жияни Убайдулла султон чиқади. У ғайратли, уқувли давлат арбоби ва шижоатли лашкарбоши эди. Унинг отаси Маҳмуд султон Муҳаммад Шайбонийхон даврида Бухоро ҳокими эди. Шайбонийхон шаҳид кетгач, Убайдулла султон 23 йил мобайнида Кўчкунчихон ва Абу Саидларнинг Бухородаги ноиби сифатида мамлакат ҳаётида катта ўрин тутади. 1533 йили хонлик мансабини эгаллайди ва Убайдуллахон деб юритила бошлайди. Гарчи Самарқанд расман пойтахт ҳисобланса-да, Убайдуллахон мамлакатни Бухорода туриб бошқаради (кейинчалик шундай бўлади ҳам – пойтахт Самарқанддан Бухорога кўчирилади). У қаттиққўллик билан иш тутади, дину диёнат бобида, яъни мафкура соҳасида қадрдон дўсти уламои киромлардан бири – тахаллуси Мир Араб бўлмиш Абдулла Сабронийга суяниб иш юритади. Тарихчи Ҳофиз Танишнинг ёзишича, Мир Араб Тошкентдан шимолроқда жойлашган Саброн шаҳрида камол топган, етук уламо бўлиб етишган. Давлат арбоби билан диний арбобнинг қадрдон дўстлигига боис шуки, Убайдуллахон ҳам ўқимишли, билимдон киши, таниқли шоир бўлган. «Убайдий», «Убайдуллоҳ», «Қул Убайдий» (Қул Хожа Аҳмадга, яъни Аҳмад Яссавийга тахассуб!) тахаллуслари билан ўзбек тилида ғазал, рубоий, маснавий ҳамда бошқа адабий жанрларда асарлар яратган, форс, араб тилларида ҳам ижод этган, «Ғайратнома», «Шавқнома», «Китоб ус-салот» («Намоз китоби») каби маснавий йўлида насиҳатнома рисолалар яратган. Унинг бизгача етиб келган қуллиёти № 8931-рақами остида Шарқшунослик институтининг Қўлёзмалар институтида сақланмоқда.
1530 йили Убайдулла султон хон ноиби бўлиб турган бир пайтда ҳам унинг ўзига, ҳам ҳамфикр дўсти Мир Арабга оғир бир синовдан ўтишга тўғри келади. Сафавийларнинг қизилбошлилардан иборат катта қўшини мамлакатимизга бостириб кириб, то Ғиждувонгача етиб келади. Эл-юрт таҳлика остида қолади. Убайдулла султон ўз қўшини билан душманга қарши чиқади. Биринчи тўқнашув жанг тақдирини ҳал қила олмайди, сабаби душман қўшини сон жиҳатдан ўзбек қўшинидан бир неча марта ортиқ эди, Убайдулла султонга Туркистоннинг бошқа вилоятларидан, жумладан, Самарқанд дан ёрдамга юборилган кучлар ҳали етиб келмаган эди. Убайдулла султоннинг қўшини кам сонли бўлгани учун эртаси куни бўлажак жангда қўли баланд келиши амримаҳол эди, лашкар орасида тушкунлик, парокандалик юз бера бошлайди. Ана шундай қалтис бир маҳалда, кеч оқшом пайтида Мир Араб ҳазратлари қўшин қошида шундай бир нутқ ирод этадиларки, бундан Убайдулла султон лашкари ўта мутаассир бўлади, руҳи кўтарилади, жанговарлиги кучаяди ва ўша хуфтондаёқ тунги ҳужумга ўтиб, душман устидан тўла ғалаба қозонади. Туркистоннинг мустақиллиги, халқимизнинг эрки, дину диёнати – мазҳаби, ор-номуси, ифтихори сақланиб қолади, Убайдулла султон (темурийларда сулола вакилларига – шаҳзодаларга нисбатан амирзода, мирзо иборалари қўлланилган бўлса, шайбонийларда эса ўғлон, султон ибораси ишлатилган, биз ҳам шунга риоя қиляпмиз) бу ғалабани унинг маънавий илҳомчиси Мир Арабга бағишлайди, кейинчалик шу ғалаба шарафига янги мадраса қуришга фармон беради. Бу