Соҳибқирон Амир Темур бобомиз томонидан қурдирилган салобатли ва маҳобатли мақбара кўз олдимизда гавдаланади. Шу боисдан бўлса керак, ҳожатбарор Турк пири зиёратига отланган ҳожатталаб кишилар, шу жумладан, Тошкент аҳли Туркистон шаҳрини тўғридан-тўғри «Султоним», «Ҳазрат Султоним» деган ҳолатларга шоҳид бўлганмиз. Зиёратдан кейин, чунончи, фарзандталаб кишилар дуолари Аллоҳ таоло томонидан ижобат бўлиб, ўғил кўрсалар номини Султон, қиз кўрсалар эса Мирзо Улуғбекнинг ўша табаррук тупроққа дафн этилган қизининг отига нисбат бериб, Робия, Робиясултонбегим деб аташлари урфдир.
Сўнгги йилларда чет элларда, айниқса, бизга қўшни туркий давлатларда Аҳмад Яссавий ижодига қизиқиш кучайиб кетди. Халқаро илмий-адабий анжуманларда Аҳмад Яссавий бобомиз турк дунёси шеъриятининг отаси деб ҳақли суратда эътироф этилмоқда. Маълумки, Аҳмад Яссавий «Девони ҳикмат»ида Туркистонни, туркий тилни кўп улуғлайди, «Отим Аҳмад, Туркистондир элим менинг», «Юртим турк, элим турк, тилим туркдир. Тилим кўп тиллардан кўрукликдир» дея фахрланади. Аҳмад Яссавий Туркистон сўзини тилга олганда она Ватанимизни кўзда тутган, албатта. Бироқ баъзи олимлар, айниқса, умумтарихимиз, шу жумладан, шаҳарларимиз тарихидан, бу ўринда Туркистон шаҳри ўтмишидан камроқ хабардор айрим адабиётчилар «Аҳмад Яссавий Туркистон сўзини ҳам Туркистон мамлакати маъносини, ҳам Туркистон шаҳри маъносини англатишда қўллаган» деган фикрни билдирадилар. Бу бир томонлама мулоҳазадир. Чунки Аҳмад Яссавий замонида бу шаҳар Ясси деб аталган, орадан камида 3 асрча вақт ўтгач, у Туркистон деб юритила бошлаган. Бинобарин, Аҳмад Яссавий Туркистон деганда бутун она Ватанимизни назарда тутган, дейиш ҳақиқатга мувофиқдир. Масаланинг яна бир муҳим томони шуки, қардошларимиз, жумладан, турклар, қозоқлар, қирғизлар, татарлар Яссавий шеърияти билан туркий (ўзбек) тилидаги аслиятидан ўз тилларига қилинган таржималар орқали, яъни билвосита танишмоқдалар ҳамда халқаро илмий-адабий анжуманларда ана шу таржималарга асосланиб сўз юритмоқдалар. Қардош халқлар тилларида чиқадиган баъзи вақтли матбуот саҳифаларида Яссавий ҳикматларидан таржималар чоп этилганда, бу матн ўзбекчадан таржима экани ва таржимоннинг номи кўрсатилмаётир. Натижада тарихдан бехабар ёш ўқувчиларда Аҳмад Яссавий ва унинг ижоди ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Барча туркий халқлар даврасида фақат бизким, ўзбеклар биринчи ворис ўлароқ Аҳмад Яссавий шеъриятини аслиятида – бевосита ўқиймиз, чунки Аҳмад Яссавий тили ўзбек адабий тилининг халқчил ва ёрқин намуналаридан биридир. Аҳмад Яссавий «Ҳикмат»и барча ўзбеклар учун худди шу замонда ёзилгандек тушунарли ва ёқимлидир. Бу ҳолатдан англашиладики, бизким, ўзбеклар ўз ёзма адабий тилини камида 9 асрдан бери ардоқлаб, замон синовларидан омон-эсон сақлаб қолиб, тобора бойитиб ва жило бериб келаётганимиз билан фахрлансак, арзийди. Бас шундай экан, бу буюк ижодкорнинг биринчи ва асосий вориси сифатида Аҳмад Яссавийнинг