ҳамкор маклерлик конторасига бориб, биржадан ўзига керак бўладиганча донни бозор нархида сотиб олишни буюрди ва ўз ишхонасига қайтиб борди.
– Вазифани жуда тез бажарибсиз, – деди унинг ҳисоботини тинглаган Ҳенри Уотермен. – Икки юз бочкани қария Жендерменга сотдингизми? Жуда яхши, жуда яхши. У бизнинг мижоз эмас, шекилли?
– Йўқ, сэр.
– Шундай ишларни бажара олар экансиз, бу ерда кўп қолиб кетмайсиз…
Тез орада Фрэнкни кўплаб маклерларнинг конторалари ва биржада танийдиган бўлишди. У ўз хўжайинлари учун маҳсулотлар қолдиқларини, тасодифан чиқиб қолган керакли моллар партияларини сотиб олар, янги мижозлар топар, ортиқча молларни кутилмаганда чиқиб қолган харидорларга майда партиялар билан ўтказиб, йўқ қиларди. “Уотермен энд Компани” савдо уйининг эски ўзанида янги булоқ отилиб чиққанди. Энди мижозларга жуда яхши хизмат кўрсатилаётган, Жорж савдони жонлантириш учун Фрэнкни қишлоқларга юборишни талаб қилар, йигитча энди тез-тез шаҳардан ташқарига қатнарди.
Рождество байрамидан сал олдин Ҳенри Уотермен акасига:
– Каупервудга байрамга яхши бир совға қилиш керак, – деди. – Ахир у маош олмайди-ку. Нима дейсан, беш юз доллар етармикин?
– Ҳозирги пайтга нисбатан бу жуда катта пул, аммо у шунга лойиқ хизмат қилди. Шубҳасиз, бу йигит умидимизни ортиғи билан оқлади. У худди фақат шу иш учун яратилганга ўхшайди.
– Унинг ўзи бу ҳақда нима деяпти? У хурсандми, эшитмадингми?
– Менимча, унинг ўзи жуда хурсанд. Ўзинг ҳам уни мендан кам кўрмаяпсан. Демак, келишдик – беш юз доллар берамиз. Вақти келиб уни ишимизга шерик қилиб олсак бўлади. Унинг ҳақиқий тижоратчилик қобилияти бор. Бу пул ҳақида буйруқ чиқариб, иккаламизнинг номимиздан унга яхши гап айтиб қўй.
Фрэнк рождество байрами олдидан барча ишларини тартибга солиб кетиш учун қоғозларини кўриб ўтирганида, Жорж Уотермен унинг столи олдига яқинлашди.
– Ҳали ҳам ишлаб ўтирибсизми? – сўради у кўзни оладиган газчироқ олдида тўхтаб. Ташқарида қоронғи тушган, ойналарга қиров қўнганди.
– Шунчаки, уйга кетиш олдидан баъзи нарсаларни кўздан кечириб чиқаётгандим, – жилмайиб жавоб берди Каупервуд.
– Шу ярим йил ичида қандай ишлаганингиздан жуда хурсандмиз. Сизга қайсидир йўл билан ўз миннатдорлигимизни изҳор қилишимиз керак. Биз мукофот сифатида беш юз доллар беришга қарор қилдик. Келаси йилдан эса сизга ҳафтасига ўттиз доллардан доимий маош ажратамиз.
– Жуда миннатдорман, – севиниб жавоб берди Фрэнк. – Бундай маошга умид ҳам қилмаётгандим. Бу кутганимдан ҳам ортиқ. Ахир кўп нарсани сизларда ишлаб юриб ўргандим.
– О, буни эслатишга ҳожат йўқ. Сиз бу пулга муносибсиз ва бу ерда истаганингизча қолишингиз мумкин. Биз ёнимизда эканлигингиздан доим хурсанд бўламиз!
Каупервуд одатдагидек самимийлик билан чин дилдан жилмайди. Ўзининг хизматлари тан олиниши унга жуда ёқиб кетганди. Қувноқ, доим жилмайиб турадиган, инглиз мовутидан яхши тикилган костюм кийган