Иброҳим Ғафуров

Мангу латофат: бадиалар


Скачать книгу

асарларига бошқа мамлакатлар одамларини қатнашчи – қаҳрамон қилиб олди? Бухоро ва миллат ишларини чет, холис одамнинг фикр-қараши орқали баҳолаш ва улар тўғрисида холис хулоса чиқаришни кўзлагандир. Чеккадан келган одам мабодо у назар соҳиби бўлса, албатта ҳамма нарсаларни барча ўткир қирралари билан кўради ва бу ишларни жаҳон маърифати нуқтаи назаридан баҳолайди. Албатта, Фитрат буни ҳам назарда тутган. Шу билан бирга у бошқа жуда муҳим бир нарсани ҳам кўзлаган: Бухоро воситасида бутун Туркистон ишларини у европача адабийбадиий таҳлилдан ўтказишни мулжаллаган. Бинобарин, «Ҳинд сайёҳи» ҳам «Мунозара» ҳам Турон заминида, ўзбек адабиётида европача таҳлил усули қўлланган, аналитик фикрнинг қудратли тўлқинлари илк намоён этилган асарлардир. Бу асарларни ўқишга муяссар бўлган одам албатта аввало, Европа сайёҳларининг Шарқ ҳақидаги асарларини ва қолаверса, Стендал ва Гейне каби даҳо адибларнинг саёҳатномаларини дарров хотирасига келтиради. Мен хусусан, айниқса, Стендалнинг Франция бўйлаб саёҳатлари ҳақида ёзган гўзал китобини «Ҳинд сайёҳи» муносабати билан эсладим ва улар ўртасида – қарашларда, баҳолашларда, мамлакатга яхшилик ва бахт соғинишларда, тараққиёт йўлларини излашларда ажиб бир ўхшашликлар кўрдим. Мен бу ерда Фитратни буюк француз романнависи билан тенгламоқчи эмасман. Мен фақат уларнинг миллат ғамида, тараққиётни соғиниб қайғуришлари, ватанпарварлик кайфиятлари, танқид унинг кучлилиги бир мақомда эканлигини ва миллатпарварлик ҳар қандай мамлакатда ҳам бир хил мавқе ва кўринишларга эга эканлигини андак бўлса-да, таъкидлаб ўтмоқчиман, холос.

      Европача адабий-бадиий таҳлил усули Фитратга бутун Туркистон воқелигини очиқ-ошкора, бўямай, бўрттирмай, сохта ватанпарварликка берилмай кўрсатиб ўтиш имконини яратади.

      Тарихий манбалардан маълумки, аср бошларига келиб, миллатнинг ижтимоий ва маиший ҳаётида таназзул ва турғунлик сўнг нуқтасига етган эди.

      Турғунлик ва таназзулнинг ички ва ташқи сабаблари кўп ва мураккаб. Лекин ташқи сабаблардан кўра ҳам ички сабаблар жиддийроқ.

      Ички асосий сабаблардан бири – миллий бехабарлик эди. Халқнинг кўпчилик қисми дунё ишларидан, бошқа мамлакатлар ва халқларнинг ҳаёти, турмуш даражасидан, ўз ҳақ-ҳуқуқларидан, улар учун курашдан хабардор эмас эди.

      Рост, Туронда темир йўллар қурилган, мустамлакачилик руҳидаги газеталар ва Туркистон тўпламлари вақтибевақт чиқиб турар, чеккалардан ҳам ислоҳ руҳидаги газета-журналлар келиб турар, бироқ халқ уларни билмас, ўқимас, энг ёмони – билишни истамас эди.

      Миллат иши учун ҳамиша куйган, қайғурган ва доим маърифатпарварлик ғоялари билан юрган Мунаввар Қори Абдурашид ўғли 1906 йилдаёқ «Тараққий» газетасида чиққан «Бизни жаҳолат – жаҳли мураккаб» деган аччиқ мақоласида ана шундай умумий хабарсизлик ҳақида ёзиб, қадим «Қобуснома» донолигига жўр бўлиб, алам билан: «… Билмаслар, билмаганларини ҳам билмаслар», деб ёзган эди.

      Европа тараққиётига жуда шиддатли тус берган ва жаҳонда мустамлакачиликнинг янги урчуғини ясаб