асрий разолатлардан қутулиш имконини очарди. Ҳинд сайёҳи миллатнинг ислоҳи учун уч нарса зарур деб билади: «бир жоҳил миллатнинг олим бўлиши учун уч нарса зарурдир: пул, мадраса, саъю амал…» У Бухорода бу уч нарса ҳам мавжуд. Уларни тузатиш осон. «Тўла ишонч билан айтаманки, бир одил, тўғри фикрловчи амир ва тадбиркор, Худодан қўрқадиган вазир бўлса, бу ишларнинг барчасини ислоҳ этса бўлади», деган ишонч билдиради.
Миллатлар ва мамлакатлар тақдирида маърифатли, миллатпарвар подшоҳларнинг хизматлари албатта беқиёс аҳамиятга эга. Лекин ҳинд мутафаккири Бухоро ва Турон шароитида бундай одил, илмпеша, марҳаматли ва тараққийпарвар подшоҳни қаердан олишни айтмайди. Йўл бор. Аммо йўлдан юрувчи йўқ. Йўл бор. Аммо йўлдан бошловчи йўқ. Боши берк кўчага кирган кишилар. Уларнинг кайфиятлари. Қарашлари. Боши берк кўчага кириб қолган халқ ва мамлакат аввал орқага қайтиши ва шу берк кўчадан чиқиши керак. Лекин бунга миллатнинг чамаси, ўша пайтда мажоли қолмаган эди. Шунинг учун миллатнинг халоскор ёшларидан бири фарёд солиб айтади:
– «Сиз бу миллат ҳақида қанчалик илиқ фикр айтманг, мен барибир уларни ёмон кўраман. Сиз бу миллатга қанчалик умид билан боқсангиз, мен шунчаки умидсизланаман. Бу шундай миллатки, ҳақини ғopaт этсалар, ўзи ана шу яғмогарлар оёғига бош қўйишни фазилат деб билади. Фано қудуғига бошлари билан ботиб турсаларда, ўзларининг халоскорларини кофир деб атайдилар. Улардан нимани умид қилиш мумкин, қайси келажакни орзу этиш жоиз?!»
Аччиқ алам, изтироб билан тўла бу сўзларда миллат мазлумлигининг даражаси акс этади. Бу сўзлардан миллат ўз-ўзини ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодир бўлмай қолганлиги ҳам англашилади. Булар ҳам болаликка тушиш, болаликка қайтишнинг жиддий фожиали белгиларидандир. Лекин ҳинд сайёҳи бундай оғир тушкунлик кайфиятлари миллатнинг бошига оғир талафотлар келтириши мумкинлигидан огоҳлантиради. У тушкунликка қарши саботни қурол қилиш зарурлигини уқтиради. «Бир одамнинг саботи буюк бир миллатни ислоҳ этишга қодир. Ислоҳ этувчилар тоифаси учун саботдан бўлак асл қурол йўқ», дейди донишманд сайёҳ.
Сабот ҳақидаги бу сўзлар ўша пайтда ёшлар тарбиясида жуда катта аҳамиятга эга эди. Ҳозир ҳам унинг аҳамияти заррача пасайган эмас. Шуниси диққатга сазоворки, миллатнинг тараққиёти учун бел боғлаган кишиларнинг ҳаммалари Беҳбудийдан тортиб Фитратгача, Авлонийдан тортиб Таваллогача, Мунаввар Қоридан тортиб Чўлпонгача сабот тариқини тутдилар. Чин маънода саботни ўз ижтимоий курашларида қурол қилиб олдилар. Яна диққатга сазовор томони шундаки, улар бу саботдан охирги дамгача айрилмадилар.
Фитрат ва Чўлпон каби ижтимоий тараққийпарварлар миллатнинг моҳиятини англашга, унинг психологияси ва характери ичига киришга ва шу йўл билан уни чиритаётган, фаолиятдан, ихтирочилик ва ислоҳчиликдан маҳрум қолдираётган хусусиятларни юзага тортиб чиқаришга киришдилар. Бу ўз даври учун жуда катта аҳамиятга эга иш эди. Уларгача ҳеч ким миллатнинг психологияси ва характери