Абдуқаҳҳор Иброҳимов

Бизким ўзбеклар


Скачать книгу

деҳқончилик кўп тармоқли (боғдорчилик, ғаллачилик, шоликорлик, пахтачилик, узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик ва шу кабилар) бўлган, пиллачилик ҳам ривож топган. Ҳар бир деҳқон хонадонининг ўзига яраша (бирида кўп, иккинчисида кам) қорамоли, қўйэчкиси, қўш ҳўкизи, улови, паррандаси бўлган. Қирларда, тоғолди ҳудудларда ва тоғлик қишлоқларда лалми ғаллачилик қилинган. Ўлкамизнинг бепоён яйловларида, воҳаларга туташ ерларда халқимизнинг муайян қисми, олис ва яқин чўлу саҳроларда мамлакатимизнинг раияти ҳисобланмиш қардош туркий элатлар ва қабилалар, яъни қозоқлар, қирғизлар ҳам анъанавий чорвачилик билан шуғулланишган, тегишли давлат солиғини тўлаб, ташқи ҳужумдан ҳимояланган ҳолда ва хавф-хатарсиз яшаганлар. Бу ҳол мамлакатда, умуман чорвачиликнинг, хусусан, қўйчилик, йилқичилик ва туячиликнинг ривожига омил бўлган, эл-юртда тўқчиликни таъминлаган. Бадавлат чорвадорлар эса барча бой фуқаролар сингари моли тўла нисобга етгач, Аллоҳ таолонинг фарзларидан, Ислом динининг рукнларидан бири бўлмиш закот берганлар. Закот берувчи киши мусулмон, озод, балоғатга етган, ақли расо одам бўлиши шарт. Туя, қўй, эчки, қорамолга закот берилган, агар улар далаларда, чўлу саҳроларда боқилса. Уйда ишлатиб, юк ташиб, боқилган ҳайвонларга закот бериш буюрилмаган. Бештадан кам туяга закот йўқ, агар бештага етса, далада ўтласа, бир йил ўтса, тўққизтага етгунча битта қўй берилади, ўнтага етса иккита қўй берилади то ўн тўрттага етгунча… Агар йигирма бештага етса, то ўттиз бештага етгунча битта икки ёшга қадам қўйган бўталоқ берилади…

      Ўттизтадан кам қорамолга закот йўқ. Агар ўттизтага етса, яйловда ўтласа, бир йил ўтса, икки яшар битта бузоқ берилади. Қирқтага етганда битта уч яшар бузоқ берилади ва шу тартибда давом этади.

      Қирқтадан оз қўйга закот йўқ, қачон қирқта бўлса, яйловда боқилса, бир йил тўлса, бир юз йигирмата бўлгунча битта қўй берилади, бир юз йигирмата бўлса икки юзтага етгунча иккита қўй берилади, икки юз битта бўлса учта қўй, тўрт юзтага етса тўртта қўй, кейин ҳар юзта қўйга битта қўй берилади, масалан, мингта қўйнинг закоти ўнта қўйдир. Закотда қўй билан эчкининг ҳукми бир.

      Отнинг закоти бундай: агар от яйловда ўтласа, айғир ва бия аралаш бўлиб бир йил ўтган бўлса, ҳар бир отга битта олтин танга закот берилади. Закот учун молнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам берилмайди, балки ўртачаси берилади ҳамда кам таъминланган кишиларга топширилади.

      Юқоридаги қоидалар буюк ватандошимиз Бурҳониддин Марғиноний томонидан ишлаб чиқилган шаръий ҳукмлардир. Бу ҳукмларга Имом Аъзам фатволари асос қилиб олинган. Закотнинг моҳияти шундаки, унинг воситаси ила фуқаролар ўртасидаги иқтисодий жиҳатдан тафовутни тартибга солиб туради. Ўзбекистон фуқаролари ўртасида иқтисодий жиҳатдан тафовут меъёрида бўлиши лозимлиги ҳақида илгари суриб келинаётган йўл-йўриқлар ва кўрсатмалар замирида ҳам умумхалқ ва умумдавлат манфаатлари назарда тутилгани ётадир. Чунки фуқаролар ўртасидаги иқтисодий жиҳатдан тафовутнинг ҳаддан ташқари ошиб кетиши жамият қатламлари