кўплиги; Мўғулистон тарихий жиҳатдан учта бўлганлиги; Осиёнинг маркази қаердалиги; туркий халқлар ичида биринчи бўлиб қайси халқ ўтроқлашгани; қишлов ва ёзлов – халқнинг ҳаётий тажрибасидан келиб чиққан ижобий тамойил эканлиги; аждодларимиздан Жавҳарийнинг дунёда илк бор қанот ясаб учганлиги ва ҳоказо.
Илмий тафаккур ҳам қизиқарли: «Аждодларимиз меҳнат қилишни ҳам, шунга яраша яхши яшашни ҳам билишган!» «Турон, Туркистон ҳудудларида туркий тил ва туркий адабиётнинг хронологик пайдо бўлиши».
Турон, Туркистон, Ўзбекистон давлатчилик тарихига оид қизиқарли фикрлар айтилган. Россия империясининг бизнинг ҳудудларимизни босиб олиши, мустамлакачилик ва тоталитаризм ғояларининг оқибати керакли даражада изоҳланган. Бундай қийин давр шароитларида халқимиз ўзининг миллийлик ғояси, маънавий бойлигини сақлаб қола олганлиги ҳақидаги фикрлар ўқувчига янада шижоат бағишлайди. Мустақиллигимизнинг назарияси ва амалиёти, миллий истиқлол мафкураси борасида бажарилаётган ишлар ҳар томонлама баён этилади. Бу масалаларни ёритишда муаллифнинг ёзувчилик ва олимлар маҳорати яққол кўриниб турибди.
Бундан роса 11 йил аввал китобнинг биринчи нашри ҳақида ёзган мақоламда («Маърифат», 2000 йил 1 июль) «Бизким, ўзбеклар» китобини муҳтарам адиб Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг шоҳ асари деб биламан. Бу китоб тўғрисида ҳали кўп фикрлар билдирилмоғига имоним комил», деб ёзган эдим. Ўтган давр шу фикрнинг тўғрилигини тўлиқ тасдиқлади.
БИРИНЧИ ҚИСМ
ТАЛҚИН
Биринчи боб
КЎЧМАНЧИ ТУРМУШ ВА ЎТРОҚ ҲАЁТ
Шу бобни ёзишда тарих фанлари доктори Ашраф Аҳмедов билан суҳбатлашиб, қимматли маслаҳатларини олдик. Атоқли олим кўчманчилик ҳақида, жумладан, бундай деди: «Ибтидоий жамоада овчи лик ва балиқчилик билан кун кўрилган. Лекин бу ҳали кўчманчилик эмас эди. У жамоанинг турмуш тарзини санқиб юрувчилик (русчада бродяжничество) дейиларди. У даврда ҳали ҳайвонлар хонакилаштирилмаган эди. Ибтидоийликнинг юқори поғонасида ҳайвонлар хонакилаштирилади. Бу даврга келиб ўша санқиб юрувчилар ўтроқлашади. Сўнг уларнинг сони ва молларининг ҳам сони ортганидан сўнг молларни тўйдириш учун катта масофаларга кўчишга тўғри келади. Ана шу тариқа Овросиёнинг чўл ва саҳро зоналарида қўй-эчки, сигир гўштини истеъмол қилувчилар кўчманчилик поғонасига кўтарилади. Овруполиклар эса кўчманчиликни бошларидан кечирмаганлар. Демак, ҳозирги халқларнинг барчасининг аждодлари кўчманчи бўлмаганлар. Иқлимлар ўзгариши натижасида мева ва кўкатлар ейишга талаб пайдо бўлиши билан ва баъзи бошқа сабабларга кўра кўчманчилар ўтроқлашадилар».
Алқисса, муҳтарам Ашраф домланинг юқорида келтирилган фикрларига қўшимчалар киритиш билан кўчманчилик ҳақида ҳикоя қилишда давом этамиз. Энг ибтидоий жамоада аҳоли овчилик ва балиқчилик қаторида теримчилик билан шуғулланган, яъни она табиатда тайёр емишлар – табиат саховати – ёввойи мевали дарахтларнинг ҳосиллари