оила ҳаловати учун жон куйдирадиган виждонли, дуогўй эрлар назарда тутилган. Ярим тунгача маст-аласт юрувчи, ёмон хулқли, рўзғорга қарамайдиган, танбал, илмсиз, ҳунарсиз, инсофсиз эрларга ақлли хотинларнинг йўлдош бўлишига, барча ишларни бошқаришни ўз қўлига олишига зарурат бор. Тасаввур қилайлик: эр ҳам, хотин ҳам автомашинани бошқара олади. Лекин бир жойга борар бўлсалар, бошқарувни эр қўлига олади. Чунки унинг бу борадаги тажрибаси кўпроқ. Ўша жойда эр ароқ ичиб олса, бошқарув хотинга топшириладими? Бу учраб турадиган ҳолат. Агар эр автомашина бошқаришни мутлақо билмаса-ю, хотин ўқиган, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлса-чи? Бошқариш чамбарагини шу эрга топшириш мумкинми?
“Икки эгалик хонадонда тотувлик, икки ҳокими бўлган мамлакатда осойишталик йўқ”, деган мақолни биларсиз. “Хўрози кўп бўлган қишлоқ кеч уйғонади”, деган мақолни-чи? Инглизлар эса “Бир нечта ошпаз бўлган жойда шўрва яхши пишмайди”, дейдилар. Ўтмишда ўтган француз императори Наполеоннинг “Бир ёмон бошлиқ иккита яхши бошлиқдан яхшироқ”, деган гапи ҳам “Оилада ким раҳбар?” деган саволга аниқ жавоб бўла олиши мумкин. Баъзи дўстларимиз Қуръони каримда зикр этилган “Оилада эр хўжайин” мазмунидаги оятни билмасликлари ёки эътиборсиз қарашлари мумкин бўлгани сабабли дунёвий гапларни ҳам биргаликда эсласак, балки нафи тегиб қолар.
“Эркакнинг ҳурматга, хотиннинг эса севгига, меҳрга, эътиборга кўпроқ эҳтиёжи бордир. Яратилишдан келган хусусиятлар ва олган жавобгарликлар эътиборидан оила раиси эр бўлиши керак. Хотин эрдан бир қадам ортда бўлиши лозим”, деган гаплар ҳам бор. Сиз-ку, бу фикрга қўшиларсиз, аммо хотинингиз норози бўлиб: “Нега бири иккинчисидан юқори мавқеда бўлиши керак экан?” – деб даъво қилиши аниқ. Унга ўтмиш мутафаккирининг: “Ҳақлар тенг бўлганида жанжал чиқади”, деган фикри жавоб ўрнида кифоя қилармикин? Диққат қилайлик-чи: оилалардаги чиқаётган жанжалларнинг асосий қисми икки тарафнинг ҳам айтганини қилдиришга уринишлари туфайли юзага келмаяптими? Оиладаги бир кишини раис, хўжайин, бошлиқ, раҳбар каби номлар билан таърифлаш муҳим эмас, аммо барчага сўзини ўтказа олувчи бошлиқ бўлиши шарт. Қаранг-да, ҳар бир ташкилотнинг бир бошқарувчиси, ҳар туман, вилоятнинг бир ҳокими бор. Оила ҳам жамиятнинг ўзига яраша жажжи вилоятидир. Икки бошлиғи мавжуд ташкилот, икки ҳокими бўлган туман ёки вилоят бўлмаганидек, икки раҳбари бўлган оила ҳам бўлмайди. Аммо айрим оилаларда шунақа ҳолларни учратиш мумкин.
Оилада хотиннинг ўрни қаерда: ё эрдан бир қадам орқада, ёки олдинда, ёки теппа-тенг. Орқада юришга кўниккан хотин бахтига эртароқ эришади. Оилада хотин олдинда юрса-чи? Аввало, аёллар туйғуларига кўпроқ бўйсунганлари учун мувозанатни сақлаб тура олмайдилар. Эрга буйруқ беришга одатланган хотиннинг қай даражада бахтли бўлишини тасаввур қилиш қийин.
Ҳар қандай аёл эрнинг кучли ва қатъиятли, оила шарафини ҳимоя қила оладиган жасоратли бўлишини истайди. Эр хотин кўзига заиф ёки қўрқоқ кўрина бошлагач, оилада