ўзаро ички низоларга барҳам бериб, марказлашган давлат тузиб, раиятнинг тинч-хотиржам турмушини таъминлаган, тижорат аҳлига хавф-хатарсиз карвон йўлларини очиб берган ҳукмдор сифатида фуқаролар ҳурматига эришган бир пайтда – 59 ёшида ногаҳоний шаҳид кетишига ҳам аслида эътиқодда собит эканлиги сабаб бўлган. У очиқ жангда – кураш майдонида эмас, балки макр-ҳийла билан маҳв этилади. 1510 йили Марв шаҳри яқинида сафавийлар томонидан қўйилган пистирмага тушиб қолиб, шаҳид бўлади. Ғанимлари унинг азиз бошини шариати исломияга мутлақо зид бўлса-да (ислом дини бўйича Қуръони каримни ёд билган кишининг боши дахлсиз, доимо омондадир), танасидан жудо қилиб, ўзлари билан олиб кетадилар. Бош чаноғига олтиндан гардиш қоплаб, қадаҳ сифатида – мўнди сифатида фойдаланадилар. Шайбонийхоннинг бошсиз жасадини қариндошлари Самарқандга келтириб дафн қиладилар, қабр устига сағана ўрнатадилар. Бу сағана ҳозир Регистон майдонининг шимоли-шарқ тарафидадир.
Шайбонийлар сулоласи асосчисининг қисмати ана шундай тугаган бўлса-да, унинг жиянлари томонидан тезда яна қаддини ростлаб олади, ғанимлар мамлакатимиз тупроғидан қувиб чиқарилади. Миллий давлатимиз ва дину диёнатимиз сақланиб қолинди. Шайбонийлар давлати айниқса бу сулола вакилларидан Убайдуллохон (1533–1539), Иккинчи Абдуллахон (1557–1598) ҳукмронлик қилган йилларда мусулмон шарқида йирик ва қудратли давлатлардан бирига айланган эди. Сафавийлар томонидан ҳам, Бобур авлодлари томонидан ҳам бир неча марта юртимизга ҳужум уюштирилган бўлса-да, ҳар гал муваффақият билан даф этилади, мамлакат ҳудуди Муҳаммад Шайбонийхон тиклаб кетган миқёсда сақлаб қолинади. Ташқи душманлар орасида «Туркистон мисоли асаларилар уяси, асал ейман деб бош суққан кимса, заҳар ейди», деган ибора тарқалади.
Ҳурматли ўқувчиларимизда бизким, ўзбекларнинг бу миллий давлати ҳақида бирмунча кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш ниятида шайбонийлардан Убайдуллохон ва Иккинчи Абдуллахон ҳақида қисқача тўхтаб ўтамиз. Зотан, бу икки тарихий сиймо нафақат шайбоний ҳукмдорлар орасида, балки умумўзбек миллий давлатчилиги тарихида катта ўрин тутган, салмоқли яхши из қолдирган, нозик, қалтис ва таҳликали замонларда фаолият кўрсатган. XVI асрда бутун умри бўйи элим деб, юртим деб ёниб яшаган аждодларимиздандир.
Давлат бўлар экан, унинг мафкураси ҳам бўлади. Лекин ҳамма гап ана шу мафкуранинг қандайлигида, нимани, қандай қарашларни мафкура деб танлаб олишдадир. Мафкуралар бўлар экан, уларнинг ўртасида кураш ҳам бўлиши, ўзаро муросаи мадора ҳам бўлиши мумкин. Мафкуравий курашнинг эса хили ва тури кўп. Шулардан бири, бизнингча, энг номақбули – бу, мазҳаблараро курашдир. Чунки турли динлараро курашдан мазҳаблараро кураш даҳшатлироқдир. Мазҳаблараро кураш бир дин доирасида бўлади, яъни дини биру мазҳаби бошқа кишилар орасида кечади, бундан мазкур динга эътиқод қилувчиларнинг бари жабр кўрадилар. Ислом динидаги асосий икки йўналиш – суннийлик билан шиалик тарафдорлари ўртасида олис ўтмишда ва яқин кечмишда юз берган тўқнашувлардан икки тараф ҳам кўп талафот кўргани тарихдан маълум.
XIII