Иброҳим Ғафуров

Мангу латофат: бадиалар


Скачать книгу

Фитратнинг ҳам, Чўлпоннинг ҳам юлдузга мурожаат қилган шеърлари «Ўзбек ёш шоирлари» мажмуасида босилган.

      Чўлпон ёзади:

      Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла

      Оталарнинг тарихдаги хатосин.

      Шул хатодан осуфланиб, ёвларнинг

      Эл кўксида сурган ишрат сафосин…

      Чўлпон Фитратга бу ерда очиқ пайравлик қилади, унинг овозига очиқ онгли жўр бўлиб чиқади. Худди Фитрат каби юлдузга «гўзал юлдуз» деб мурожаат этади, «сўзла юлдуз», деб Фитратнинг даъватини такрорлайди. Фитрат сингари юлдузга кетма-кет шиддатли саволлар ташлайди. Юруғ юлдуздан мадад ўтинади.

      Ҳар иккала улуғ шоирнинг шеърни «гўзал юлдуз» деган сўз ва таъриф билан бошлашлари тасодифиймикин? Оддийгина бадиий усулмикин? Чўлпон истаса, бошқача сифат топарди-ку. Лекин нега у Фитратнинг тавсифини айнан қайтаряпти, шеърини шу таъриф билан бошлаяпти?

      Бизнингча, бу юлдуз – юлдуздан ҳам ортиқ – у – аъмол, у – саодат. Аъмол ва саодат рамзи. Миллатнинг жуда олис ва жуда юксакда порлаган келажак саодати. Аъмол ва саодатга – яна улар миллат аъмоли ва саодати бўлса, «гўзал» деган сўздан ҳам ортиқ, аниқ, равшан таъриф бўлиши мумкинми! У шоир ҳам, бу шоир ҳам ўз идеалига мурожаат этади. Миллат бошига унинг саодатли юлдузини чорлаб келтиради. Шоир наздида ерларда дардларни тинглагувчилар қолмагач, дардкаш ва дўст, ҳамкор кўклардан изланади. Худди шундай ажойиб жўровозликни биз яна бошқа кўпгина ҳолларда ва хусусан, Фитратнинг «Беҳбудийнинг сағанасин изладим» шеъри билан Чўлпоннинг «Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси» шеърида ҳам кузатамиз:

      Фитрат ёзади:

      Ўз йўқотқонин излади, сурди.

      Бир дарак топмагач, бирдан бир тикилди

      Бор кучин тўплади

      Золимнинг тахтини титраткан

      бир товуш қичқирди:

      «Отамнинг қабрини қаерга яширдинг,

      Бот суйла…?!

      Чўлпон ёзади:

      Амалимнинг юлдузи-ким, кўз тикди

      Қора, жирканч… Ўлим кони ерларга.

      Савол бердим: «Йўқотғоним қайда?» деб

      Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган эрларга…

      Кўряпсизми, бояги гўзал юлдузнинг таърифи мана бу ерда чиқди. Чўлпон уни «амалимнинг юлдузи» деб атайди. Биз эса аъмол юлдузи деб олган эдик. Аъмол ва амал юлдузи – қанчалар теран ифодалар! Қанчалар Фитрат ва Чўлпонга хос! Шеърлардаги излаш мотивига эътибор бердингизми? Фитратнинг «Ўз йўқотғонин излади» ибораси билан, Чўлпоннинг «Йўқотғоним қайда?» – деган изтиробли саволи нега жўр чиқаётганини англадингизми? Улар албатта, шунчалар йирик талантлари бўлгани ҳолда бошқача сўйлашлари ҳам мумкин эди. Лекин бу ўринда эътиқоднинг тили бир ва эътиқод шеърда ҳам бир турли ифодаларни танлайди. Фитрат ва Чўлпон фақат юлдузларгагина эмас, ўз ижодларида денгизлар, шамоллар, баҳорлар ва хаёлларга ҳам дам-бадам мурожаат қиладилар. Бунда ҳам бир-бирларига ажиб бир тарзда ижодий жўр бўладилар. Буларнинг бари улар онгли тарзда шу усулни танлаганликларини, асарлари билан бир-бирларига