Хамиджон Хомидий

Тасаввуф алломалари


Скачать книгу

«Севишнинг шарти севгили учун ҳамма нарсага рози бўлиш, унинг ҳолатини тушуниш. Тушунмагунча севдим дейиш ноўриндир. Мен уни (бу ерда Пайғамбаримиз (с.а.в.) назарда тутиляпти) дунёвий кўзим билан кўрмадим, аммо шариатини, яъни ҳолатини тушундим. Уни маъқуллаш диндир»2.

      Расулуллоҳ (с.а.в.) Уҳуд тоғидаги жангда тишларидан биридан ажраганлар (бошқа манбаларга кўра олдинги пастки жағларидаги бир тишларига тош тегиб синиб кетган). Бундан воқиф бўлган Увайс Қараний Муҳаммад (с.а.в.)га бўлган юксак эҳтироми юзасидан, у зотга душманлар етказган ситамни ўзида синаш мақсадида аввал бир тишини, сўнгра шубҳага ўрин қолмаслиги учун барча тишларини суғуриб ташлаган3.

      Ривоятга кўра, Муҳаммад (с.а.в.) вафотларидан олдин қимматбаҳо тўнларини тобеъинлар қибласи, арбаъинлар пешвоси, пинҳони офтоб, раҳмон ҳамнафаси бўлган Увайс Қаранийга мерос қолдирганлар. Уни эгасига топширишни ўз яқинларига васият қилганлар. Расули акрам вафотларидан сўнг Ҳазрати Умар (р.а.) ва Али (р.а.) тўнни Увайс Қаранийга олиб боришган4.

      Увайс Қараний бир умр дарвешона кийиниб, одамларнинг туясини боқиб, ожиза онаси билан кун кечирган. Халқ «девона», «телба» деб айтган.

      Увайс саҳрода зикр қилаётган вақтда рўпарасига бир туя келиб чўкади. Унинг устидан бир мусофир тушиб салом беради. Бу Ҳазрати Али (р.а.) юборган чопар Мансур эди. Ҳазрати Али (р.а.)га Увайс Қаранийнинг Сиффин жангида иштирок этиб, шаҳид бўлиши башорат қилинган эди.

      Увайс 37/656 йилда Сиффин жангида шаҳид бўлган. Увайснинг тобутини олиш учун етти қабила ўртасида тортишув бўлган. Муаммони Ҳазрати Али (р.а.) қуръа ташлаш йўли билан ҳал қилган. Барча қабила вакиллари хурсанд бўлиб тобутларни араваларга юклайдилар. Бунинг сабаби шундаки, Увайс Қараний етти тобутда ҳам бирдай кўринган. Аслида Аллоҳ йўлида жон берганлар ўлмайдилар.

      Мусулмон мамлакатлари, жумладан, Шомнинг Сўфа кентида, Суриянинг Сибон шаҳрида, Раққа шаҳрида, Туркияда, Озарбайжонда, Ўзбекистоннинг икки гўшаси Наманган ва Қорақалпоғистонда Увайс Қаранийнинг қадамжойлари мавжуд. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Увайс Қаранийга ҳадя қилган хирқалари бугунги кунда Истанбул шаҳридаги «хирқаи шариф» жомеъ масжидида сақланади.

      Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида Султон Увайс мақбараси ҳамда мақбарадан икки километр узоқликда Султон Увайс бобо тоғи бор. Тоғдаги энг баланд қоя «Увайс Аллоҳга муножот этган жой», «Муножот тоғи» деб аталади. Қояларда Увайс Қараний тишларини синдирган вақтида сачраган қон доғларининг излари муҳрланиб қолган.

      Мақбара Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ буйруғи билан бунёд этилган бўлиб, 1221 йилда мўғуллар босқини туфайли вайрон қилинган. Амир Темурнинг буйруғи билан қайта тикланган. 1805–1806 йилларда мақбара Хива хони Элтузархон томонидан таъмирланган. 1836 йилда Оллоқулихон даврида мақбара қайта тикланган.

* * *

      Анбиё (с.а.в.) вафотларидан олдин саҳобалар сўрадилар:

      – Муборак хирқангизни кимга берайлик?

      Расули акрам (с.а.в.) дедилар:

      – Увайс