Абдуқаҳҳор Иброҳимов

Бизким ўзбеклар


Скачать книгу

Муҳаммад Шайбонийхон ана шу Абулхайрхоннинг невараси, Мирзо Улуғбекнинг авараси эди. Шу ўринда сўзни Шайбонийхоннинг ўзидан эшитсак, бу борадаги фикримиз янада равшан тортади. 1500 йили Самарқанд тахтининг соҳиби, Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлгач, Шайбонийхон барча самарқандликларни пойтахт яқинидаги Конигил яланглигига тўплаб, катта бир издиҳом ўтказиб, халойиққа қарата, жумладан, бундай дейди: «Бизлар гарчи ўзбеклар деб аталсак-да, аслида келиб чиқишимиз бўйича худди сизлар каби турклармиз, қонимиз, тилимиз, динимиз, мазҳабимиз бир!»

      Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозим деб биламизки, Шимолий Туркистон ўлкаларида яшаган ўзбеклар билан мова роуннаҳрлик ўзбеклар азалдан қиз олиб, қиз бериб, қудаандачилик қилиб келишган. Бу удумни Амир Темур бобомиз ҳам қўллаб, тўнғич ўғли Жаҳонгир мирзони Ўзбекхоннинг Севинчбека исмли неварасига уйлантирган эди. Жаҳонгир мирзо бевақт вафот этгач, соҳибқирон бошқа ўғиллари ёки невараларидан бирини эмас, балки шу келинидан туғилган невараси Муҳаммад Султонни тахт вориси – валиаҳд деб эълон қилган эди. Муҳаммад Султон ҳам бевақт вафот этгач, унинг укаси Пирмуҳаммад мирзони тахт вориси деб белгилаган эди. Бундай фармони олийларнинг маълум сиёсий аҳамияти бор эди, албатта. Шайбонийхоннинг ўзи ҳам Бобурнинг опаси Хонзодабегимга уйланган эди. Темурийлар билан Шайбонийларнинг қуда-андачилиги ўзи бир мавзу бўлиб, алоҳида бир тадқиқотни тақозо этади.

      Муҳаммад Шайбонийхоннинг шахси, сийрати қандай бўлган? Энди шу ҳақда икки оғиз сўзлаймиз. Уни болалигида Шоҳибек, Шоҳбахт деб аташган. Шайбоний исми эса унинг ўзи катта бобоси шарафига танлаб олган тахаллуси бўлиб, шу номи билан тарихда қолган. У Ясси ва Бухоро мадрасаларида таҳсил кўради, замонасига яраша билим олади, истеъдодли шоир сифатида ҳам танилади, туркий (ўзбек) тилида мумтоз аруз вазнида шеърлар ёзади, булардан сақланиб қолганларини ўқисак, Шайбонийнинг шеърият тили, орадан 500 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, худди ҳозирги замон ўзбек адабий тили – бугунги шеърият тилимизнинг ўзи-ку, деган хулосага келамиз. Мана, фикримизнинг тасдиғи учун унинг бир ғазалидан қуйидаги байтни ўзингиз ўқиб кўринг:

      Бутхонани вайрон қилиб, майхона ободон қилиб,

      Гулхан эмасдур манзилинг, гулшан ҳавас қилғил равон.

      Юқоридаги мисраларга изоҳ ҳожат бўлмаса керак, ўзи шундоқ ҳам тушунарлидир.

      Шайбонийхонга «Ҳазрати имом аз-замон халифат ур-раҳмон» унвони берилган. У хатми Қуръон қилган қорий-ул-қурро бўлиб, тақводорликда уни темурийлардан Шоҳрух мирзога қиёс қилиш мумкин. Бироқ Шоҳрух мирзо охират ташви шига, руҳонийлар суҳбатига, диний китоблар мутолаасига кўпроқ берилиб кетиб, давлат ишларини малика Гавҳаршодбегим ихтиёрига топшириб қўйиб, соҳибқирон тузган улкан давлатнинг ғарбий ҳудудларини қўлдан чиқариб юборган бўлса, Шайбонийхон эса давлат юмушини биринчи ўринга қўйиб иш юритди. Етти-саккиз йил ичида, яъни 1500–1507 йиллар ичида тиним билмай ҳаракат қилиб, от суриб, Шоҳрух мирзо ўғли Мирзо