Хамиджон Хомидий

Тасаввуф алломалари


Скачать книгу

худбинлик ва ғурурга берилмаслиги лозим. Аллоҳ инсоннинг барча яхшиликларини кўриб туради. Бу сифатлар ўзгаларнинг назарига тушиши ёки бўлмаса халққа кўз-кўз қилиниши шарт эмас. Маломатийлар мўъминларнинг ўзаро адоватда бўлиши, мазҳаб талашиб, низо пайдо қилишига қарши эдилар. Шунинг учун халқ улардан айб қидириб, камситиб, «маломат» қилсалар ҳам, бу тоифа вакиллари ҳеч ким билан муноқаша (тортишув, жанжал)га боришмас, «маломат қилувчи»лардан асло қўрқмас ва ранжимас эдилар. Маломатийлар аслни «ўз нафсларининг маърифати» деб билиб, маърифатни «Аллоҳ маърифатининг восиласи» ҳисоблашган ва шунга амал қилишган. Улар ибодатни «банда билан Ҳақни боғлаб турадиган ришта» деб билишган. Шунинг учун улар «қанчалик маломатга қолсанг, шунча ғурур ва фирибдан йироқ бўласан» деган ақидага амал қилишган. Маломатийлар ички туйғуларни ташқарига чиқармай, зуҳд, риёзат ва кароматни ошкор этишни жоҳиллик, риё деб билишган.

      Тайфурия тариқати асосчиси ўнлаб машойихларнинг пири муршиди, метин ирода соҳиби, буюк шайх, «султон улорифийн» Боязид Бистомий (ваф. 243/848 й.)дир. Тасаввуф тарихида интуитив билиш назариясининг асосчиси дея эътироф этилган Боязид Бистомий «ғалабот» ва «сукр» (сархушлик) йўлидан борган. Унинг фикрича, зикр пайтида ўзини унутиб, Ҳақнинг ишқида масту мустағрақ бўлган сўфийнинг ҳолати «фано»дирки, ўзлигидан кечган ва ўзлигини унутган сўфийда илоҳий сифатлар мужассам бўлади.

      Жунайдия тариқатининг асосчиси Бағдод тасаввуф мактабининг буюк сўфийси, ўз даври илм аҳли томонидан «Саййид ут-тоифа», «Султон ул-муҳаққиқийн», «Товус улуламо» деб улуғланган Жунайд Бағдодий (ваф. 297/909 й.) дир. Жунайд сукр (сармастлик) ҳолатидан саҳв (ҳушёрлик) ни устун қўйиб, «ҳушёрлик табиий ҳолат, сармастлик эса ғайритабиий руҳий ҳолат» деб таъкидлаган. Жунайд тасаввуф илмини тартибга солиб, тасаввуфий истилоҳларни изоҳлаган. Зоҳирий ва ботиний илмлар, яъни шариат ва тариқатни бир-бирига боғлаган. Тасаввуф таълимоти ва амалиётини ислом ақидалари билан уйғунлаштириб, тасаввуфнинг фақат қалбда яшаб, ботинийлик касб этиши, инсоннинг вазифаси – нафсини ислоҳ қилиб, илм ва амални муштарак олиб бориш, қалбни Аллоҳга қаратиш эканини эътироф этган. Жунайд Бағдодий тасаввуфда «саҳв» (ҳушёрлик) йўлини илгари сурган ва бу кейинчалик вужудга келган тариқатларга кучли таъсир кўрсатган. Жунайд Бағдодий тасаввуфда мўътадиллик таълимотининг байроқдори бўлган. Абу Наср Саррож, Абу Али Даққоқ, Абулқосим Қушайрий каби машҳур машойихлар мазкур тариқат вакилларидир.

      Нурия тариқатига Абулҳусайн Нурий (ваф. 294/907 й.) асос солган. Тасаввуфда «фақр», «ийсор» (бошқаларни ўзидан афзал деб билиш, жўмардликнинг энг юқори даражаси) ва фароғат, суҳбат йўлидан борган, узлатни ёқламаган. Нурийнинг фикрича, ҳар бир инсон фақат ўзгалар манфаати ва осойишталигини ўйлаб ҳаёт кечириши зарур. Бошқаларнинг ҳимоясини деб, уларга хизмат қилиб, фақирона яшаш инсонни кибру ҳаводан асрайди, ўз нафсини ислоҳ қилиш имкониятини яратади.

      Саҳлия