эндиликда ҳаётнинг сирли уммонига улоқтирилган синглисининг қандай турмуш кечираётганини билиб олади. У ташланган уммон тиниқми, шўрми, балчиқми? Симда эса Ҳилола ҳамиша: “Ҳаммаси яхши, аҳилиноқмиз, келинг-кўринг” деганча шодлигини ифодалаган бўлади. Бош ака боролмаётганидан ўкинади ва: “Ҳилола, куёв билан ўзларинг келақолинглар, дам олиб кетасизлар”, дея таклиф этади. “Борармиз, ёз келаверсин-чи, дала-ҳовлизни мақтаганман, ўзиз ҳам кетар чоғда: “Курортга бориб юрманглар, тоғда дала-ҳовлимиз бор”, деб унга айтгансиз”. Акаси бу ваъдани эслолмайди. Маст бўлганда ҳар хил гаплар айтиб юборгани эҳтимолдан узоқ эмас. Аммо иқтисодий танглик дала-ҳовлига ҳам ўз таъсирини ўтказган: бошланган ишлар чала қолган – иморат тиклангану сувоқдан чиқмаган; ерларни ёввойи ўтлар босиб ётибди; кўчатларнинг айримлари сувсизликдан қовжираган. Шундай вазиятда кенжа куёви келса, Ҳилола хижолат чекмайдими? Шунга қарамай синглисига: “Йўлга чиқишдан икки-уч кун бурун сим қоқинглар, дала-ҳовлини куёвимизга мослаб, у ёқ бу ёғини тартибга соламиз, хўпми?” деб тайинлайди. Сўнг отасининг аҳволини суриштиради. “Юриптилар. Яхши” деб қўяди синглиси. Бироқ унинг овозида қандайдир маъюслик сезилади. Буни бош ака ўзича тушунади: “Ҳа, отам келиннинг қаровида қолди. Еб-ичиш, ётиш-туриш – парвариш ўзига яраша. Шундан у изтироб чекади. Ёрдам бергиси келади. Аммо унинг ўз хўжайини бор. Истаган маҳали ота ҳовлисига боролмайди. Шундан сиқилса керак…”
Ҳилола эса дастакни ўрнига қўядию даҳлиздан ўз хонаси томон чопади, кўзларидан томчилар сизганча юмшоқ каравотга ўзини отади.
“Қандай айтай? – дейди ўзига ўзи. – Акаларимгаям, опаларимгаям айтолмийман. Улар билмасликлари керак. Мен зиндонда аждаҳога ем бўлаётганимни ҳеч ҳам билмасликлари зарур…”.
У ногоҳ қаддини ростлаб, оёқларини пастга туширди. Хаёлида ғалати фикрлар кезарди. Хонада ҳеч ким йўқлиги бунга қулайлик туғдирар эди. Босит ҳали келмаган – қайси гўрларда тентираб юргандир. Қайнатаю қайнана аллақачон бир уйқуни олишган. Қайнағаларию оила аъзолари ойнаи жаҳонга мубтало – бошқа нима ҳам қилишади?
– Бир вақтлар ўқувдим, – пичирлади Ҳилола. – Айтиладиган гап-сўзлар, ҳатто пичир-шивирлар ҳам батамом йўқолиб кетмас экан. Хусусан, юракдан чиққан нидолару хитоблар самога кўтарилиб, дайдиб – айланиб юраверар экан. Уларни фаришталар, жинлар гоҳида эшитиб қоларканлар. Эҳтимол, келажакда шундай овозларни тутиб оладиган аппаратлар, тутқичлар кашф этилар. Ўшанда менинг изтиробларимниям тинглаб кўрарлар. Лекин унда отам… – дедию томчилардан кўзларига парда тўсилди, – отажоним бўлмайдилар. Ким билади, ўзим ҳам, акаларим ҳам тупроққа айланармиз. Нидоларим… балки шохли Искандарнинг сартароши овозидай оламга таралар…
Ҳилола ўша машҳур эртакни эслади: ўта золим, шафқатсиз шаҳаншоҳ соч олдирганидан кейин ҳар гал сартарошни қатл этаркан. Бунинг сабабини ҳеч ким тушунолмаган. Мамлакатда ҳамма сартарошларга қирон келади. Шоҳнинг сочи яна ўсади. Бироқ сартарошни қаердан топишсин? Роса суриштирилганидан сўнг узоқ бир қишлоқдан сартарош топиб келадилар. Соч олаётиб, сартарошнинг ғалати ҳолга тушганини, қўли билинар-билинмас