ҳар бир нуқтада ўз хабарсизлигини кўрсатади. У ҳар ҳолда мударрис, ўз мамлакатининг зиёли одами, фарангдан «Бу оғир дардларга чора нима?» – деб сўрайди. Фаранг одамларга тез манфаат етказадиган ва ажойиб натижалари тезда-тезда юзага чиқадиган миллий мактаблар очиш зарурлигини айтади. Мударрисимиз эса янги миллий мактаблардан ўтдан қўрққандек қўрқади. Фарангнинг янги мактаблар, янги таҳсил усуллари, ислоҳпарварлик ҳақидаги фикрларини Бухоро ҳаётига тўппа-тўғри диверсия деб қабул қилади.
Хабарсизлик ўзи бундай қараса, беозоргина, турмуш кечириш, нон ейишга ҳеч бир халал бермайдиган бир нарса бўлиб туюлади. Кўплар буни шундай деб ҳам тушунадилар. Лекин аслида-чи?
Аслида хабарсизликдан:
Халқнинг ҳаётга қизиқиш доирасининг мутлақо торайиб кетганлиги –
ҳаётдан кузатилган ва кузатиладиган манфаатларнинг йўқ даражага ёхуд ўта жайдари бир ҳолга тушиб қолганлиги –
халқ ўзини халқ деб ҳис қилмай қўйганлиги – қавм даражасида ўралашиб яшашга кўникканлиги – йирик маданий қатламлар тахлаган, ўз ичидан даҳо олимларни ва адибларни етиштирган, чинакам улуғ тарих ва давлатчилик анъаналарини яратган халқ – ўз ўтмишидан фахрланишни унутганлиги – халқнинг нуфуси унчалик катта бўлмаса-да, лекин бир ўзига бирваракай учта хонлик вужудга келтирганлиги –
бу хонликлар ўртасида низолар ҳеч тўхтамаслиги –
булар ҳаммаси хабарсизлик оқибатларидир.
Хабарсизлик шуларга кўра таназзул ва турғунликнинг онасидир.
Фитратнинг ҳар иккала мунозара асаридан шундай хулоса келиб чиқади. Фитрат икки хорижий мусофир воситасида хабарсизликнинг даҳшатли картиналари билан оламни таништиради.
Бизга қолса, хабарсизлик халқнинг бутун куч-қувватини ўлик ҳолга келтирган, унинг ихтиро, кашфиёт қувватларини сўндирган, ҳаракат майдонини энг кичик нуқтагача торайтириб келган ашаддий оғир ижтимоий ҳодисалардан биридир.
Хабарсизлик қуртлари миллат дарахтининг ғоятда мустаҳкам танасини ичдан емириб, чиритиб, уни ҳаёт иморатини қуришга яроқсиз ҳолга келтирган иллат эди.
Кейинги уч юз йил мобайнида Туронда кашфиётчилик ва ихтирочилик руҳининг сўнганлиги, ҳеч бир нарсада улар юзага чиқмаганлигини нима билан изоҳласа бўлади?
Фитрат бу икки асарида худди ана шу хабарсизлик фожиаларини ҳар томонлама – барчасини ҳаёт реалликлари асосида кескин таҳлил қилади.
Турон маданияти ўн еттинчи асрдан кейин кетмакет таназзуллар ичида қолиб, халқ, ижтимоий-маданий, салоҳий жиҳатдан болалик ҳолатига тушиб қолган эди.
Маданий, ижтимоий, иқтисодий болалик даври барча миллатлар, барча халқлар ва мамлакатларда бўлиб ўтган. Уни бошдан кечирмаган халқлар йўқ. Туронда ҳам у қарийб уч юз йил давом этди.
Хабарсизлик ва болалик… мен ижтимоий болаликни назарда тутяпман. Улар бир-бирларига жуда яқин ва доим бир-бирларини етаклаб юрадилар. Хабарсизлик ва болаликнинг ўз психологияси мавжуд.
Фитратнинг