аёл эрини ўз уйида ўйнаши билан ётганида фош қилган. Эр тавба қилган. Хотин кечирган. Аммо уйдаги кўрпа-тўшакларни олиб чиқиб ёқиб юборган. Шундан кейин кўнгли таскин топгандай бўлган. Эрни кечириш хотиндан жуда кучли матонат, сабр талаб этади. Лекин шубҳа ва гумон ўти сўнмайди. Доимий равишда юракни куйдириб тураверади.
Агар эрнинг хиёнати исботланмаса, хотин ўзича гумонсираб юраверса, бу ёмон. Ўзини ҳам, эрни ҳам қийнаб қўяди. Уйга кеч келувчи эр ўйнашиникида ўтирган бўлмайди. Дўстлари билан ўтирган бўлиши ҳам мумкин. Кечаси навбатчиликда қолган эр хотинларга илакишмайди, ўз вазифасини бажаради. Бир аёл менга: “Укангизга насиҳат қилиб қўйинг, уйга вақтлироқ келсинлар”, деди. Менинг насиҳат қилишим фойдасиз эди, чунки у эр милициянинг жиноятга доир қидирув бўлимида ишларди. Бир жиноятчининг изига тушган кезлари 2-3 кунлаб уйга келолмасликлари ҳам мумкин. Мен буни тушунтириб, келиннинг ўзига насиҳат қилдим.
Келинпошша, эрингизни чиндан севар бўлсангиз, ундан гумон қилаверманг, балки вафодорлигига ишонинг. Агар шайтон кўнглингизга ғулғула солар бўлса, “Аллоҳим, эримга инсоф бер, ёмон йўллардан асра”, деб дуолар қилаверинг.
“Булбулнинг эркаги сайрайди, одамнинг – аёли”, дейдилар, лекин сиз ҳуда-беҳудага сайровчилардан бўлманг.
Эрингизнинг автомашинаси бўлса, ёнига эмас, орқа ўриндиққа ўтиришга одатланинг. Бунинг сабаби: (Аллоҳ кўрсатмасин) кўнгилсиз ҳолат юз бергудай бўлса, олд ўриндиқда ўтирган одам кўпроқ шикастланади. Олд ўриндиқда ўтирган аёл ҳаракатланиш пайтида ҳайдовчини чалғитиши, халақит бериши мумкин. Кичик ёшдаги болаларни ҳам орқа ўриндиққа ўтиришга мажбур қилиш керак. Пиёда юрилганда ҳам, эр-хотиннинг ёнма-ён, ҳатто қўлтиқлашиб юриши ғарбликларга хос. Бизда уят ҳисобланади. Ота-боболаримиздан мерос қолган яхши одатга кўра, хотин эрдан ярим қадам ортда юриши хайрли. Буни аёлни камситиш ёки ҳақоратлаш, деб тушунмаслик керак. Аксинча, бу ҳолатда аёлни қадрлаш бор. Чунки кўча турли фалокатларга тўла. Олдинроқда юрган эр тасодифий дуч келинган фалокатга ўзини қалқон қилиб, хотинни ҳимоялайди.
Бўлдирадиган ҳам – хотин, ўлдирадиган ҳам – хотин, дейдилар. Сиз бўлдирадиганлардан бўлинг.
Ҳаётда ҳеч бир иш ўз-ўзидан бўлмайди. Яъни, ҳар бир яхшилик бир заҳмат, бир меҳнат натижасидир. Бизга бир оз қувват бўладиган бир луқма овқат қанчалар меҳнат ила пайдо бўлади. Ундан фойдаланиш учун ҳам яна бир оз машаққат чекиш лозим. Жаннат мисоли бир оила соҳиби бўлмоқ учун зиммангизга тушган мажбурият, вазифа ва хизматларни танбаллик, дангасалик қилмай адо этишингиз керакдир. Боғдаги бир гул ҳам ўз-ўзидан ўсиб етишмайди ва гул очилмайди. Ақлли хонимлар яхши одамлар билан ҳамсуҳбат бўладилар. Уларнинг яхши одатларидан яхшилик ўрганадилар. Ёмон одамлардан узоқ бўладилар. Токи уларнинг ёмонлигидан юқиб қолмасин. Яхшиликлар гул ниҳоли кабидир. Инсонда етишувчи кучдир. Ёмонликлар эса чўлу биёбонларда ўсадиган янтоқлар кабидир. Булар инсоннинг ўзи билмагани ҳолда унда илдиз отади. Табиат аёлга шундай хитоб қилар экан: уддасидан чиқсанг гўзал бўл, хоҳласанг оқила бўл, аммо идрокли бўлмоғинг