зиёфатга сарфланса… Акалари баъзан “шайтон сийдиги”дан “жиндай-жиндай” нўш қилиш одатлари бор. Уйда эса ҳеч вақо йўқ… Фазлиддин бош қашиб турди-да, ниҳоят велосипедни етаклаб чиқди.
– Йўл бўлсин, – отаси билан гаплашиб ўтирган Ҳусниддин ўрнидан туриб, унинг ёнига келди. – Қаёққа отландинг?
– Марказга ўтиб келай, у-бу керак экан.
– Биз зарур нарсаларни келтирганмиз. Беҳуда овора бўлма.
– Аҳ, йўғ-э, ака… – Фазлиддин қувонганини яширолмади. – Унда… анавиндан…
– Э, қўй ўшани, – Ҳусниддин қўл силтади, укасининг велосипеди тумшуғини ёнга итарди. – Ўшасиз ҳам кунимиз ўтади, укам.
– Ундай дема, укагинам! – деганча Шавқиддин меҳмонхонадан шошиб чиқди. Ён чўнтагидан битта эллик сўмлик олиб, укасига узатди. – Қитдай-қитдай қилмасак, қандай бўларкан? Биир йиғилиб қолибмиз-да, укам.
– Э, ака, – дейишдан нари ўтолмади Ҳусниддин. Уй эгаси эса гапни чўзиб ўтирмай, ўзини велосипед эгарига отди.
Ошдан олдин яримтани думалатишди, Одил бобога ҳам озроқ қуйишди. Бироқ ота кескин рад этди:
– Энди манга индаманглар, бачаларим. Шу сабил қолгур манга бирор каромат кўрсатган эмас, эндиям кўрсатмайди. Сан, Шавқи, бачам, ишинг тузукроқ, шаштинг ҳали қайтгани йўқ. Локин, ичишни тўхтатсанг, ютқизмийсан, барака топасан, бачам.
– Э, ота, иш аввалгидай эмас, ойликни вақтида бермайди.
– Ойлик бермаса, тирикчилик нима бўлопти, бачам?
– Ўғирлиқ-да, – кулиб гап қўшди Баҳриддин.
– Ўғирлиқ… Ҳа, ўғирлиқ, ота. Ҳамма қилганидан кейин биз ҳам қиламиз-да: белимизга, сонимизга чит, сатин ўраб, олиб чиқамиз. Шуни пуллаб, тирикчиликка яратамиз, ота.
– Оббо, жуда ямон, қалтис ўйин экан у, бачам. Ўғирлиқ – гуноҳи азим, бачалагаям касри уради. Қўлга туш-санг, ишдан ҳайдаласан, қамалиш ҳам бор. Шу ишни қилма, бачам.
– Бошқа илож йўқ, ота, ҳамма ўғри бўлиб кетган.
– Посбонлар индамайдими?
– Индайди. Лекин улар ҳам ҳақини олади-да. Катталар ўша посбонлардан ундиради.
– Мунақада яқин ораларда мамлакат ўзини ўнглаёлмас экан, – чол бош чайқаб, ўйга толди.
Одил бобо мустақиллик туфайли икки масалада жуда қувонган эди. Биринчиси, мамлакат ўрислар – динсиз фирқа зулмидан озод бўлди. Шунинг шарофатидан дин-иймонга эрк берилди, кўплаб масжидлар ишга тушди. Бировдан рухсат сўраб, намоз ўқилмайди, рўза тутилмайди. Яна… каллани ишлатиб, ҳаракат қилган одам бой бўлишига йўллар очилди. Аммо ғалати-ғалати ҳодисотлар бўляптики, охир-оқибати нима билан тугашини ҳеч ким билмайди… Яна бир қувончи – ўзининг ҳовлисида осойишталик юзага келди – Ҳилола ҳимояда. Бироқ унда ҳам қандайдир муаммо борга ўхшайди…
– Ота, – деб қолди ногоҳ Ҳабиба. Одил бобо унга ялт қаради. Бу қизи ҳамиша бир иш ё ишкал чиқариб юради, – хафа бўлмайсиз, ҳовлимиздаги бу йиғилишимизни мен уюштирдим.
– Хай, яхши қилибсизлар йиғилиб. Шундай йиғилиб турганларинг яхши-да, бачам. Бирор муаммо чиқмадими иш қилиб?
– Бор-да,