– ўз келажагини таъмин этиш билан баробардир.
Яна бир муҳим хулоса шуки, буларни англаб етиб, ўз турмушининг заруратига айлантиролган миллат камбағал бўлмайди. Унинг камбағали бошқаларнинг энг бойига тенг бўлади.
Муқаддас ваҳий китоб хабар беради: бизнинг амалларимиз бизга бир умр ҳамроҳ бўлади. Дилимиз нимани касб этган бўлса, ўша бизники.
Дилимиз фаровонлик ва мунавварлик касб этишини қанчалар истаган эдилар миллатимиз тараққиёти ва равнақининг элчилари!
Фойдаланилган адабиётлар:
Фитрат. Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли бир мударриснинг бир неча масалалар ҳам усули жадида хусусида қилғон мунозараси. Туркистон кутубхонаси. Биринчи жилд. 1913 йил. Мутаржим: Ҳожи Муйин ибн Шукрулло Самарқандий.
Фитрат. Ҳинд сайёҳининг қиссаси. «Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 8-сон. Мутаржим: Ҳасан Қудратуллаев. Сўз: ЎзФА мухбир аъзоси Бахтиёр Назаров.
Фитрат. Шеърлар. «ЎзАС», 1987 йил 11 декабрь. Нашрга тайёрловчи: Наим Каримов.
Чўлпон. Асарлар III жилдлик. II жилд. Тошкент – 1993. Нашрга тайёрловчи: Дилмурод Қуронов.
Сўфизода. Тароналар. Тошкент – 1968. Тўплаб нашрга тайёрловчи – Тўлқин Расулов.
Мунаввар Қори. Никоҳ тўғрисида. Рисола. «Тараққий», 1906 йил, 8-сон.
АМИР НЕГА БЕҲБУДИЙГА ҚЎЛ БЕРМАДИ?
Бухоро қайнарди. 1917 йилнинг апрели эндигина бошланган эди. Бухорода ўлим шарпаси кезарди. Каллалар кесиларди. Дарралар визилларди. Айний амирнинг обхонасида инграб ётарди. Маҳбуслар орқангизни бўйрага бериб ётинг, бўйра калтак зарбидан илвираган этингизни қотиради, дейишар. Айний инграб улардан оёқ-қўлларини уқалашни илтижо қиларди. Бўйра эскириб кетган, ҳамма ёғига қон ва эт парчалари ёпишиб ётарди. Лекин тажрибакор маҳбуслар нечукдир бўйра жароҳатни қотиради деб ўйлашарди. Буни фақат маҳбусларгина билишар, агар амир одамлари ҳам билсалар, албатта обхонадан бўйраларни чиқариб ташлаган бўлардилар…
Мен ўз-ўзимга: астағфурилло, астағфурилло! – дейман. Бунчалар ваҳимали қилиб ёзмасликнинг иложи йўқми? Иложи йўқ! Чунки буни ўз бошидан кечирган одам шундай ёзган.
1917 йилнинг апрели бошланганда Бухорода усули қадим ва усули жадид ўртасида даҳанаки тортишувлар жуда қизиб кетган, иш ҳали очиқ жанг ва алғов-далғовга етиб бормаган, вазият қил устида турарди.
Амир ва унинг аъёнлари икки ўт орасида қолган эдилар. Амир нима қилишини билмас, тинмай телефон орқали рус консули Миллер ва унинг ишончли одамлари билан маслаҳатлашарди. Консулнинг ўзи ҳам февралдан бери ақли ғоят шошган, янги ҳукуматнинг сиёсатига ўрганолмас, шунинг учун осон ва қулай деб эски, ўзига яхши таниш сиёсат ва дасисани давом эттирарди.
Бухоронинг ўт-олов ёшлари эса ислоҳотлар ва эркинликлар талаб қилардилар. Улар ўз вақтлари келганлигини англар ва замон энди ўзгаришлар замони бўлажагини амирдан кўра теранроқ тушунар эдилар. Амир ҳам европача ўқиган, дунёнинг паст-баландига ақли етар, Русиядай улуғ мамлакатда қудратли чор ағдарилиб, ғаройиб-ғаройиб