Тохир Хабилов

Тенг-тенги билан бахтлидир


Скачать книгу

тошидан ҳам қаттиқроқ бўлгани сабабли уларга Қуръон оятлари таъсир этмас”, деб изоҳлайдилар. Дабдабали тўйларнинг зарари, оилаларнинг бузилиб кетишига доир гаплар йиғилса, унча-бунча тоғни эритиб юборарди, аммо хотинларнинг қалбини эрита олмаяпти, онгига таъсир этмаяпти. Худонинг ишига аралашиш мумкин эмас, лекин камина, Аллоҳнинг ўзи кечирсину, дафтарчамга “Аёлнинг яратилиши яхши бўлган-у, аммо тўйларга тайёргарлик ва ўтказиш тадбирларига аралашадиган тарзда яралгани чатоқ-да”, деб ҳазил тарзида ёзиб қўйган эканман. Ишонаманки, эркакларнинг барчаси шу фикримга қўшиладилар. Яна биламанки, барча эркаклар тўйлардаги исрофгарчилик ва бошқа зарарли ишларга хотинлар айбдор деб ҳисоблайдилар. Хотинлар эса: “Эрларнинг ўзи лапашанг, хотинларига сўзи ўтмайди”, – дейдилар. Шаддодроқ аёлларимиз эса масалани кўндаланг қўядилар: “Эр оилада хўжайинми? Хўжайин бўлса, нега хўжайинлик қилмайди?” Назаримда, шу гап тўғрироқ. Бирон идоранинг раҳбари лапашанг, дангаса, ланж бўлса-ю, иш орқага кетса, катта идоралар кимни айблайди, кимни жазолайди: раҳбарними ё унинг котибасиними? Бир киши “Ким хотинидан қўрқмаса шу қимматбаҳо тулпоримни бераман”, деб шаҳар кезибди. Хотинидан қўрқмайдиган эрни топиш қийин бўлибди. Кўпчилик бир мард одамнинг номини тилга олгач, ўшани қидириб топибди. “Бу шаҳарда фақат сизгина хотинингиздан қўрқмас экансиз, шу ростми?” – деб сўрабди. “Ҳа, рост, хотиндан қўрқадиган эр эрми?” – дебди у киши мағрурланиб. “Унда бу тулпор сизники, ҳовлингизга олиб кириб боғланг”, дейилгач, қўрқмас киши: “Тўхтаб туринг, отни қаерга боғлашни хотинимдан сўраб чиқай”, – деган экан. Шу латифа машҳур адиб Жан Жак Руссонинг фикрини тасдиқламайдими: “Жинслар ўртасидаги ўзаро муносабатнинг фарқловчи хусусияти – кучлироқ жинс вакили зоҳирангина фармонбардор бўлиб кўринади, аслида эса, заиф жинс вакилига қарамдир”. Адибнинг фикрига арабларнинг ҳикмати жуда ҳамоҳанг: “Аёл кўп нарсани талаб қилмайди: фақат унинг эри ҳар қандай аёл олдида кучли бўлса-да, ўз аёлининг олдида заиф бўлиши керак”.

      Бизнинг ҳаётимиз шундай: қўрқмаймиз, аммо хотин чизган чизиқдан чиқмаймиз. Нохуш ҳолат юз бергач эса фақат хотинни сўкамиз. Ҳеч биримиз “Ўзимнинг ақлим йўқмиди, кўзим қаерда эди?” демаймиз. Суқрот ҳаким: “Чавандозларга қайсар отлар қанчалик зарур бўлса, жанжалкаш хотин ҳам менга шунчалик зарур. Худди чавандозлар бўйсунмас отларни енгиб, бошқаларини осон бошқаришганидек, мен ҳам хотиним Ксантиппа орқали бошқа одамлар билан муомала қилишни ўрганаман”, – деган экан. Доно фикр. Лекин ҳаёт шундайки, чавандозлар орасида қайсар отга эгар ура олмайдиганлари ҳам кам эмас. Деярли барча оилаларда, ҳатто бойларнинг оилаларида ҳам тўйдан олдин сарфу харажат бўйича эр-хотин орасида, юмшоқроқ қилиб айтганда, баҳс-мунозара бўлади ва юздан тўқсон беш ҳолатида даҳанаки жанглар хотин фойдасига ҳал бўлади. Енгишга кучи етмаган хотин ҳийла-найранг, ёлғонни ишга солишдан ҳам тоймайди. Қадимгилар “Хотин кишининг макри қирқ туяга юк бўлади”, дейишган. Ҳозирги кунда макри