Абдуқаҳҳор Иброҳимов

Бизким ўзбеклар


Скачать книгу

бирор қабристонни обод қилмаган бўлсин! Айниқса, темурийлардан Шоҳрух мирзо, Мирзо Улуғбек, Султон Ҳусайн Бойқаро ва Бобур мирзо Амир Темур удумини изчил давом эттиришган. Бир оддий мисол. Бобур Кобулдалигида шаҳар марказидаги бир бўлак ерни варасаларидан нақд ақчага сотиб олиб, янги боғ яратади. Халойиқ уни «Боғи Бобур» деб атай бошлайди. Орадан йиллар ўтиб, вақти қазоси етиб, Ҳиндистонда вафот этгач, васиятига кўра уни олиб келиб, ана шу боққа дафн этадилар. «Боғи Бобур» шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сўнгги ва абадий оромгоҳи бўлиб қолади.

      Тўртинчи боб

      ДАВЛАТИМИЗНИ ЮЗ ЙИЛ БОШҚАРГАН СУЛОЛА

      Темурийлардан кейин ҳокимият тепасига келган шайбонийлар ҳукмронлик қилган деярли бир асрлик замонда ҳам, бир оз танаффус билан бунёдкорлик ишлари давом эттирилди. Бу сулоланинг асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон ҳақида Бухоро шаҳрининг 2500 йиллигига бағишланган анжуманда холисанилло фикр билдирилгани кўп савобли иш бўлди, чунки то шу пайтга қадар шўролар даврида чиққан тарихга оид китобларда ҳам, бадиий адабиёт – романларда ҳам умуман шайбонийлар сулоласи, хусусан, сулолабоши Муҳаммад Шайбоний ҳақида бир томонлама, чалкашу нотўғри фикрлар билдирилди, айниқса, видеофильмларда тўпори дашт одами сифатида тасвирланди. Ўша анжуманда «Шайбонийхон Бухоро мадрасаларида таҳсил кўрган, ўқимишли одам бўлган. Бухорода олган илм-маърифатини ҳокимият тепасига келгач, яна эл-юртига қайтариб берган» деб холис ва тўғри фикр билдирилишининг ҳам маънавий, ҳам тарихий, ҳам сиёсий аҳамияти бор. Маънавий аҳамияти шундаки, ўзбек давлатчилиги тарихида муайян из қолдирган, эл-юрт мустақиллиги учун, марказлашган ҳокимият ўрнатиш учун, мамлакат бир бутунлиги учун, элимизда анъанавий тарзда жорий бўлиб келаётган диний мазҳабимизни сақлаб қолиш учун тинимсиз кураш олиб бориб, шундай жанглардан бирида шаҳид кетган, қарийб 100 йил давом этган шайбонийлар давлатининг асосчиси, сулолабоши Муҳаммад Шайбонийхоннинг унутилаёзган номи вафотидан кейин орадан 488 йил ўтгач, илк бор илиқ сўзлар билан юксак минбардан туриб эсланди, унинг руҳи шод этилди.

      Шайбонийхон ҳақида билдирилган фикрнинг тарихий аҳамияти шундаки, ўтмишда ўтган тарихий шахсга баҳо беришда унинг қайси бир сулола вакили бўлганига қараб эмас, балки фаолиятига қараб, эл-юртига қандай хизмат қилганига, ўзидан кейин нималар қолдирганига қараб баҳо бериш лозимдир. Шўролар замонида (ҳатто ҳозир ҳам) халқимизинг бир фарзандини яхшироқ, ижобийроқ қилиб тасвирлаш учун ик-кинчи бир тарихий шахсни жўнроқ, салбийроқ қилиб талқин қилиш одат тусига кирган эди. Бу ўринда Бобур билан Шайбонийхоннинг бир-бирига ўта зид қилиб талқин қилинганини мисол тариқасида келтириш мумкин. Адолат билан иш тутсак, Бобурни ҳам халқимиз тарихида тутган ўрни бўйича улуғлайверайлик, шу билан бирга Шайбонийхоннинг тарихий хизматларини ҳам унутмайлик. Шунда ўтмишимиз ҳақида тўғри тасаввурга, ҳаққоний тарихга эга бўламиз.

      Билдирилган фикрнинг сиёсий аҳамияти шундаки,