бошқарарди. Шу боисдан ҳам Турғун Ғаниевич бу туғмас хотин билан ажрашиб кетолмасди. Бир куни Зулайҳохоннинг ўзи фарзанд кўрмаётганлигидан шикоят қилиб қолди. Турғун Ғаниевич: "Айб сенда, сен туғмас хотинсан, бошқаси бўлганида аллақачон потиллатиб туғиб ташлаган бўларди, – деб айта олмади. Албатта, бундай дейишга унинг асоси бор эди. У ўзини дўхтирларга текширтирганда: "Сиз соппа-соғсиз, ҳар қандай соғлом аёл сиздан бола туғиши мумкин", дейишганди. Бироқ ўшанда бу гапларни хотинига айтиш билан у ўз бошига ғавғо орттириши ҳеч гап эмасди. Мум тишлади. Гўё бирон нарсани ўйлаётгандай