кўпайтирмоқчи бўлди. Бу ғоя аслида дунёнинг ўзи каби қадимдир. Ҳалол ишловчи одамга доим нимадир етишмаслигини аввал ҳам тушунмаганман, ҳозир ҳам тушунмайман. Рақобатчилар билан курашга кетган вақт ҳавога совурилади. Ундан кўра шу вақтни ишни бажаришга сарфлаган маъқул. Зарур маҳсулотни мақбул нархда етказиб берсангиз, жон деб сотиб олувчи харидор ҳамиша топилади. Буни маҳсулотларга нисбатан ҳам, хизматларга нисбатан ҳам айтиш мумкин.
Шу фикру мушоҳадалар устида ўтказган давримни бекор кетказмадим. Биз катта тўрт цилиндрли мотор ва иккита катта пойга автомобили устида ишлардик. Ме нинг вақтим кўп бўлган, чунки доим иш устида эдим. Назаримда, инсон бошқача яшай олмайди, у ҳамиша иш билан машғул бўлиши, тун-кун ишни ёдида сақлаши керак. “Қўнғироқдан қўнғироққача ишлаш” ғояси, яъни эрталаб ишга киришиш ва кечқурун ишхонадан чиққач, ишни эртагача умуман унутиш, бир қараганда, яхши кўринади. Агар оддий ходим ёки ҳатто масъулиятли ходим бўлсангиз, шундоқ қилиш мумкиндир, аммо раҳбар одам бундай йўл тута олмайди. Жисмоний меҳнат ишчиси иш соатларини чегаралашга мажбур, акс ҳолда, ўз қувватини адо қилади. Агар бутун умр жисмоний меҳнат билан шуғулланмоқчи бўлса, у иш тугашини билдириб қўнғироқ чалинган заҳоти ишини унутиши керак. Аммо агар у олдинга интилиб, нимагадир эришишни истаса, қўнғироқдан кейин иш кунини янада яхшилаш устида мулоҳаза юритиши шарт.
Ҳам фикрлаб, ҳам меҳнат қиладиган инсонга ҳамиша муваффақият ёр. Доим ишининг хаёли билан яшовчи, олдинга интилиб, муваффақиятга эришадиган одам иши ҳақида фақат меҳнат соатларида ўйлайдиган одамга нисбатан бахтлироқ деб таъкидлай олмайман, чунки буни текширмаганман. Бу саволга жавоб ҳам шарт эмас. Ўн от кучига эга мотор йигирма от кучига эга мотордан кўра кучсизроқ. Фикрлаш қобилиятини иш соатлари билан чегаралаган одам, ўзининг “от кучини” ҳам чеклайди. Инсон ўз гарданига тушган юкнигина орқалаб юришдан қониқса, бу унинг шахсий иши. Фақат у бошқа, ўз устида ишлаган одамни муваффақиятга эришганига гувоҳ бўлса, хафа бўлмаслиги керак. Дангасалик ва меҳнат турлича мева беради. Оромга интилган одамнинг шикоят қилишга ҳаққи йўқ. Илло, танбалликни касб қилиб, меҳнат ҳосиласидан баҳраманд бўлиш имконсиздир.
Мана, менинг ўша йиллардан чиқарган ва кейинги йиллар тажрибаси билан ўзгармаган хулосаларим:
1. Биринчи ўринга меҳнат эмас, пул чиқса, иш сустла шади ва меҳнатнинг қадри кетади.
2. Ишни ўйламасдан, пулни ўйлаш омадсизликдан қўрқишга олиб боради. Натижада, киши ишга тўғри ёндашувни йўқотади, рақобатдан, умуман янги технологиялардан, вазиятни ўнглайдиган ҳар қандай қадамдан чўчиб қолади.
3. Мудом сифатли хизмат кўрсатиш ҳақида ўйловчи инсоннинг муваффақият томон йўли очиқдир.
III БОБ
Ҳақиқий бизнеснинг бошланиши
Парк-Плейсдаги 81-рақамли уйнинг мўъ жазгина ғиштин устахонасида мен янги автомобиль дизайни ва ишлаб чиқариш технологияси устида ишладим. Бироқ таъбимга мос компанияни –