Абдуқаҳҳор Иброҳимов

Бизким ўзбеклар


Скачать книгу

даврдан эътиборан Олтин Ўрда давлатини Миср ва бошқа араб мамлакатларининг тарихчилари «Мамлакати ўзбек», деб, юнон, рум ва форс тарихчилари эса «Ўзбекия» деб ўз асарларида ёритадилар. Мирзо Улуғбек эса «Тўрт улус тарихи» асарида Ўзбекхоннинг ҳокимият тепасига келишини «Ўзбек улуси унга берилди» деб ёзади. Унинг фикрича, Олтин Ўрда давлати Султон Муҳаммад – Ўзбекхонгача ҳам «Ўзбек улуси» деб аталган. Ўзбек атамаси Олтин Ўрда давлатида яшаган, ислом динини қабул қилган Орлот, Баҳрин, Бур-гут, Дўрмон, Қтой, Қорлуқ, Можор, Қипчоқ, Қиёт, Қўнғирот, Манғит, Найман, Нукуз, Танғут, Қушчи, Минг каби туркий қабилалар уюшмасини, яъни ўзбек халқи маъносини ва шу халққа тегишли мамлакатни билдирган. XIII асрнинг иккинчи ярми, XIV асрда яшаган Шарқ тарихчилари томонидан бу халқ умумий ном билан ўзбек деб аталган. Мирзо Улуғбекка замондош машҳур тарихчи Абдураззоқ Самарқандий «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» («Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи») асари иккинчи жилдининг биринчи қисмида XV асрнинг биринчи чорагида юз берган воқеаларни баён этганида «Ўзбек вилояти», «Ўзбек мамлакатлари», «Ўзбек улуси» ҳақида тўхталиб ўтади.

      Шўролар даврида чиқарилган илмий, тарихий ва бадиий китоблар ва дарсликларда Чингизхон қўшини ва у билан эргашиб келган аҳоли мўғуллар эди, деб талқин қилинарди. Тарихий китобларни кўздан кечириш асносида шундай хулосага келдикки, бу фикр бир ёқлама экан. Чингизхон қўшинининг ўндан тўққиз қисми ҳали ислом динига ўтмаган шомоний ва мажусий туркий қабилаларнинг вакиллари экан. Туронда, жумладан, Шарқий Туронда шундай бир одат бўлганки, қайси бир қабила ҳарбий жиҳатдан қудратли бўлиб қолса, ўша қабила бошлиғи атрофига бошқа қабилаларни уюштириб, қабилалар тузилмасини тузган. Бу тузилма кучли қабиланинг номи билан аталган. Чингизхондан илгари ҳам бундай тузилмалар бўлган. Ўғузхон атрофига уюшган қабилалар ялписига ўғузлар деб, Қипчоқхон атрофига уюшган қабилалар қипчоқлар деб, Тотархон атрофига уюшган қабилалар ялписига тотарлар деб аталган. Шунга ўхшаш Чингизхон қўшини ҳам, у билан эргашиб келган аҳолининг ўндан тўққиз қисми туркий қабилаларнинг вакиллари эди, фарқи шундаки, улар ҳали ислом динига ўтмаган, шомоний ва мажусий эдилар. Шу боис улар орадан йиллар ўтгач, ислом динини қабул қилиб, Туронзаминнинг туб аҳолиси бўлмиш туркий халқларга сингишиб кетишди. Маълумки, ўша замондаги мўғул саҳросидаги турмушдан, улар забт этган ўлкалардаги, жумладан, Туркистондаги ҳаёт маданий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан анча юксак эди. Одатда илғор турмуш тарзи қолоқ турмуш тарзини ўзига бўйсундиради. Чингизийлар ва улар билан бирга келган туркий қабилалар билан ҳам худди шундай ҳол юз берган.

      Ғарб тарихчилари, айниқса, шўро тарихчилари томони-дан барлос, жалойир ва бошқа шу каби туркий қабилаларни мўғуллардан эди, Туркистонга келгач, аста-секин туркийлашиб кетган, деб келинди. Ҳозир ҳам шу нотўғри фикрни илгари сурувчи тарихчилар йўқ эмас, бундайлар ҳатто ўзбек тарихчилари орасида