Салом Муҳаммад

Катта хонадон 1


Скачать книгу

ўқи-гим келяптию бу ерда мен хоҳлаган бирортасиям йўқ. Ҳеч кимнинг китоб билан иши йўқ, ҳамма ойнаи жаҳон ишқивози. Қандай бўлмасин, Боситни китобга қизиқтиришим керак…

      Дарвоза ғийққиллади. Ўгирилдиму юрагим гупиллаб ура кетганини ҳис этдим. Қўлида бир даста атиргул тутган Босит жилмайганча ичкари кирди. Наҳотки гуллар менга аталган. Бизнинг қишлоқларда хотинига гул совға қилган бирор кимсани кўрмаганман. Акаларим-чи?.. Улар ҳам бундай қилмаганлар. Опаларим ҳам бу ҳақда ҳеч нима демаганлар.

      – Атиргул… – шивирлаганча у томон юрдим. – Бунча чиройли!

      У гулни менга узатди:

      – Манг, бу сизга.

      У мени ҳамон сизсирарди, сансирашга оғзи қовушмаётганга ўхшарди. Аммо унинг сансирашини, мағрурроқ бўлишини истардим. Кези келса, буни айтарман ҳам.

      – Раҳмат! – дедим ҳаяжонли овозда. Балки юзим ҳам ўша атиргулдай қизарган бўлса, ажаб эмас. – Буни қаердан олдиз? Бозорданми? Ҳозиргина узилгандай…

      – Ҳа, яқиндагина уздим. Бизни бозорларда гул сотилмайди.

      – Ҳа-я… – гулни олиб, бурнимга босдим, ҳидидан маст бўлгандай сархушландим. – Буни қаердан уздиз?

      – Ўғирладим.

      – Ўғирладим? – вужудим ёқимли жимирлаб, ғалатироқ бир кулги кўтарилди – балким лабимга табассум қўндиргандир. – Йўғ-э?

      – Келаётсам, райкўм, э, ҳокимият боғида ловуллаб турибди. Эгалари кўринмайди. Сизни биир хурсанд қилай, дедим-да, кичкина тўсиқдан сакраб ўтиб, шартта беш донасини уздим.

      – Ҳеч ким индамадими?

      Босит бош чайқаб, менга мўлтираб қаради:

      – Гулни яхши кўрасизми?

      – Жуда! Раҳмат сизга!

      – Унда… қани, чўзолинг-чи… – у лабини чўччайтириб, бошини менга яқин келтирди. – Битта муччи беринг-чи.

      – Вой, шу ерда-я? – мен нозландим, атрофга қўрққандай алангладим. – Ойим кўрсалар, нима дейдилар?

      – Алдаманг, онам йўқлигини биламан, – дедию у мени қучиб олди…

      Уйга кирдик. Мен ундан:

      – Ишингиз шунақа эрта тугайдими? – деб сўрадим. У жилмайди:

      – Ишни қачон тугатиш ўзимга боғлиқ. Буюртма кўп бўлса, кечгача қолиб кетаман.

      – Ҳаа, унда буюртма йўқ экан-да, – дедим.

      – Э, буюртма жуда кўп, хусусан, эски туфлиларни яматувчилар тўлиб-тошиб ётибди. Ишлагим келмади, сизни соғиндиму дўкончани қулфлаб, йўлга тушдим, – у кутилмаганда мени кўтариб, хобхонамизга олиб кириб кетди…

* * *

      – Мени эшитаяпсанми, само, сизлар-чи, фаришталар? – ички хитоб ила деди Ҳилола ўрнидан туриб, кўкка тикилиб. – Мен шунақа хурсанд эдим, тақдиримдан хафа эмасдим. Лекин ёнимда кўпроқ бўлишини истардим. Бунинг нималигини ўзим ҳам билмасдим. Ўзимда севги пайдо бўлди дейишга ийманардим. Ҳа, ийманардим. Чунки, тасаввуримдаги севги тамоман бошқача бўлиши зарур эди. Негадир мен ўзимни чўлнинг чарс қўйига ўхшатардим. Чарс қўйни кўрганмисиз? Мен кўрганман. Отам бир марта чўлдан шунақасини олиб келувдилар. Ёввойи деймизми, одамни кўрмаганга ўхшайди, деймизми,