Биз бирга эдик. Ана шунинг ўзи барча ташвишларимни ёпиб, бахтли болалигимизни таъминлашга асос бўларди. Шу икки инсон мени Ибрат Сафо қилди, яшашга куч бағишлади, иродали инсон бўлишимга ёрдам берди. Уларни ўйлашим билан чарчаган асабларим яйраб кетар эди. Мен келажакда уларни бахтли ва бекаму кўст ҳаёт билан таъминлашим учун бойлик ва пул жуда керак бўлишини ҳис этардим. Ва бор кучим билан шунга интилдим. Афсус, мен истаган ва улар учун аталган нарсаларга бугун эгаман, лекин улар йўқ, бириси ўлган, бириси дараксиз. Бу қандай кўргулик. Хатирани топиш учун ҳеч нарсани – вақтниям, имконият ва пулниям аямайман. Илтимос қиламан, менга ёрдам беринг, онам ўлган, унинг мен учун азиз ва қадрдон руҳи ҳаққиҳурмати Хатирани топишим ва уни бахтли қилишим керак. Бусиз армон билан кетаман.
– Хавотирланманг, дўстим, – адвокат бу сафар унга чексиз ҳурмат ила қаради. Беихтиёр унга ўзини жуда яқин тутгиси келди, – мен уни албатта топаман, кўнглим сезиб турибди, газетага эълон бериб қўямиз. Яна ўйлаб турибман. У балки юзларини пластик операция қилдиргандир. Ахир бу ҳозир жуда урфга кирган.
– Йўқ, адвокат, мен яқинда кекса қўшнимизни кўрдим. У охирги марта жуда тушкун қиёфада бўлган ва уч йил олдин қишлоқдан чиқиб кетган. Иннайкейин, у тоғлик қишлоқ қизи, бунақа тиббиёт ютуқларини билмайди. Билганда ҳам унинг пули йўқ. Турмушга ҳам чиқмаган, қолган умрини энг савоб ишларга бағишлаб, Оллоҳни ёдлаб ўтказажагини айтган.
– Умидсизланманг, кўнглимда катта умид, албатта бу қизни топаман.
– Раҳмат, дўстим, орамиздаги бу гаплар шундоқлигича қола қолсин. Олди-қочди гапларни ёқтирмайман. Ортиқча шов-шув ҳам… мени тушунгандирсиз.
– Ҳаммаси Сиз хоҳлагандай бўлади.
– Сизнинг телефон қўнғироқларингизни ҳар дақиқа кутиб ва соғиниб яшайман, – шундай дея уни эшиккача кузатди.
Эслади. Тоғаси иккаласи ҳар галгидек дўконда ёлғиз қолгандилар, у бугун негадир одатдагидан ўзгача хавотирли овозда эшикни ичидан беркитди, сўнг жиянига юзланди.
– Ўтир, Ибрат, сен билан жиддий гаплашиб олмоқчиман, кўриб турибсан, бу ер нотинч, юртда қашшоқлик авжига чиқяпти, ёнгинамизда бир-бирига қарамақарши икки гуруҳ ҳукмдорлик учун аёвсиз уруш олиб бормоқда. Шу пайтгача чет-четда кураш кетарди, ҳозирги кунда эса бемалол пойтахтга ҳам яқин келмоқда, – тоғаси оғир тин олиб унга тикилди. Овозида Ибрат шу пайтгача ҳис этмаган дард ва таҳликани сезиб олдиндан юз беражак нохуш воқеани ҳис этгандек юраги зирқ этиб кетди.
– Нима демоқчисиз, тоға, очиқроқ айтаверинг.
– Биз эҳтиёт бўлишимиз керак, яхшиям кеннойинг ва икки жиянингни Туркияга, укамникига жўнатганим. Биз дарҳол қиммат молларни арзон бўлса-да тез-тез сотиб бу юртдан чиқиб кетишимиз керак.
– Нега, бизнинг ҳеч гуноҳимиз йўқ-ку.
– Ким билади дейсан. Уруш гуноҳкор, гуноҳсизни фарқлайдими.
Ибсол амакингни босмачиларга ёрдам бергансан, уларни пул билан, овқат билан таъминлагансан,