ишга олиш ғалати қарор эди, – деб тан олди Элкорн. – Лекин мен унда катта салоҳият борлигини кўрдим. Стив жуда ақлли эди, электроникани севарди ва қаттиқ ишлашни хоҳлаётганди”. Элкорн уни Дон Лэнг исмли димоғдор муҳандисга бириктириб қўяди. Эртаси куни у шикоят қилди: “Менга кимни қўшиб қўйдинглар? Қандай сассиқ хиппи! Бунинг устига сурбет”. Жобс агар фақат мева еб юрса, нафақат шиллиқ пардадан, балки тер ҳидидан ҳам халос бўлиб, тинимсиз ювинишга ва дезодорантдан фойдаланишга ҳожат қолмайди деб ўйлаганди. Амалда бу янглиш бўлиб чиқди.
Лэнг ва бошқа ходимлар Жобснинг бўшатилишини сўрашди, лекин Бушнелл бошқача қарор қабул қилди. “Мени унинг одобсизлиги ҳам, ҳиди ҳам қизиқтирмасди, – дейди у. – Стив жиззаки эди, лекин менга ёқарди. Ва мен унга тунги сменада ишга чиқишни буюрдим. Шундай йўл билан мен уни компанияда қолдиришга муваффақ бўлдим”. Жобс ишга Лэнг ва бошқалар уйга кетганидан кейин келарди ва тонггача ишларди. Лекин бундай график билан ҳам у ўтакетган сурбет деган ном чиқарди. У аҳён-аҳёнда бошқа ходимларга дуч келиб қолса, уларни “эси паст моллар” деб ҳақорат қилиш имкониятини қўлдан бой бермасди. Жобс кейин ҳам шу фикрида қолди. “Бошқалар ҳеч вақога арзимаслиги ажралиб туришимнинг сабаби эди”.
Стив манманлигига қарамай (балки айнан шунинг учун), Atari’нинг хўжайинига ёқиб қолди. “Бошқалардан фарқли равишда у файласуф эди, – деб эслайди Бушнелл. – Биз хоҳиш-ирода эркинлиги ва тақдир ҳақида тез-тез фикр юритардик. Мен ҳаммаси олдиндан белгилаб қўйилган, биз дастурлаштирилганмиз, бошқаларнинг ҳаракатларини олдиндан айтиб бериш мумкин дердим. Стив эса бундай деб ҳисобламасди”. Жобс қаттиқ хоҳиш дунёни ўзгартиришига ишонарди.
У Atari’да кўп нарса ўрганди. Қизиқарли ва замонавий дизайнни таклиф қилиб, айрим ўйинларни такомилига етказишда ёрдам берди. Бушнеллнинг бўрттириб кўришни яхши кўриши, ўз айтганини қилдиришга интилиши Жобсга ўтди. Яна Жобсга Atari ўйинларининг оддийлиги ёқди. Уларга қўлланма керак эмасди, демак улар ўлгудай маст одам ҳам тушуниб оладиган даражада осон эди. Масалан, “Юлдузлар йўли” ўйинида бор-йўғи 2 та қоида бор эди: “1. Танга киритинг. 2. Клингонларга чап беринг”.
Ҳамкасбларининг ҳаммаси ҳам Жобсдан ўзини олиб қочмасди. У Рон Уэйн исмли конструктор билан дўстлашиб қолди. У Atari’гача ўйин автоматлари ишлаб чиқарган ўзининг муҳандислик-техник компаниясини бошқарганди. Фирма охир-оқибат касод бўлганди. Ўз компаниясига асос солиш мумкинлиги ҳақидаги ўй Стивни ҳаяжонга келтирди. “Рон ажойиб эди. Унинг ўз фирмаси бўлганди. Мен олдин бундай инсонларни ҳеч учратмагандим”, – дейди Жобс. У Уэйнга ўйин автоматларини ўйлаб топадиган ва тайёрлайдиган ўз корхонасини очишни таклиф қилди; 50 минг доллар кредит олишини айтди. Лекин Рон бир марта хонавайрон бўлганди, шу сабабли рад этди. “Мен бу 50 мингни йўқотишнинг энг оддий усули деб жавоб бердим, – деб хотирлайди Уэйн. – Лекин Стив ўз бизнесини бошлаш ғояси билан ёнгани менга ёққанди”.
Бир куни Жобс Уэйннинг уйига меҳмонга