Иброҳим Ғафуров

Мангу латофат: бадиалар


Скачать книгу

бой беряптилар. Бирлари қора тутун босган ўйларда, иккинчилари каклик кабоблар жазиллаши устида. Қиш чоғлари иш тўхтарди. Одамлар фаслга қараб ишлардилар. Фаровонлик ҳам шунга яраша эди. Фаслга қараб ишлаш умрни чала-ярим ўтказиш учунгина кифоя қиларди. Нега узоқ киш бекор ўтиришимиз керак? – деган оддий савол безовта қилмасди. Чўлпон миллий ҳаётга доир бу ношойиста манзараларни шундай якунлайди: «Мударрисларимиз қишда тушган тун, чойларни ҳисобламоқда, шаҳарлардаги қоп-қора самуварлар очилуб, хушёқмас халқ самуварларга йиғилмакдадурлар.

      Шеър:

      Ичинг чойу ўтирунг беҳуда ғийбат сотиб, эй халқ,

      Келур қиш бир вақт, қолмас сизга бу давру давронлар.

      Қандайдир фавқулодда осуда ва ўта ялқов манзаралар! Чўлпон бу такасалтангликлардан фарёд кўтаради. Ҳар бир сўзининг орасида: ахир шундай ҳам яшаб бўладими, биродарлар?! – деб изтиробланиб сўраётганга ўхшайди. Фаслга қараб яшаш ҳам ночорликдан! Миллий қизиқишларнинг ҳаддан ортиқ камайиб кетганидан! Юқоридаги Чўлпон парчасида «хушёқмас халқ» деган иборага эътибор бердингизми?

      Чўлпон ҳам, Фитрат ҳам, Мунаввар Қори ҳам, Беҳбудий ҳам ўз халқини беҳад севадилар, унга, унинг равнақига жонларини фидо қилишга ҳар қачон тайёр турадилар. Шу билан бирга, тўғрироғи, шунинг баробарида халқнинг оёғи иллатларга чирмашиб ётишига тоқат қилолмайдилар. Бу аёвсиз иллат занжирларини фақат ўткир қурол билангина даф қилиш мумкинлигига ақллари етади. Шунинг учун танқидларида – миллий танқидларида шафқатсиз сўзларни айтишдан чўчиб ўтирмайдилар. Табибнинг кўнгли бўш бўлса, касал оёққа турмаслигини яхши ҳис қиладилар. Халқнинг умумхос психологиясидаги иллатни ёш Чўлпон «хушёқмаслик» деб белгилайди. Чор-ночор турмуш кечираётган халқ қандай бўлсин ахир: хушёқмас бўлади-да! Фитратнинг мунозараларидан кўрдикки, мулла ва саводхон уламолар аксар халқ учун қилинадиган барча яхшилик ва ислоҳий ҳодисаларни куфр деб эълон қиладилар ёки жуда шафқатлари келганда, бу яхшиликларга халқнинг нафратини уйғотишга ҳаракат этадилар. Халқнинг тарихий бир даврдаги ҳолатини англатиб турадиган бу таърифга Чўлпон тасодифан келган эмас. Илгарироқ, ўқишга кетаётган Муҳаммадёр тўлқинланиб, хаёлан ватандошларга шундай хитоб қилган эди: «Эй, ватандошларим! Қачонгача бу ғафлат? Нимага бунча хушёқмассизлар. Ахир, сизлар ҳам одам-ку! Одамлардек ҳаракат қилингизлар… Уйқудан кўз очинглар! Илм, маърифат ва ҳунар изланглар! Вақт етди, балки ўтди!»

      Фитратнинг «Ҳинд сайёҳи қиссаси»да донишманд сайёҳ қаршида алоча тўқувчи моҳир устадан, Оврупода ўз ишларининг ўн – йигирма, ҳаттоки юз – икки юз йил кейинги ривожини кўзда тутадилар, сиз ҳам ҳунарингизнинг келгуси тақдирини ҳеч ўйлайсизми? – деб сўрайди. Шунда уста: «Ҳозир ишимиз яхши, ўн йилдан кейин ким тириг-у ким ўлик», деб жавоб беради. Хушёқмасликнинг моҳиятини англаяпсизми? Агар у миллатнинг ҳатто энг илғор намояндалари – моҳир ҳунарманд усталар психологиясига ҳам сингиб кетмаганда, Чўлпон ҳам, Фитрат ҳам унга алоҳида эътибор бериб ўтирмас эдилар.