Носир Фозилов

Танланган асарлар


Скачать книгу

балиқ олиб кириб бер, тансиқ, есин!

      Асет ўрнидан туриб нариги хонага кириб кетди. Кампир қозон-товоқ билан овора. Мен уй ичига разм солдим. Буни қаранг, ташқаридан қараган одам, булар жуда камбағал туришар экан, деб ўйлаши мумкин. Йўқ, сира ҳам ундоқ эмас. Уй ичи жуда шинам. Озода. Қўша-қўша гиламлар, нақ чўғдай ёниб турибди. Уй анжомлари ҳаммаси жойида, тўрда, стол устида каттакон «Неринга» деган радиола, «Рубин» деган телевизор. Буларнинг телевизорлари Бокудан ҳам олар экан. Стол, стуллар. Бироқ уйларнинг шифти жуда паст. Айтишларича, шифти паст бўлса уй ичи иссиқ бўлармиш.

      Асет узунлиги нақ ярим метрча келадиган бир балиқ кўтариб кирди. Мен шошиб қолдим.

      – Ҳаммасини еёлмайман!

      Асет кулиб юборди.

      – Ова, бир парчасиниёқ еб кўр аввал. – У пичоқ билан дум томонидан бир қаричча кесиб, олдимга қўйди.

      – Шуни есанг куни билан сув ичиб юрасан.

      Шўр демаса, жуда мазали экан. Аввалига ҳаммасини еб қўяман, деб ўйлагандим, еёлмадим. Асет егин деб қистади. Кейин ейман, дедим. Кампир бир косадан сўк оши олиб кирди. Бирам ширинки… Ойим нуқул овқат ичмайсан, деб уришгани уришган уйда. Мана шунақа овқатларни пишириб берса, нега емас эканман, ейман!

      Кимдир қичқиргандай бўлди. Асет деразадан бўйини чўзиб:

      – Кираверинглар, – деди. Кейин менга қараб эшик томонга имлади. – Болалар келишяпти

      Эшикдан учта бола, бир қиз кириб келишди. Бири Бойтемир, иккинчиси Сафаргул, буларни танийман. Кеча улар мени кутиб олгани ченада аэропортга чиқишган.

      – Танишиб қўйинглар, – деди Асет. – Сафаргул билан Бойтемирни кеча кўргансан. Мана бу – Назар, бу – Сейт. Ҳаммаси еттинчи синфдан. Ўтиринглар.

      Ҳаммамиз стол атрофига ўтирдик. Асет уларнинг олдига ҳам бир парча-бир парчадан балиқ кесиб қўйди. Кампир кириб жуда хурсанд бўлиб кетди.

      – Вой, бўйларингга қоқиндиқ! Асетжонимнинг ўртоқлари келибди. Ҳозир, ҳозир овқат олиб кираман… – деб ташқарига чиқиб кетди. Бойтемир унинг орқасидан қичқирди:

      – Ҳозир уйдан овқат еб келдик.

      Кампир бу гапни эшитмади. Уларга ҳам косада сўк оши олиб кирди.

      – Олинглар, болажонларим, олиб ўтиринглар. Асетжонимнинг ўртоғи келди Тўрткўлдан. Олинглар…

      Кампир бизларга халақит бермай дегандай, аста чиқиб кетди. Бойтемир қошиқни косага солиб айлантирар экан, Сейтга қараб нимадир деб имо қилди. Сейт аввал лабларини буриб, елкасини учирди-да:

      – Ана, синфком гапирсин, – деди.

      Қаранг, буларда ҳам синфком қиз бола экан. Сафаргул аввал катталардек бармоқларини бармоқлари орасига олиб қарсиллатиб жилмайди-да, аста гап бошлади:

      – Бизлар кечаги гап тўғрисида келган эдик.

      Мен уларнинг имосига дарров тушундим. Кеча кечқурун мен уларга бу ерга келишим сабабини гапириб берган эдим. Шунда улар бу масалани ўйлаб кўрмоқчи бўлган эдилар. Буни қарангки, ўша гапни кечаси билан ўйлаб чиқишипти. Раҳмат, сизларга, дўстларим!

      – Ова, шуни ўйлаб юрибмиз бошимизни қотириб, – деди Бойтемир худди бир янгилик очгандай севиниб. – Эртага мактабда Қалли ота билан учрашув бор экан-ку!

      – Учрашув бўлса нима бўлипти,