ичган… – пичирлади у. – Ҳаммаси тамом, ҳаммаси барбод…
– Ундай деманг, келинжон, умидли дунё. Уни ҳаммамиз ўртага оламиз, – дедию қайнанаси елим халтачани тутганча уйга шошқин кирди. Салдан кейин унинг каравотни силкитганча ўғлига дағдаға қилаётган овози эшитилди. – Нима қилиб қўйдинг, жувонмарг? Яна анави ахлатдан ютдингми?
– Иим… – ингранди ўғли, – ни-нимма? Ким айтди?
– Ётишингга қара, алвасти, сасиб-жийиб кетибсан!
– Боринг, бошимни оғритманг, – тебраниб, ғижинди ўғли.
Онаси ҳам бўш келмай, каравотдаги гавдани силкитишда давом этди:
– Нимага сўзингда турмадинг, жувонмарг? Тур ўрнингдан!
– Ундан ичганим йўқ.
– Мана бу нима унда, ҳайвон? – онаси халтачани унинг кўзларига яқин олиб борди.
Босит гавдасини кўтариб ўтирди. Волидасининг қўлидаги нарсани кўриб, жаҳл билан уни тортиб олди:
– Буни қаердан олдинг? Келининг бердими?
Кампир келини оғир вазиятда қолишини тушуниб, қўрқиб кетди. Даҳлизда Ҳилола ҳам қалт-қалт титрарди. Аммо титроқ ўрнини жаҳл эгалладию у хонага тез кирди ва кескин овозда:
– Ҳа, мен бердим, – деганча эрига тик қаради. – Расво бўлган… кийимларизни тозалаётиб, қўлимга илинди.
У “расво” сўзини эрининг вужудига нисбат бериб айтган, бироқ бу тушунча на Боситнинг, на онасининг онггига етиб борган, кийимнинг ўзига тааллуқли маъно касб этган эди. Бу билан Ҳилола жанжал гулханига мой эмас, балки ҳўл ўтин қалаганини ҳис этди. Аммо хавф йўқолган эмас эди. Босит бир нафас саросималанди ва ўқрайганча:
– Буни нимага онамга бердинг? – деди дағдаға оҳангида.
– Ман ўзим устига келиб қолдим, тозалаётган эканла, – дея қайнана келинига ён босди. – Мумиё деб ўйлабдилар бечорагинам. Сан ҳайвон…
– Кўп ҳаддиздан ошманг! – Босит ўшқириб, бутун вужудини титратди. Онаси ҳайиқиб, бир қадам тисарилди, кўзлари ёшга тўлди. Бироқ йиғлашдан тийилиб, ўғлига қаҳрини сочишдан қайтмади:
– Ҳаддимдан ошсам, урасанми, жувонмарг?
Босит индамай онасига бақрайиб тураверди.
– Энди одам бўларсан, деб ўйловдик, яна ўша ахлатдан ютибсан, жувонмарг…
– Ичганим йўқ, туҳмат қилманг, – энди у сал юмшади ва тез ўзгариб, хотинига хезланди. – Сен шундай деб айтдингми, сотқин?
– Ана, кўзинг айтиб турибди. Турқингга қараган кишининг кўнгли озади! – деди онаси аламангиз овозда. – Бировни гулдай фарзандини шу ниятда келин қилувдикми, жувонмарг? Акалари эшитса, уларга қайси кўз билан қараймиз?
– Акаларини осдим! – Босит қўлини арра қилиб, томоғидан тортди. – Акалари менга ҳеч нима!
17. ҚАЛТИС ЖАВОБ
Ҳилоланинг миясига қон тепди: юзлари чўғдай ёниб, киприклари пир-пир учди. У оғайниларидан бирортасига гард юқишини, бу можаролар уларнинг қулоқларига етиб, безовта қилишини мутлақо истамас эди. Акаларию опалари учун у ўзини қалқон қилишдан қайтмаслигини ўзи яхши биларди. Аммо ҳозир ўзи ила бир ёстиққа бош қўймиш жонивор нималар деб валдираётир…
– Акаларимга тил тегизма,